ҲАМИША ҚАЛБИМИЗДА САҚЛАНАДИ

ҲАМИША ҚАЛБИМИЗДА САҚЛАНАДИ

Noyabr 6, 2019 0 By admin
21

Шафқатсиз ўлим кўп йиллар мобайнида вилоят Давлат солиқ бошқармаси матбуот хизматига раҳбарлик қилган фахрий журналист Қурбон Эгамбердиевни орамиздан олиб кетди.  Айни пайтда кексалик нафақасида бўлган Қурбон Эгамбердиев 87 ёшида вафот этди.

Қурбон Эгамбердиев 1933 йилда Қарши шаҳрида туғилган. 1956 йилда Ўзбекистон Давлат университети (ҳозирги СамДУ) филология факультетини тугатган.

У Қашқадарё вилоят телерадиоси асоси ва мактабини яратган. 36 йил мобайнида вилоят телерадиокомпаниясига раҳбарлик қилган.

Қурбон Эгамбердиев 1994 йилдан 2014 йилга қадар вилоят Давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати раҳбари сифатида фаолият кўрсатди. Бу даврда у қашқадарёлик солиқчиларнинг машаққатли иш фаолиятига оид кўплаб телекўрсатув, радиоэшиттириш ва мақолаларни республика ва вилоят телевиденияси, радиоси ҳамда газета ва журналларда мунтазам ёритиб борди.

Мамлакатимиз солиқ тизимидаги янгилик ва ўзгаришлар моҳиятини солиқ  тўловчиларга етказишда барчага ўрнак кўрсатиб ишлади.

Устоз журналист Қурбон Эгамбердиев ҳамкасбларига, айниқса, ёш солиқчиларга ҳаётда тўғрисўз, ҳалол ва адолатли бўлиш кераклиги ҳақида ҳар доим панд-насиҳатлар қиларди, ҳаётий маслаҳатлар берарди. Ўзи ҳам бутун ҳаёти давомида ана шу аъмолларга амал қилиб яшади.

Қурбон Эгамбердиев забардаст адиб сифатида ҳам китобхонлар қалбидан кенг жой олган. Унинг одоб-аҳлоқ мавзусидаги воқеий ҳикоялардан иборат «Ибодат ва қабоҳат», «Меҳр ва қаҳр», «Ҳаётим мазмуни», «Армон ва дармон» ҳамда «Диёнат ва хиёнат» номли китоблари нашр этилган.

Қурбон Эгамбердиев самарали ижоди ва мазмунли меҳнат фаолияти туфайли давлатимизнинг юксак мукофотлари – «Дўстлик» ва «Меҳнат шуҳрати» орденлари, қатор медаллар ҳамда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони билан тақдирланган.

Самимий ва дилкаш инсон, меҳрибон устоз Қурбон Эгамбердиевнинг табаррук хотираси ҳамиша қалбимизда сақланиб қолади.

ВИЛОЯТ ДАВЛАТ СОЛИҚ БОШҚАРМАСИ ЖАМОАСИ