СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАР ИСЛОҲОТЛАРДАН МАМНУН

СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАР ИСЛОҲОТЛАРДАН МАМНУН

Oktabr 30, 2019 0 By admin
21

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига кўра 2019 йилнинг 1 октябрдан ягона ер солиғи тўловчи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида ҳисобга олиниши белгиланган эди.

Бугун вилоятнинг барча туманларида давра суҳбатлари ва семинарлар ташкил этилиб, солиқ тўловчиларга кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

 Миришкор туманида 578 та қўшилган қиймат солиғи тўловчилари мавжуд. Шундан 539 таси пахта етиштирувчи фермер хўжаликларидир.

Вилоят Давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари томонидан ушбу туманда ўтказилган семинарда иштирокчилар ўзларини қийнаётган барча саволларга жавоб олдилар.

Фармондан келиб чиқиб, экспортга йўналтирилган маҳсулотларни етиштириш учун кетган хом ашё таркибидаги қўшилган қиймат солиғи суммаси ишлаб чиқарувчи, яъни фермерга қайтариб берилиши, шунингдек, фермер хўжаликларга 2018 йилнинг 1 октябридан илгари бўлмаган даврдаги пахта хом ашёсини етиштириш учун ишлатилган товарлар (иш, хизматлар) учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилгани фермер хўжаликларининг реал даромадлари ортишига имкон бериши таъкидланди.

– Солиқ қонунчилигида жуда катта ўзгаришлар бор. Улар билан яқиндан танишмасдан туриб, фаолият кўрсатиб бўлмайди, – дейди ҳисобчи Абдуғани Арзиқулов.- Мутахассислар томонидан соҳа вакилларига қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш ҳамда унинг «айланиш» механизми орқали хўжаликлар кўрадиган фойда, миллий иқтисодиётимизнинг ўсиш жараёнлари аниқ мисоллар ёрдамида кўрсатиб берилди. Ўтказилаётган семинарларда мавжуд саволларга атрофлича жавоб оляпмиз. Бу эса иш фаолиятимизда жуда муҳим аҳамиятга эга.

Жорий йилнинг 26 сентябрь куни Президентимиз томонидан «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони имзоланди.

Фармон билан республикамизда қўшилган қиймат солиғи ставкаси 2019 йил 1 октябрдан бошлаб, 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди.

-Қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш тартиби бироз мураккаброқ. Шу сабабли ҳам туманда фермер хўжаликларининг ҳар 10 тасига бир нафардан солиқ идораларининг малакали ходимлари бириктирилди. Улар жараёнда вужудга келаётган саволларга жавоб бериб келмоқдалар, – дейди Миришкор тумани Давлат солиқ инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ҳамидулло Оймахмедов. – Солиқ тўловчиларни қийнаётган барча масалаларга ечим топишга кўмаклашишга доим тайёрмиз. 

Бир сўз билан айтганда қабул қилинган ҳужжатлар фермер хўжаликлари даромадини ошишига, уларга қулайликлар яратишга хизмат қилади. 

Ф. ЖАББОРОВ,

вилоят Давлат солиқ бошқармаси шўъба бошлиғи.