ФЕРМЕРЛАРГА БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИ ЮРИТИШДА СОЛИҚ ОРГАНЛАРИ АМЛИЙ ЁРДАМ БЕРАДИ

ФЕРМЕРЛАРГА БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИ ЮРИТИШДА СОЛИҚ ОРГАНЛАРИ АМЛИЙ ЁРДАМ БЕРАДИ

Oktabr 4, 2019 0 By admin
16

Мамлакатимизда амалга оширилаётган солиқ ислоҳотларининг навбатдаги босқичи  сифатида товарлар ва хизматлар таннархини пасайишига таъсир қилувчи қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини яратиш, солиқ ва божхона имтиёзларини қайтадан кўриб чиқиб, имтиёзларни бериш амалиётини тартибга солиш орқали ҳақиқий рақобат майдонини яратиш кейинги вазифа сифатида белгилаб берилган эди.

Шу мақсадда жорий йилнинг 27 июнь куни Президентимизнинг «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинган эди.

Мазкур ҳужжатга кўра, 2019 йилнинг 9 ойида пул айланмаси (тушуми) 1 млрд. сўмдан ошган ёки 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ер майдонларига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилари қўшилган қиймат солиғи тўловчиси ҳисобланиши ва белгиланган тартибда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиши белгиланди.

Эслатиб ўтиш жоизки, фармонда 2019 йил 1 августдан қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиши мумкинлиги белгилаб қўйилганди.

Шу билан бирга, фармонга мувофиқ пахта хомашёсини ишлаб чиқарувчи хўжалик субъектлари 2019 йил ҳосилидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтадилар.

Бунда уларга 2018 йилнинг 1 октябридан илгари бўлмаган вақтда ҳақиқатда олинган ва пахта хомашёсини етиштириш учун ишлатилган товарлар (иш, хизматлар) учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилади.

Солиқ қонунчилигидаги шу каби янгиликлар мазмун-моҳиятини етказиш,  фермер хўжаликлари ва кластер ташкил этган корхоналар раҳбар ва бош ҳисобчиларининг муаммоларини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Фазлиддин Умаров Қарши тумани фермер, деҳқон ҳужаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги  «Бухгалтерия маркази»да бўлди.

Фермер хўжаликлари ва кластер ташкил этган корхоналар раҳбарлари ҳамда уларга хизмат кўрсутувчи хисобчилар билан учрашиб, янги солиқ тўлаш режимига ўтиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Вилоятимиздаги жами 3 164 та ягона ер солиғи тўловчи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилари 2019 йилнинг 1 октябрдан қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтади.

Қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтаётган фермер хўжаликларининг бухгалтерия ҳисобини тўғри юритишларига амалий ёрдам бериш мақсадида уларнинг ҳар 10 тасига бир нафардан, жами 426 нафар солиқ ва молия идораларининг малакали ходимлари бириктирилди.

– Қарши туманида 334 та пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари мавжуд, – дейди «Бухгалтерия маркази» раҳбари Қаҳрамон Дилмуродов. – Улар жорий йилнинг 1 октябрдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтадилар. Фермер хўжалиги раҳбари ва бош ҳисобчилари олдида қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш, ҳисоботларни тайёрлашда муаммолар юзага келиши мумкин. Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари марказимиз билан биргаликда фермерларга бухгалтерия ҳисобини юритиш ва ҳисоботларни тайёрлашда яқиндан кўмак бериб келмоқда.

–    Қўшилган қиймат солиғини 20 фоиздан 15 фоизга туширилганлиги фермер хўжаликлари учун анчагина маблағ тежалишига олиб келади. Буни биргина «Рўзиев Дониёрбек» фермер хўжалиги фаолияти мисолида кўрганимизда режага кўра ушбу хўжалик 240 тонна пахта сотадиган бўлса, ҚҚС миқдорининг пасайтирилгани ҳисобидан 21 миллион  сўм даромад қилади, – дейди фермер хўжалиги ҳисобчиси Эркин Пўлатов.

Шундан сўнг Қарши шаҳридаги «Ўзбурғунефтгаз» акциядорлик компанияси мажлислар залида амалий семинар ташкил этилди. Тадбирда янгиликлар кўргазмали воситалар ёрдамида тушунтирилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди.

– Бизнинг корхонамиз Қарши туманидаги фермер хўжаликлари томонидан етиштирилаётган пахта хом ашёсини қайта ишлаб, маҳсулот чиқаришга мўлжалланган. Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан қўшилган қиймат солиғини 20 фоиздан 15 фоизга туширилиши фермер хўжаликлари учун катта имконият бўлиб, ўз навбатида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларимизнинг таннархи тушишига ҳам сабаб бўлади – дейди «Султонтекс» пахта кластери раҳбари ўринбосари Дилмурод Менглиқулов.

Бундай тадбирларни барча туманларда ўтказиш режалаштирилган. Чунки солиқ тизимидаги  ўзгариш ва янгиликлардан кенг жамоатчиликни воқиф қилиш, тадбиркорларга бу борада ҳар томонлама кўмак бериш соҳа вакилларининг асосий вазифаси ҳисобланади.

З. КЕЛДИЁРОВ