АҲОЛИ МУРОЖААТЛАРИ ҚАНОАТЛАНТИРИЛДИ

АҲОЛИ МУРОЖААТЛАРИ ҚАНОАТЛАНТИРИЛДИ

Sentabr 25, 2019 0 By admin
32

Халқ дардини билиш, муаммоларига ечим топиш учун албатта уларнинг ҳузурига бориш энг самарали иш ҳисобланади. Халқимизнинг турмуш тарзини яхшилаш, қишлоқ ва маҳаллалардаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида давлат идоралари мутасаддилари халқ ҳузурига бориб одамларнинг муаммоларини бартараф этишга ҳаракат қилишмоқда. Яқинда вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, IV-сектор  раҳбари Равшанжон Насимов Қамаши туманида сайёр қабул ўтказди.

Туман марказидан 60 километр узоқликда, тоғлар орасида жойлашган «Катта Ўра» маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган сайёр қабулда ҳам бир қатор мурожаатлар тингланиб, муаммоларга ечим топилди.

Тадбирда халқ таълими, мактабгача таълим, бандлик, соғлиқни сақлаш бошқармалари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бошқа бир қатор тегишли ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.

Сайёр қабул жараёнида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва бошқа ижтимоий масалалар юзасидан 20 нафар фуқародан 24 та мурожаатлар тушди. Вилоят IV сектор ишчи гуруҳи аъзолари томонидан 10дан ортиқ масалалар йиғилиш пайтида ҳал этилди. Ечими вақт ва маблағ талаб этадиган мурожаатлар эса муҳокама этилиб, муаммони ҳал этиш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Сайёр қабул давомида икки нафар имконияти чекланган фуқарога ногиронлик аравачаси, яна икки нафарига эса ҳасса берилди. 12 та кам таъминланган  ва эҳтиёжманд оилаларга ун ва ёғ маҳсулотлари тарқатилди.

Ўтказилаётган бу каби тадбирлар аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини ошишида, муаммоларни жойида ҳал қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

З. КЕЛДИЁРОВ