МАТМОНДА САЙЁР ҚАБУЛ

МАТМОНДА САЙЁР ҚАБУЛ

Sentabr 12, 2019 0 By admin
27

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимизнинг турмуш фаровонлигини яхшилаш, қишлоқ ва маҳаллалардаги муаммоларни бартараф этиш, аҳоли манфаатларини юқори даражага кўтаришга хизмат қилмоқда. Давлат идоралари мутасаддиларининг халқ ҳузурига бориб уларни эшитиши, муаммоларини ўрганиши, камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қилаётганлигидан барча  мамнун.

Вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, IV сектор раҳбари Равшанжон Насимов томонидан Китоб тумани «Кухсор» маҳалла фуқаролар йиғини, Матмон қишлоғида ўтказилган сайёр қабулда ҳам бир қатор муаммолар бартараф этилди. Туман марказидан қарийб 50 километр узоқликда жойлашган тоғли қишлоқлар аҳолисининг асосий қатнов йўллари таъмирталаб ҳолда. Сайёр қабул давомида аҳолининг дастлабки мурожаатлари шу ҳақда бўлди.

Вилоят IV сектор ишчи гуруҳи аъзолари, туман ҳокими ва туманнинг бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказилган қабулда мазкур масалалар муҳокама этилиб, муаммони ҳал этиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

Сайёр қабулда суюлтирилган газ баллонлари ва электр энергияси таъминоти, соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа ижтимоий масалалар юзасидан 11 нафар фуқародан 14 та мурожаат келиб тушди. Аксарият муаммолар қабул жараёнида ҳал этилди. Ечими вақт талаб қиладиган мурожаатларни ҳам тез орада ҳал этиш юзасидан ижрочилар белгиланиб, уларга тегишли топшириқлар берилди.

Матмон ва Жовуз қишлоғида истиқомат қилувчи 3 нафар фуқарога фарзандлари юра олмаслиги сабабли ногиронлик аравачалари топширилди.

Сайёр қабулда Матмон қишлоғидаги 68-мактабнинг аълочи ўқувчиларига бадиий адабиётлар тўпламлари совға қилинди. Кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди ва арзонлаштирилган нархларда ун сотилди.

З. ХАЛИЛОВ