МАСЪУЛИЯТЛИ ВА ШАРАФЛИ ВАЗИФАЛАР

МАСЪУЛИЯТЛИ ВА ШАРАФЛИ ВАЗИФАЛАР

Avgust 30, 2019 0 By admin
41

Қадим замонлардан буён солиқлар жамият ҳаёти, мамлакат иқтисодиётининг таянчи сифатида муҳим аҳамият касб этиб келган. Солиқлар ҳозирда ҳам халқ турмушининг фаровон бўлишига, мамлакатда бунёдкорлик жараёнларининг изчил олиб борилишига хизмат қилмоқда. Солиқларни улкан иқтисодиёт кемасининг елканларига қиёс этиш мумкин. Зеро, бир мақсад сари йўлга чиққан кемани манзилига муваффақиятли етказишда елканларнинг аҳамияти катта.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, юртимизда ер эгалиги муносабатлари, суғорма деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчиликнинг жадал ривожланиши минтақамизда ўтроқ ҳаёт тарзи, шаҳарсозлик, савдо муносабатлари тараққиётига хизмат қилган. Бу эса ҳар ҳудуднинг табиий шароити ва аҳоли турмуш тарзи, хўжалик фаолиятига хос тарзда солиқ турлари шаклланишига олиб келган. Гарчанд солиқлар давлатлар хазинасига асосан натура тарзида тўланган бўлсада, йирик-йирик давлатларда пул азалдан асосий муомала воситаси вазифасини бажарган.

Солиқ сиёсати мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий сиёсатнинг таркибий қисми ҳисобланади. Давлатнинг бюджет даромадларини таъминлаш солиқ тизимининг вазифаларидан биридир. Бозор муносабатлари шароитида солиқ тизимини модернизациялаш ва ислоҳ қилиш мамлакат иқтисодий тараққиётини таъминлаш ва унинг тузилмасини сифат жиҳатидан янгилашнинг муҳим шартларидан биридир. Шунингдек,  солиқ сиёсати корхоналар, тадбиркорлик субъектлари молиявий аҳволини мустаҳкамлашда, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда алоҳида аҳамият касб этади. Солиқлар давлат хазинасини тўлдирувчи асосий манба бўлиб, уларга давлат бюджетининг даромад қисмини шакллантирувчи, аҳолининг ижтимоий турмушини яхшилашнинг ўзига хос механизми сифатида қаралади.

Мустақиллик йилларида солиқ тизимини ислоҳ қилишдан кўзланган асосий мақсад юридик ва жисмоний шахсларнинг даромад манбалари, миқдори, тўлов имкониятларидан келиб чиқиб, улар зиммасидаги солиқ юкини енгиллаштириш орқали мамлакатда мукаммал ҳамда одил солиқ иқлимини яратиш, ишлаб чиқаришни жонлантириш ва иқтисодиётни барқарорлаштиришга эришишдан иборат бўлмоқда.

1992 йил 12 август кунидан мустақил равишда фаолият кўрсатиб келаётган тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятан инсон манфаатларини ўзида акс эттириши билан аҳамиятлидир. Ўтган йиллар давомида солиқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича бир қатор қонун ҳужжатлари, қарор ва фармонлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги Фармони бу борада амалга оширилаётган барча ишларда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Фармонда солиқ юкини изчиллик билан камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, иқтисодиётни жадал ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини яхшилаш юзасидан берилган тавсия ва вазифалар ижроси бугунги кунга келиб ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.

Бир маромда иқтисодий ўсишга, ишбилармонлик ва инвестициявий фаолликни оширишга, соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга, шунингдек, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар йиғилувчанлигини таъминлашга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммоларни ҳал этиш  борасида амалий ишлар қилинмоқда. Иқтисодиётда солиқ юкининг даражасини камайтириш, умумбелгиланган тизим бўйича солиқларни тўлайдиган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги солиқ юки даражасидаги номутаносибликларни бартараф этиш, ўхшаш солиқларни бирлаштириш, солиқ ҳисоботларини қисқартириш ва соддалаштириш каби жараёнлар эътибор марказида бўлмоқда.

Олиб борилган тизимли ишлар натижасида вилоятда 2019 йилнинг биринчи ярмида  бюджетга тушумлар прогнози ижроси ўз муддатида бажарилишига эришилди. Жумладан,  биринчи ярим йиллик учун белгиланган 2 трлн. 778,2 млрд.сўм режа 112 фоизга (3 трлн. 108,4 млрд.сўмга) бажарилиб, қўшимча 330 млрд.сўм (маҳаллий бюджетга 256,0 млрд.сўм) маблағ жалб этишга эришилди. Бу рақамлар тушумнинг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 174 фоизга (1 трлн.319 млрд.сўмга) ўсганлигини кўрсатади.

Президентимизнинг жорий йилнинг 4 апрелидаги топшириғига асосан II чоракда бюджетга қўшимча 170 млрд. сўм маблағ тушириш режалаштирилган эди. Мазкур топшириқ 189,4 млрд. сўмга (19,4 млрд.сўм ортиғи билан) уддаланди. Маҳаллий бюджетга қўшимча 177,6 млрд.сўм жалб қилинди. Бу маблағнинг:

– 71,5 млрд.сўми 2019 йилда солиқ сиёсатига киритилган ўзгаришларни ҳаётга  тадбиқ этиш;

– 82,9 млрд.сўми 7 360 та корхонада ўтказилган камерал назорат тадбирлари;

– 17,3 млрд.сўми 55 та корхонада олиб борилган мавзуга оид экспресс ўрганишлар;

– 10,8 млрд.сўми 2 963 та корхонада хронометраж кўздан кечириш тадбирлари натижасида савдо тушумини ошириш (2,4 млрд.сўмга, ёки 312 фоизга) ҳамда 2 698 нафар норасмий ишчиларни ҳисобга олиш ва бошқа профилактик тадбирлар;

– 6,5 млрд.сўми 46 994 нафар яширин иш ўринларини легаллаштириш ҳисобига бюджетга қўшимча жалб этилди.

Албатта, бу рақамлар фидойилик билан меҳнат қилаётган соҳа ходимларининг саъй-ҳаракатларидан далолат беради.

Мамлакатда солиқ тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиётда хуфиёна айланмани қисқартириш ва Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг асосий йўналишларини амалга ошириш мақсадида жорий йилнинг 10 июлида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор ҳам қабул қилиндики, мазкур ҳужжатга мувофиқ тадбиркорлик субъектларига яна бир имконият яратилди. Эндиликда тадбиркор аниқланган камчиликларни тан олиб, давлат солиқ хизмати органларининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорини олган кундан эътиборан ўн кун муддат ичида молиявий жарималарни ихтиёрий равишда тўласа, тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахслари ёки ходимлари ёхуд тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар мазкур ҳуқуқбузарлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган жиноий ва маъмурий жавобгарликдан озод этилади.

Албатта, соҳани такомиллаштиришга оид қабул қилинаётган қарор ва қонунларнинг ҳаётга жорий этилиши мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, давлат хазинасини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади. Шу билан бирга солиқ тўловчиларнинг солиқ маданиятини шакллантириш, уларнинг бу борадаги билимларини  оширишга ҳам ёрдам беради. Чунки, солиқ хизмати инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори деган имижини яратиш учун хизмат қилмоқдамиз.

Биргина солиқ тизими эмас, бугун юртимизнинг ҳамма соҳаларида янгиланиш, ўзгариш жараёнлари кечмоқда. Ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад эса инсон манфаатлари, халқимизнинг ҳаётдан, давлатдан рози бўлиб яшашлари, ўзларининг меҳнатлари ва интилишлари билан  юрт тараққиётига ҳисса қўшишга эришиш каби эзгу мақсадлар ётибди. Бу борада давлат солиқ идоралари ходимлари зиммасидаги масъулият юки ниҳоятда залворли.

Фурсатдан фойдаланиб, барча соҳа ходимлари, юртдошларимизни истиқлолимизнинг 28 йиллик айёми билан муборакбод этаман. Шарафли ва масъулиятли меҳнатларингизда муваффақиятлар ҳамиша ёр бўлаверсин.

Равшанжон НАСИМОВ,

Қашқадарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи