МУРОЖААТЛАР ИЖРОСИ ҚАТЪИЙ НАЗОРАТДА

МУРОЖААТЛАР ИЖРОСИ ҚАТЪИЙ НАЗОРАТДА

Avgust 30, 2019 0 By admin
46

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимизнинг турмуш фаровонлигини яхшилашга, қишлоқ ва маҳаллалардаги муаммоларни бартараф этишга, аҳоли манфаатларини юқори даражага кўтаришга хизмат қилмоқда. Давлат идораларининг мутасаддилари халқ ҳузурига бориб уларни эшитиши, муаммоларини ўрганиши, жамият тараққиётига салбий таъсир кўрсатаётган камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қилинаётганлигидан барча мамнун. Ана шундай мазмундаги сайёр қабулларда одамларнинг қатор ижтимоий муаммоларига ечим топилмоқда.

Вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, IV сектор раҳбари Равшанжон Насимов томонидан Fузор тумани «Пахтазор» маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ўтказилди. Қабулда IV сектор штаби ишчи аъзолари, туман ҳокими ва туман мутасадди ташкилотлари рахбарлари иштирок этишди. Туманнинг «Пахтазор», «Чўмичли», «Янгиобод», «Тинчлик», «Хўжагузар», «Обод», «Зангтепа», «Халқобод», «Наврўз», «Буюк Карвон», «Гулшан», «Чақар» ва «Амир Темур» маҳалла фуқаролар йиғинларидан аҳоли вакиллари қатнашди.

Сайёр қабулда ичимлик суви ва электр энергияси таъминоти, соғлиқни сақлаш, ички йўлларни таъмирлаш ҳамда бошқа ижтимоий масалалар юзасидан 27 нафар фуқаролардан 35 та мурожаат келиб тушди. Ўн нафар фуқаронинг мурожаати қабул жараёнида ҳал этилди. Ечими вақт талаб қиладиган мурожаатлар ҳам тез орада бартараф этилади. Чунки ҳар бир масала юзасидан ижрочилар белгиланиб, уларга тегишли топшириқлар берилди.

«Чўмичли» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Назокат Мамасоатова юра олмайди. У ногиронлик аравачаси ажратилишида амалий ёрдам сўради. Шунингдек, «Янгиобод» қишлоғида яшовчи Саёҳат Қулмуродовага ҳам ногиронлик аравачаси кераклиги маълум бўлди. Бу икки фуқаронинг мурожаатлари кўриб чиқилиб, жойида ҳал этилди.

«Чақар» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Турсун момо Дўстмуродова кексалик туфайли қулоғи эшитмай қолган. Сайёр қабулда ўзи учун эшитиш мосламаси ажратилишини сўради. Бу мурожаат ҳам мутасаддилар томонидан жойида ҳал этилди.

Сайёр қабул давомида сектор раҳбари ва ишчи гуруҳ аъзолари уй-уйма юриб, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганишди. Жумладан, Санам Бозорова, Суннат Тўхтаевлар хонадонида бўлган ишчи гуруҳ аъзолари уларнинг яшаш шароитлари билан яқиндан танишдилар. Сектор раҳбари ишчи гуруҳ аъзолари билан бирга уларни қийнаётган масалани ўрганиб чиқиб, уни ижобий ҳал қилиниши назоратга олинди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари эҳтиёжманд оила вакилларига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатди.

Ўтказилаётган бу каби тадбирлар аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини оширишда, муаммоларни жойида ҳал қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

З. КЕЛДИЁРОВ