ҲУРЛИК ВА ЭЗГУЛИК ТАНТАНАСИ

ҲУРЛИК ВА ЭЗГУЛИК ТАНТАНАСИ

Avgust 21, 2019 0 By admin
27

Ўтмиши қадим замонларга бориб тақаладиган халқимиз неча минг йиллар давомида қанчадан-қанча истилочиларнинг жабру ситамларини, қийинчиликларни бошидан кечирган. Курраи заминимизда ҳаёт эндигина шаклланиб, одамлар давлатчиликка асос сола бошлагандан буён юртимизга босқинчилар совуқ назарини ташлаб, ота-боболаримизга жабру ситам етказганлигини тарихий манбалар исботлаб турибди.

Эрон аҳмонийларидан тортиб юнонлар, араблар,  мўғиллар ҳамда чор Россияси босқинчилари турли даврларда юртимизга истилочилик юришлари  уюштириб, қадриятларимизни топтаган, бойликларини ўз юртларига ташиб кетишган. Юртимизга кўплаб босқинчиларнинг кириб келиши бу замин бой бўлганлигидан далолат беради. Шу боисдан барча  мамлакатларнинг қизиқиши остида бўлиб келган. Она заминимизни қарам қилиб олишни ихтиёр этган босқинчиларга қарши халқимиз мардонавор курашган. Широқ, Тўмарис, Спитамен, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур сингари халқимиз қаҳрамонлари ўз даврида босқинчиларга қарши мардонавор курашганлар. Ана шундай буюк ўтмишга эга бўлган халқнинг авлодлари шўроларнинг узоқ йиллар давомида юртимизда ўрнатган ҳукумронлигига барҳам берди. Бундан йигирма саккиз йил олдин мамлакатимиз мустақилликка эришди. Истиқлол туфайли қадим қадриятларимиз ўзимизга қайтди, халқимиз тарихи ва бой меросини ўрганиш бахтига муяссар бўлдик. Шўролар ҳукумронлиги даврида ёмон, деб таништирилган аждодларимизнинг юрт равнақи, халқимиз бахту саодати учун курашганликларини ўрганиб бораяпмиз.

Ҳар бир юртдошимиз кейинги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлардан мумнун. Ўз тараққиёт йўлини белгилаб олган мамлакатимизда барча жабҳаларда  иқтисодий ислоҳотлар ўтказилмоқда. Бундан кўзланган мақсад ҳар бир соҳада жаҳон андозаларига мос тизим яратишдан иборат. Ҳар йили халқимизнинг энг ардоқли байрами ҳисобланган мустақиллик кунига катта тайёргарлик кўрилади. Инсон учун энг катта бахт бу унинг эркинлиги, хақ-ҳуқуқлари кафолатланганлигидан. Мамлакатимиз аҳолисининг ана шундай буюк бахтга эришганлигига йигирма саккиз йил тўлмоқда. Тарих олдида қисқа вақт ҳисобланган истиқлол йилларида озод ва обод Ватан барпо  этиш йўлида ташланаётган қадамлар ўзининг самарасини бермоқда. Буни ҳар бир замондошимиз қиёфасида кўришимиз  мумкин.

Гулнора Муҳаммадиева,

ДСҚ ҳузуридаги малака ошириш маркази вилоят ҳудудий филиали бош мутахассиси

Халқимиз ҳаёти ва тарихий тараққиёти давомидаги ютуқларининг энг каттаси бу шубҳасиз, мустақилликка эришганимиздир. Мен эндигина оқ-қорани таний бошлаган пайтимда юртимизда мустақиллик туғи кўтарилди. Бундан йигирма саккиз йил аввал 31 август куни оиламизда ҳам катта байрам сифатида қарши олинганди. Ана шу мустақил давлатда илк мактабга бориб, аъло баҳоларда  ўқидим. Олийгоҳни ҳам муваффақиятли тамомладим. Бугунги кунда Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги малака ошириш маркази вилоят ҳудудий филиалида бош мутахассис бўлиб фаолият кўрсатмоқдаман. Филиалимизнинг вазифаси мамлакатимиз  солиқ тизимидаги янгиликлар, ўзгаришлар ҳақида соҳа вакиллари билан бир қаторда корхона ва ташкилотларда фаолият кўрсатаётган ходимларга маълумот бериш, улар малакасини оширишдан иборат. Бу борада Ёшлар иттифоқи  ва бошқа жамоат ташкилотлари билан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни намунали ташкиллаштиришга алоҳида аҳамият қаратилиб, семинар-тренинг ҳамда давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Барчамизга яхши маълумки,  тизимда янгиликни жорий этиш учун соҳа ходимларининг билим савиясини юқори бўлиши муҳим рол ўйнайди. Бунинг учун эса марказимизда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Ёқуб САФАРОВ,

вилоят Давлат солиқ бошқармаси ходими

Истиқлол. Бу сўзнинг мазмун-моҳияти  ўтган қисқа давр мобайнида халқимизнинг ҳаётига сингиб кетди. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган бунёдкорлик ишларига боқиб, ёш давлатимизнинг нуфузи ортаётганлигини, халқимиз фаровонликка эришаётганлигини кўришимиз мумкин. Айниқса, солиқ соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар халқ ва давлат манфаатларини ўзида мужассам этганлиги билан эътирофга лойиқ .

Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида жорий йил бошидан буён жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг амалдаги 4 поғонали ставкаси  ягона 12 фоиз қилиб белгиланди ҳамда ойлик иш ҳақидан пенсия  жамғармасига ушлаб қолинадиган 8 фоизли суғурта бадали бекор  қилинди. Бу борада тадбиркорлар учун ҳам қулайликлар яратилди.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини  текшириш тизими такомиллаштирилиб, уларни эркин  фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратилмоқда.

Солиқ соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилашга ҳамда юртимизнинг халқаро миқёсда мавқеини оширишга хизмат қилмоқда. Чунки, тизимда муқобил ва режадан ташқари текширувларнинг  барча турлари бекор қилинди. Тадбиркорларнинг фаолиятини изчил давом эттириши  учун қулай шароитлар яратилди. Мустақил  мамлакатимизда тадбиркорлар учун кенг имкониятлар  яратилаётганлиги, ҳар бир оилада ишбилармонлик муҳити шаклланаётганлиги ўзининг ижобий самарасини бермоқда.  Бўш ётган  томорқаларда иссиқхоналар ташкил қилиниб, боғлар яратилмоқда. Паррандачилик йўлга қўйилиб, парҳезбоп  гўшт етиштириш йўлга қўйилмоқда. Бундай ўзгаришлар одамларнинг иқтисодий жиҳатдан юксалишига хизмат қилади. Натижада юртимиз равнақ топиб, мустақиллигимиз  мустаҳкамлаб бораверади.

Баҳром Аширов,

Деҳқонобод туманида фаолият кўрсатаётган «Илҳом – Олмазор» фермер хўжалиги раҳбари

– Мамлакатимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами мустақиллик куни тантаналари арафасида қалбимда ғурур ва ифтихор жўш урмоқда. Ана шундай кунларга етказганлигига Аллоҳга шукроналар айтаман. Кейинги йилларда юртимизда тадбиркорлик муҳитини яхшилашга, қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилаётганлиги боис  баракали ҳосил етиштириш  имкониятлари яратилмоқда.  Мен ҳам мустақил юртимиз тараққиётига,  халқимиз фаровонлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида «Ил­ҳом – Олмазор» фермер хўжалигини ташкил қилдим. Ихтиёримиздаги 5 гектар майдонга шафтоли, олма, жийда, ёнғоқ, қароли кўчатларини эккандим. Мана уч йилдирки, ҳар бир ниҳолни меҳр ардоғида парваришлаб  келаяпман. Айни кунларда олма  кўчатларимиз ҳосилга кирди . Биринчи йилданоқ 2 тоннадан ортиқ энг сара олма меваси териб, халқимиз дастурхонига улашамиз. Бободеҳқонларимизнинг биринчи ҳосили пиллачиликда ҳам дилқувонар натижаларга эришдик. 300 килограмм кумуш тола  тайёрлаганимиздан ишчиларимиз хурсанд. Фермер хўжалигимиз кўп тармоқли. Ўтган йили сиғими 200 тонна  бўлган сув ҳовузи қаздириб, балиқхона ташкил этгандим. 1500 донадан ортиқ зоғора балиқ  личинкаларини йил давомида парваришладик. Айни дамларда балиқлар бир килодан тош босади. Тез кунларда аҳолига балиқ сотишни ҳам йўлга қўямиз. Бўрдоқига боқилаётган ўттиз  бош хисори қўчқорлар  ҳам яхшигина семириб қолган. Уларнинг ҳар бири 50-60 килограммдан тош босишини инобатга оладиган бўлсак, жорий йилда 2 тоннага яқин  сифатли гўшт етказиб берилади. 200 бош тез ривожланадиган куркаларимиз ҳам ҳар куни каттариб бормоқда.  Ушбу куркаларга кимёвий озуқа бермасдан, хўжалигимиз ҳудудидаги бедазорда боқаяпмиз. Ундан ташқари кепак, буғдойдан тайёрланган емлар  берилмоқда.  Қиш мавсумида халқимизга йигирма тоннадан ортиқроқ пархезбоп парранда гўшти етказиб беришни дилга тукканмиз.

Жорий йилги даромадимиздан фермер хўжалигимиз ҳудудида 4 сотих майдонда иссиқхона қуриб помидор, бодринг етиштиришни йўлга қўямиз. Фидокорона меҳнат ўзининг ижобий самарасини бериб, фаровонлигимизнинг  ортишига замин яратмоқда. Мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга ўз меҳнатимиз билан камтарона  улуш қўшаётганлигимиздан фахрланиб, янада юксак марраларни кўзлаб меҳнат қиламиз. Ана шундай халқимиз қаддини кўтарган, ҳурлик сари етаклаган  айёмларимиз абадий бўлсин.

Абдураҳмон Абдиев,

«Ўзсаноатқурилишбанк» Муборак

филиали бош ҳисобчиси

– Ҳар бир давлат ривожида банк муассасаларининг ўз ўрни ва ҳиссаси бор. Мустақил  мамлакатимизда ҳам банклар барча соҳа ривожига, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни тараққий этишига муносиб улуш қўшиб келаяпти. Айниқса, хорижий  мамлакатлардан замонавий технологияларни юртимизга олиб киришда банкимиз томонидан ажратилаётган кредитлар ўз самарасини бермоқда. Жорий йилнинг ўтган ойлари давомида 50 миллиард 200 миллион сўмлик кредитлар ажратилди. Шундан 35 миллион сўмликдан ошиқроқ кредитлар  аҳоли томорқа маданиятини шакллантириш ва кичик бизнесни ривожлантиришга қаратилди.  Бундан ташқари қишлоқ хўжалиги, нефть-газ соҳаси, транспорт  ва алоқа тизими, қурилиш ишлари, савдо ва умумий овқатланиш, уй-жой, коммунал  хизматлар учун ҳам сармоя ажратилиб, бир қатор корхона ва ташкилотларда ижобий  ютуқларни қўлга киритишга замин ҳозирланди. Юртимизнинг улуғ байрами арафасида эзгу  ва хайрли ишлар ҳақида  гапириш мароқли.  Аммо, яна бир туйғу борки, уни ҳеч нарса билан қиёслаб  бўлмайди. Бу халқимизнинг ўз эрки ва ҳурлигини таъминланиши. Яна бир  неча кун ўтиб, ана шундай файзли ва  қадрли неъматни тақдим этган мустақиллик байрами тантана қилинади. Юртдошларимиз  тарифлаганларидек, истиқлол ҳар бир юртдошимиз ҳаётига ўзгача мазмун олиб кирди. Халқимизнинг бахти, иқболи порлаган, ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлаган истиқлол байрами дилларни хушнуд этаверсин.

Зиёдулла ХАЛИЛОВ ёзиб олди