ТАДБИРКОРЛАР МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯДА

ТАДБИРКОРЛАР МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯДА

Avgust 21, 2019 0 By admin
28

Бугун тадбиркорлик энг нуфузли касблардан бирига айланган. Кўпчилик ҳавас билан гапирадиган тадбиркорларнинг интилиш ва саъй-ҳаракатлари бунга сабаб деб ўйлайман. Мамлакат иқтисодиётида тадбиркорлар  қўшаётган ҳисса ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда. Чунончи улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам «ўзбек бренди» ёрлиғи остида харидоргир бўлиб бораётир. Бу  эса мамлакатимизда тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганлигидан, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашувларга чек қўйилганлигидан далолатдир.

Дарҳақиқат, мамлакатда тадбиркорлик фаолиятининг тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлаш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.  Ушбу мақсадда муқобил ва режадан ташқари текширувларнинг барча турлари бекор қилинди, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги бир қатор лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиб-таомиллари қисқартирилди ҳамда соддалаштирилди. Мазкур чора-тадбирлар мамлакатда ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришга ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро миқёсдаги рейтингига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони тадбиркорлик фаолияти соҳасида бир қатор тизимли муаммоларнинг ҳал этилиши, бизнесни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, мамлакатга хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатли ҳимоясини таъминлаш имконини яратадиган муҳим ҳужжат бўлди.

Фармонда бизнесни ривожлантиришдаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини янада кучайтириш, мамлакатда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Эндиликда якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият олиб бораётган жисмоний шахслардан тегишли фаолият тури бўйича белгиланган ставкадан келиб чиқиб ҳисобланган бир йиллик миқдордаги қатъий белгиланган солиқни бир йўла ундириш тартиби бекор қилинди.

2018 йил 1 сентябрдан тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган назорат тартибидаги текширувлар бекор қилинди. Шунингдек, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиш тегишли тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунбузарлик содир этиш хавфи даражасидан келиб чиқиб, текширувни ташаббус қилишни назарда тутувчи «хавфни таҳлил этиш» тизими натижалари асосида амалга оширилади.

Мухтасар айтганда, тадбиркорларга берилаётган эркинлик улар фаолиятининг ҳар томонлама ривожланишига асос бўлиб, бир қатор янги ғояларнинг амалга жорий этилишига, режа ва мақсадларнинг рўёбга чиқишига, кўплаб янги иш ўринларининг яратилишига замин ҳозирламоқда.

З.ФАЙЗИЕВА,Fузор тумани ДСИ ходими