ЮЗМА-ЮЗ МУЛОҚОТЛАР САМАРА БЕРМОҚДА

ЮЗМА-ЮЗ МУЛОҚОТЛАР САМАРА БЕРМОҚДА

Avgust 5, 2019 0 By admin
72

Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади халқимизни қийнаётган муаммолар ечимини  топиб, фаровон ҳаёт кечиришларини таъминлашдан иборат. Бу борада  қишлоқ  ва маҳаллаларимизда кенг қамровли ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Энг муҳими, давлат идоралари мутасаддилари аҳоли ҳузурига бориб уларни қийнаётган муаммо ва камчиликларни жойида муҳокама қилиш, имкони бор бўлган муаммоларни зудлик билан бартараф этиш чораларини кўришга ҳаракат қилинмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, қишлоқ ва маҳаллалардаги муаммоларни  бартараф этишга аҳоли манфаатларини юқори даражага кўтаришга хизмат қилмоқда. Вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи,  IV сектор раҳбари Равшанжон Насимовнинг навбатдаги сайёр қабули воҳамизнинг сўлим ва табиати бетакрор бўлган Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда Шаҳрисабз  шаҳри ва туманида истиқомат қилувчи 185 нафар фуқаролар қатнашди.

Сайёр қабулда 4- сектор ишчи гуруҳи  аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этишди. Аҳолидан тушган  мурожаатларнинг асосий қисми  ички йўлларни таъмирлаш, суюлтирилган газ ва ичимлик суви  танқислиги, электр энергияси таъминотидаги камчиликлар, соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар ва бошқа қатор ижтимоий масалалар бўйича 29 нафар фуқаролар 40 дан ортиқ  муаммо бўйича мурожаат қилишди. 6 та муаммо тадбир давомида мутасадди идоралар раҳбарлари иштирокида жойида ҳал этилди. Вақт ва ўрганиш талаб қиладиган мурожаатлар юзасидан чора-тадбирлар белгиланиб, йўл харитасига киритилди.

–    Сайёр қабул давомида ногиронлиги бор бўлган  уч нафар фуқароларга ногиронлик аравачалари, уч нафарига эса қўлтиқ таёқ ва ҳассалар берилди. –  дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ш. Нурматов. – Соғлиқни сақлаш тизими билан боғлиқ масалалар бўйича мурожаат  қилган бир қатор  фуқароларга керакли маслаҳатлар берилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди. Бугунги кунда тиббиёт соҳасида жуда катта  ўзгаришлар, янгиликлар рўй бермоқда. Авваллари даволаш  имкони  топилмаётган айрим касалликларни даволаш учун барча шароитлар ва имкониятлар яратилмоқда. Ана шундай тадбирлар давомида соғлиқни сақлаш тизимидаги ютуқлар ҳақида одамларга етказишга ҳаракат қилаяпмиз.

Сайёр қабул давомида бир қатор кам даромадли оилалар аъзоларига озиқ-овқат  маҳсулотлари тарқатилди. Бундай тадбирлар орқали фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончи янада ортиб, аҳоли учун бир қатор қулайликлар яратилишига замин ҳозирланмоқда.

З. ХАЛИЛОВ