СОЛИҚ МАЪМУРИЯТЧИЛИГИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРУВЧИ ҲУЖЖАТ

СОЛИҚ МАЪМУРИЯТЧИЛИГИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРУВЧИ ҲУЖЖАТ

Avgust 5, 2019 0 By admin
17

Мамлакатимизда солиқ соҳасини ислоҳ этиш, тизимга  ривожланган давлатлар тажрибаларини изчил жорий этиш орқали иқтисодиётни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2019 йил 10 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди. Қарор билан солиқ маъмуриятчилигида бир қатор ўзгаришлар бўлиши ва солиқ тўловчиларга қулайликлар яратилиши назарда тутилган.

МАЪМУРИЙ ВА ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИК ЧОРАЛАРИ ҚЎЛЛАНИЛМАЙДИ, АГАРДА…

Қарорга мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликни тан олиб, давлат солиқ хизмати органларининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорини олган кундан эътиборан ўн кун муддат ичида молиявий жарималарни ихтиёрий равишда тўласа, тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахслари ёки ходимлари ёхуд тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар мазкур ҳуқуқбузарлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган жиноий ва маъмурий жавобгарликдан озод этилади.

ҚҚС ТЎЛОВЧИЛАР МАЖБУРИЙ ҲИСОБГА ОЛИНАДИ

2020 йил 1 январдан бошлаб, қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтадиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар давлат солиқ хизмати органларида ушбу солиқнинг тўловчиси сифатида мажбурий ҳисобга олинади ва бу қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олишнинг шарти ҳисобланади.

Қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтишда ушбу солиқ суммаси қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтилган санадан аввалги охирги 12 ойда харид қилинган товар-моддий захираларнинг тасдиқланган қолдиқлари бўйича реализация ҳажмига мос келадиган улушда ҳисобга олинади.

Қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиш ёки ягона солиқ тўловини тўлашни рад этиш тўғрисидаги хабарнома қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиладиган ой бошланишидан олдин ўн иш кунидан кечиктирмасдан тақдим этилади.

СЎНГГИ УЧ ОЙ ДАВОМИДА КУТИЛАЁТГАН ЯНГИЛИКЛАР

Айтиш жоизки, мазкур қарор билан сўнгги уч ой давомида қатор янгиликлар амалга ошади. Жумладан, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси ҳамкорлигида чет эл фуқаролари томонидан мамлакатимиз чегарасини кесиб ўтишда харид қилинган товарлар учун тўланган қўшилган қиймат солиғини қайтариш («tax free») тартиби ишлаб чиқилади; Бу мамлакатимизнинг туристик жозибадорлигини оширишга, чет эллик саёҳатчиларнинг юртимизга ташрифини кўпайтиришга хизмат қилади.

Солиқлар бўйича тўловларни кейинчалик бўлиб-бўлиб фоизи билан қайтариш орқали камайтиришни назарда тутувчи «инвестициявий солиқ кредитлари» институти жорий этилади,

Солиқ тўловчи – юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор унга нисбатан қўлланилган молиявий жарималар тўғрисидаги қарорни олган кундан бошлаб, қўлланилган молиявий жарималар миқдорининг 50 фоизини ўн кун давомида ихтиёрий равишда тўласа, уни жарима суммасининг қолган қисмини тўлашдан озод этиш бўйича молиявий жарималарни ундиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади,

Юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллаш мақсадида ялпи тушумнинг чегаравий миқдорини сунъий пасайтиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга (бўлиниш, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ва бошқалар) чек қўйиш чораларини кўриш, мазкур ҳолатлар аниқланганда тўланиши лозим бўлган солиқлар суммасига давлат солиқ хизмати органлари томонидан тузатиш киритиш ва уларни суд тартибида ундириш механизмлари амалиётга киритилади.

«ЮК ТАШИШЛАР МОНИТОРИНГИ» АХБОРОТ

ПЛАТФОРМАСИ ИШЛАБ

ЧИҚИЛАДИ

Транспорт вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси томонидан ўзаро ҳамкорликда уч ой муддатда «UzTrans» ягона интерактив ахборот тизими базасида қуйидагиларни таъминлайдиган «Юк ташишлар мониторинги» ахборот платформаси ишлаб чиқилади.

Унда юк ташувчилар томонидан товарнинг кузатув ҳужжатларини (счёт-фактура (инвойс), юк хати ва бошқа ҳужжатларни) рўйхатдан ўтказилади, шунингдек, юк жўнатувчилар ва уни қабул қилиб олувчилар томонидан реал вақт режимида товарлар ҳаракати мониторинг қилинади.

ЯГОНА АХБОРОТ ТИЗИМИ  ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 декабрга қадар бухгалтерия ҳисобини амалга ошириш ҳамда солиқ тўловчилар ва солиқ органлари ўртасида реал вақт режимида маълумотлар алмашиш имконини берадиган, солиқ ҳисоботини топшириш тизими билан интеграция қилинган бухгалтерия ҳисобининг ягона ахборот тизими  ишлаб чиқилади ва жорий қилинади.

ЙЎЛ ХАРИТАСИ ТАСДИҚЛАНДИ

Қарор билан солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш стратегиясини амалга ошириш бўйича  «ЙЎЛ ХАРИТАСИ» тасдиқланди. Йўл харитаси 5 та бўлим ва 46 та банддан иборат бўлиб, соҳада амалга ошириладиган ишларга аниқ муддат ва ижрочилар белгиланган.

СОЛИҚ МАЪМУРИЯТЧИЛИГИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ СТРАТЕГИЯСИ

Мазкур фармон билан солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш стратегияси тасдиқланди. Унинг асосий вазифаси этиб қуйидагилар белгиланди:

Давлат бюджетига солиқ тушумларининг барқарорлигини таъминлаш, солиқ органлари ходимларининг касбий маҳоратини ошириш ва солиқ маъмуриятчилигига рақамли технологияларни жорий этиш орқали кўрсатилаётган солиқ хизматлари сифатини яхшилаш, барча тоифадаги солиқ тўловчилар томонидан солиқ мажбуриятларининг ихтиёрий равишда бажариш асосида уларнинг эҳтиёжларини қаноатлантириш учун солиқ органлари ва солиқ тўловчилар ўртасида ишончли муносабатларни яратиш, солиқ мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ бўлган харажатларни қисқартириш, барча тоифадаги тадбиркорлик субъектларига қулай шароитларни таъминлайдиган транспарент ва барқарор солиқ тизимини шакллантириш, солиқ тўловчилар фаолиятига аралашишни, шунингдек, давлат солиқ хизмати органларида «инсон омили»ни ҳамда коррупция ҳолатларининг салбий кўринишларини камайтириш имконини берадиган таваккал-таҳлил ва масофавий таҳлилий ишлар тизими асосида солиқ назорати тизимини шакллантириш.

Белгиланган вазифаларнинг бажарилиши бизнес фаоллигини ошириш ва солиқ мажбуриятини бажариш бўйича маъмурий харажатларни камайтириш имконини беради ва бу, ўз навбатида, Жаҳон банкининг бизнес юритиш рейтингида республика позицияларига ижобий таъсири кўрсатади.

З. КЕЛДИЁРОВ,

ВДСБ ходими