СОЛИҚ ИСЛОҲОТЛАРИ ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТГА ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА

СОЛИҚ ИСЛОҲОТЛАРИ ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТГА ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА

Iyul 24, 2019 0 By admin
28

Жорий йил бошидан буён амалга татбиқ этиб келинаётган солиқ соҳасидаги ўзгариш ва янгиликлар мамлакат иқтисодий тараққиётига хизмат қилиши билан аҳамиятли  бўлмоқда. Айниқса, солиқ сиёсатини такомиллаштириш, солиқ маъмуриятчилиги самарадорлигини ошириш, солиқ юкини изчил камайтириш, солиқ тизимини соддалаштириш ва солиқ ҳисоботларини тубдан қисқартириш юзасидан олиб борилаётган чора-тадбирларнинг ижобий натижалари яққол кўринмоқда.

 Жорий йилнинг 10 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Қарор мазмун-моҳияти, унинг аҳамияти ва муҳим жиҳатлари хусусида вилоят Давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Акмал САИДОВга бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.

– Қарорни қабул қилишдан кўзланган мақсад нималардан иборат эди?

–  Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг амалиётга жорий этилиши натижасида меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасига солиқ юки камайтирилди, айланма маблағлардан олинадиган солиқлар оптималлаштирилди, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни бекор қилиш ва юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасини камайтириш орқали солиқ тизими қайта кўриб чиқилди.

Қарорни қабул қилишдан мақсад солиқ тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиётда хуфиёна айланмани қисқартириш ва Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг асосий йўналишларини амалга оширишдан иборат бўлди.

– Хўш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш  учун нималар назарда тутилган?

– Эндиликда қарорга мувофиқ тадбиркорлик субъектлари аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликни тан олиб, давлат солиқ хизмати органларининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорини олган кундан эътиборан ўн кун муддат ичида молиявий жарималарни ихтиёрий равишда тўласа, тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахслари ёки ходимлари ёхуд тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар мазкур ҳуқуқбузарлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган жиноий ва маъмурий жавобгарликдан озод этилади.

Шунингдек, 2020 йил 1 январдан бошлаб:

қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтадиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар давлат солиқ хизмати органларида ушбу солиқнинг тўловчиси сифатида мажбурий ҳисобга олинади ва бу қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олишнинг шарти ҳисобланади;

қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтишда ушбу солиқ суммаси қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтилган санадан аввалги охирги 12 ойда харид қилинган товар-моддий захираларнинг тасдиқланган қолдиқлари бўйича реализация ҳажмига мос келадиган улушда ҳисобга олинади;

қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиш ёки ягона солиқ тўловини тўлашни рад этиш тўғрисидаги хабарнома қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиладиган ой бошланишидан олдин ўн иш кунидан кечиктирмасдан тақдим этилади.

–   Қарор солиқ тўловчилар учун яна қандай янгиликларни тақдим этади?

– Қабул қилинган қарор асосида Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш стратегияси ҳамда Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш стратегиясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»  маъқулланадиган бўлди. «Йўл харитаси»да назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари, Давлат солиқ қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари, халқаро молия институтларининг маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси уч ой муддатда збекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига чет эл фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси чегарасини кесиб ўтишда харид қилинган товарлар учун тўланган қўшилган қиймат солиғини қайтариш («tax free») тартибини белгилаш;

cолиқлар бўйича тўловларни кейинчалик бўлиб-бўлиб фоизи билан қайтариш орқали камайтиришни назарда тутувчи «инвестициявий солиқ кредитлари» институтини жорий этиш юзасидан таклифларини киритади. Шунингдек, солиқ тўловчи – юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор унга нисбатан қўлланилган молиявий жарималар тўғрисидаги қарорни олган кундан бошлаб, қўлланилган молиявий жарималар миқдорининг 50 фоизини ўн кун давомида ихтиёрий равишда тўлаганда, уни жарима суммасининг қолган қисмини тўлашдан озод этиш бўйича молиявий жарималарни ундиришнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш, юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллаш мақсадида ялпи тушумнинг чегаравий миқдорини сунъий пасайтиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга (бўлиниш, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ва бошқалар) чек қўйиш чораларини кўриш, мазкур ҳолатлар аниқланганда тўланиши лозим бўлган солиқлар суммасига давлат солиқ хизмати органлари томонидан тузатиш киритиш ва уларни суд тартибида ундириш механизмларини жорий этиш таклифларини ҳам назарда тутилади.

Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 декабрга қадар бухгалтерия ҳисобини амалга ошириш ҳамда солиқ тўловчилар ва солиқ органлари ўртасида реал вақт режимида маълумотлар алмашиш имконини берадиган, солиқ ҳисоботини топшириш тизими билан интеграция қилинган бухгалтерия ҳисобининг ягона ахборот тизимини ишлаб чиқиб, жорий қилиш чоралари кўрилади.

– Интерактив хизматлар тури ҳақида ҳам батафсил тўхталиб ўтсангиз.

– Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда «UzTrans» ягона интерактив ахборот тизими базасида «Юк ташишлар мониторинги» ахборот платформаси ишлаб чиқилади.

Мазкур ахборот платформасида юк ташувчилар томонидан товарнинг кузатув ҳужжатларини (счёт-фактура (инвойс), юк хати ва бошқа ҳужжатларни) рўйхатдан ўтказиш, юк жўнатувчилар ва уни қабул қилиб олувчилар томонидан реал вақт режимида товарлар ҳаракатини мониторинг қилиш ишлари таъминланади.

2020 йил 1 январдан бошлаб Ягона ахборот тизимидан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти ушбу дастурий маҳсулотни қўллаган даврида текширилмайди. Шунингдек, юк ташувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан товарнинг кузатув ҳужжатларини Ахборот платформасида мажбурий тартибда рўйхатдан ўтказиш тартиби жорий этилади.

– Қилган хариди учун харид чеки талаб қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчи. Аммо кўп ҳолларда буни унутиб қўямиз.

– Харид чекини талаб қилиш билан фуқаро давлат хазинасига тушадиган тушумларни ўзи сезмаган ҳолда назорат қилади, савдо фаолияти билан шуғулланадиган хўжалик субъектларида кунлик тушумларни яшириш каби ноқонуний ҳолатларнинг олдини олади.  Шу боис, харид учун чек олиш ҳар биримизга одат бўлиши зарур. Қарорда Савдо-саноат палатаси ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси билан биргаликда инсофли тадбиркорларни рағбатлантириш ва жамоатчилик назоратини ривожлантириш мақсадида «Чекни талаб қил ва совға ютиб ол» оммавий акцияларининг ўтказилиши ҳам белгиланганки, бундай тадбирлар аҳолида харид чекини олишни одатга айлантиришга хизмат қилади.

Қарорнинг яна бир эътиборли жиҳати солиқ соҳасида меҳнат қилаётган ходимлар меҳнатини рағбатлантиришга ҳам эътибор қаратилган. Чунончи, 2020 йил 1 январдан бошлаб давлат cолиқ хизмати органлари ходимлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги (KPI) кўрсаткичларидан келиб чиқиб, уларни моддий рағбатлантириш, хизматда лавозимини ошириш, мукофотлаш, интизомий чоралар қўллаш тизимини жорий этилади. Бу эса ўз навбатида соҳа ходимларини янада фидойилик билан самарали меҳнат қилишга ундайди.

–   Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

Ф. ҚОСИМОВАсуҳбатлашди.