ТАШАББУСНИНГ ҚАНОТИ БОР

ТАШАББУСНИНГ ҚАНОТИ БОР

Iyul 24, 2019 0 By admin
56

Оппоқ қоғозга илк бор қалам тутиб, ҳарф ёзганингизни эслай оласизми?! Ўша дамда жажжи қалбингиз қанчалар ҳаяжонга тўлганини эсладингиз, а? Бола қалбига тушган илк ҳаяжон, ҳайрат бир умр унинг ҳамроҳи бўлиб қолади, келажакда улуғвор ишлар қилишга замин ҳозирлайди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларннг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича жорий этилган 5 муҳим ташаббус ҳам ўғил-қизларимиз қалбида бир умр сақланиб қоладиган унутилмас воқеа бўлди. Олис Чироқчи туманининг чекка қишлоқларидан бирида жойлашган 174-умумий ўрта таълим мактабида 5 муҳим ташаббус доирасида ташкил этилган адабий-бадиий тадбир юқоридаги сўзимизнинг яққол исботидир.

Тадбир деганимизга ҳар галгидек бир хиллик, маърузабозлик, қуруқ гапдирда, дея хулоса қилишга ошиқманг. Кўп йиллардан буён ёш авлодга таълим-тарбия бериб келаётган ижодкор педагог Лочин Элматов тайёрлаган дастур, саҳналаштирилган томошалар карвони – шунчаки тадбир эмас, ҳақиқий театр байрамига айланиб кетди, десак муболаға бўлмайди.

Томошаларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, ҳар бири ўзига хосликни тақозо этади. Мамлакатимизда Муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ифтихорга лойиқ ишлардан, янгиланиш ва ўзгаришлардан  илҳомланган изланувчан ўқитувчи Лочин Элматов 5 муҳим ташаббус ғоясини ўзида тўлиқ мужассам этган бешта томошада асосон юртимизда  барча соҳаларда, жумладан таълим-тарбия тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни, янгиланишларни,  амалга оширилаётган ишларни, қишлоқ ҳаёти, ечимини кутаётган муаммолар, шунингдек, кечаги кун оғриқларини  маҳорат билан тасвирлайди.

 Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳар бир томошада кўзланган аосий мақсад – ёш авлод ўртасида китобхонликни тарғиб этишга, уларни мутолаага муҳаббат уйғотишга қаратилгандир. Бир-биридан қизиқ, ҳазил-мутойиба, куй-қўшиқ, шўх рақсларга бой ибратли, ёшларнинг маънавий оламини бойитишга қаратилган томошаларнинг асосини ижодкор ўқитувчининг турли йилларда матбуотда чоп этилган ҳикоя ва эртаклари ташкил этади.Эртак- томошаларнинг бирида қишлоғида қадр топмаган, қувғинга учраган оддий муаллим китобнинг қудрати билан шаҳар ҳокими этиб сайланса, замонавий эртакда эса севимли қаҳрамонимиз Зумрад ўгай онаси ва опаси Қимматнинг барча зулмларини, ёвузликларини енгиб, китоб мутолаасига вақт топиб, ёш китобхонлар танловида иштирок этиб, Презедент совғаси – машина билан тақдирланади. Бу эса, китобхонлар учун ҳали ҳеч қайси юртда бундай имконият яратилмаганини яна бир бор ўқувчиларнинг ёдига солиб ўтади. Айниқса, элимизнинг севимли адиби Ўткир Ҳошимовнинг «Урушнинг сўнгги қурбони» ҳикояси асосида саҳналаштирилган томоша ёш авлодни тарихни билишга, Иккинчи жаҳон уруши халқимиз бошига солган қайғу-изтиробларни ҳис қилишга, бугунги доруломон, тинч, фаровон кунларни қадрлашга ундайди.

Энг қизиқ ва эътиборли томони шундаки, катта саҳналарда қўйиладиган спектакллардан қолишмайдиган кичик томошаларнинг муаллифи, саҳналаштирувчи режиссёри, ҳатто рақсларни саҳналаштирувчи ҳам битта ўқитувчи – Лочин Элматовнинг ўзи бўлса, ролларни мактаб филиали  ўқувчилари бажарганидадир.

Ҳаяжон ва ҳайратли лаҳзаларга бой тарзда ўтган томоша йиғилганларда, фахрий ўқитувчилар, ота-оналар ва ўқувчиларда олам-олам таассуротлар қолдирди.

– Шуни очиқ айтиш керакки, 5 муҳим ташаббусни тарғиб этишга қаратилган бундай эътиборга молик воқеа ҳали кўп таълим муассаларида кузатилмаган, – дейди томошада фаол қатнашган ўқувчилардан бирининг отаси Ў. Давлатов. – Очиғини, айтсам, томошанинг бундай кўтаринки, ўзгача, байрмона тусда ташкил этилишини кутмаган эдик. Бугунги томошага йиғилган ота-оналарнинг ҳам, ўқувчиларнинг ҳам кўпчилиги ҳали бирон марта театрга бормагани аниқ. Мактаб саҳнасида қаҳрамонлар руҳияти, ички кечинмалари, қувончу изтиробларини қойилмақом қилиб кўрсатиб берган чекка қишлоқ болалари эмас, гўёки, театр саҳнасида рол бажариб келаётган ёш актёрларни кўргандай бўлдик. Бунинг учун бу томошани бошдан охир ташкил этган биргина инсон уларнинг устози, шу қишлоқ фарзанди Лочин Элматовга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.

Дарҳақиқат, томошаларни ҳайрат билан кузатаркансиз, ижодкор ўқитувчи Лочин Элматовнинг нафақат жамоада, балки юртимиз ўқитувчилари орасида замон билан ҳамнафас яшаётганлигига амин бўласиз. Унинг жонажон Ўзбекистонимизда олиб борилаётган оқилона сиёсатни тарғиб қилиш, ёш авлодни маънавиятли, ҳар томонлама билимли, комил, она Ватанга содиқ фарзандлар этиб тарбиялашга қаратилаётган интилишлари, фидойилиги,  ўз касбига масъулият билан ёндашганлиги яққол намоён бўлади.

Дунёда бола онгию шуурига маънавиятни сингдириш, юртнинг буюк келажаги ворислари этиб тарбиялашдан ортиқ бахт йўқ. Шу жараёнда фаоллик кўрсатиб келаётган Л. Элматов сингари барча ўқитувчиларга тасанно деймиз.

Н. УМАРОВА,Ўзбекистон Ёзувчилари Уюшмаси аъзоси, «Шуҳрат» медали соҳибаси