АҲОЛИ МУРОЖААТЛАРИ ИЖОБИЙ  ҲАЛ ЭТИЛМОҚДА

АҲОЛИ МУРОЖААТЛАРИ ИЖОБИЙ ҲАЛ ЭТИЛМОҚДА

Iyul 23, 2019 0 By admin
80

Қарши шаҳрида вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, IV-сектор раҳбари Равшанжон Насимов сайёр қабул ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги «Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига асосан жойларда сайёр қабуллар ўтказилиб келинмоқда. Аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш, фаровон турмуш шароитини таъминлаш мақсадида секторлар раҳбарларининг сайёр қабуллари ўтказилиб ўзининг ижобий натижасини бермоқда.

Қарши шаҳридаги «Наврўз» маҳалла фуқаролар йиғини 46-уйда истиқомат қилувчи Аннамурод Хидиров оғир хасталикка чалингани туфайли 4 йилдан буён мустақил юра олмайди. Унинг ногиронлик аравачаси йўқлиги қийинчилигини оширарди. Беморни кўчага олиб чиқиш, тоза ҳавода сайр қилдириш анча ноқулай эди. Шу боис Аннамурод Хидировнинг турмуш ўртоғи Хуррам Рахматова Қашқадарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, IV сектор раҳбари Равшанжон Насимовнинг сайёр қабулига келди ва турмуш ўртоғи учун ногиронлик аравачаси ажратилишида амалий ёрдам сўради. Мазкур мурожаатнинг ечими эса шу куннинг ўзида ижобий ечим топди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган  ислоҳотларнинг асоси халқимизнинг турмуш фаровонлигини яхшилашга, қишлоқ ва маҳаллалардаги муаммоларни бартараф этишга, аҳоли манфаатларини юқори даражага кўтаришга хизмат қилаётир. Энг муҳими, давлат идораларининг мутасаддилари халқ ҳузурига бориб уларни эшитиш, муаммоларини ўрганиш, жамият тараққиётига салбий таъсир кўрсатаётган камчиликларни баратараф этишга ҳаракат қилинаётганлигидан барча  мамнун. Ана шундай мазмундаги сайёр қабулларда одамларнинг қатор ижтимоий муаммоларига ечим топилмоқда.

IV сектор  раҳбари томонидан Қарши шаҳрида ўтказилган сайёр қабулда 100 нафардан ортиқ фуқаролар қатнашиб, уларнинг аксарияти ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан мурожаатлар қилишди. Мурожаатларнинг 12 таси жойида ҳал этилган бўлса, 14 та муаммони ижобий ҳал этиш учун мутасадди идоралар раҳбарларига топшириқлар берилди.

Қарши шаҳри «Қурғонча» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Орзугул Отабекова кекса момоси билан ёлғиз яшайди. У бугунги кунда тикувчилик сирларини ўрганмоқда. У тикувчилик машинаси олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Орзугулнинг мурожаати ҳам тез орада ўз ечимини топадиган бўлди. Сайёр қабул давомида шаҳардаги «Насаф» маҳалласида истиқомат қилаётган Ўктам Азизовнинг мурожаатига кўра унинг отаси Рўзи Азизовга ҳам ногиронлик аравачаси берилди. Бир сўз билан айтганда, ўтказилаётган бу каби тадбирлар аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини оширишда, муаммоларни жойида ҳал қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Шунингдек, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг навбатдаги сайёр қабули Чироқчи туманида ҳам ўтказилди.  Унда 224 нафар фуқаролар қатнашиб, 48 нафар фуқаро мурожаат қилиб 79 та муаммони хал этишда амалий ёрдам сўради. Ушбу мурожаатларнинг 13 таси жойида ҳал этилди. Айрим муаммолар хал этиш учун йўл харитасига киритилди. Айрим масалалар юзасидан мутасаддилар томонидан ҳуқуқий тушунчалар берилди. Тадбир якунида кам даромадли оилалар вакилларига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди, ногиронлиги бор фуқароларга ногиронлик аравачалари топширилди.  Яна шуни ҳам таъкидлаш керакки, сайёр қалуб давомида бўш иш ўринлари ташкил этилиб, унда тумандаги бир қатор корхона ва ташкилотлар бўш иш ўринлари билан қатнашди. Бундан ташқари, аҳолига газ баллонлари тарқатилиб, кўчма автомашина орқали бир қатор давлат хизматлари кўрсатилди.З. ХАЛИЛОВ