ИНВЕСТИЦИЯ МУҲИТИ ЯХШИЛАНАДИ

ИНВЕСТИЦИЯ МУҲИТИ ЯХШИЛАНАДИ

Iyul 23, 2019 0 By admin
86

Жорий йилнинг 27 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармон асосида солиқ ва божхона тизимида бир қатор ўзгаришлар бўлди.

Маълумки, 2019 йил 1 январдан солиқ сиёсатига киритилган ўзгаришлар солиқ тизимини тубдан ислоҳ қилишга замин яратмоқда. Айниқса, иш ҳақидан олинадиган даромад солиғи ставкасининг пасайтирилиши ҳисобига норасмий ишлаб юрган фуқароларни қонуний ишлашига замин яратилганлиги ва пировардида бюджетга тушадиган даромадларни бир неча баробарга ошганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Вилоятимиз мисолида айтадиган бўлсак, биринчи ярим йиллик натижаларига кўра бюджетга тушумлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 174 фоизга ўсди. Вилоят бўйича 47 минг нафар норасмий ишчилар фаолияти қонунийлаштирилди.

Шу билан бирга, Президентимиз томонидан солиқ ислоҳотларини навбатдаги босқичига ўтишни, яъни, товарлар ва хизматлар таннархини пасайишига таъсир қилувчи қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини яратиш, солиқ ва божхона имтиёзларини қайтадан кўриб чиқиб, имтиёзлар бериш амалиётини тартибга солиш орқали ҳақиқий рақобат майдонини яратиш кейинги вазифа сифатида белгиланди.

Бугунги кунда мазкур фармон мазмун моҳиятини солиқ тўловчилар ва ижрочиларга етказиб бериш мақсадида семинарлар ташкил этилмоқда.

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги биноси мажлислар залида ташкил этилган ўқув семинарида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Хуррам Жўраев, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бўлим  бошлиғи Айдос Қошанов ва вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Равшанжон Насимов иштирок этди. Семинарда Чироқчи, Яккабоғ, Шаҳрисабз ва Китоб туманларидан фермерлар ва тадбиркорлар иштирок этишди.

Айтиш жоизки, Фармоннинг имзоланиши мамлакатимизда инвестициявий муҳитини янада яхшилаш, адолатли рақобат тамойилларини жорий этишни таъминлаш ҳамда солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш амалиётини тартибга солишда муҳим ҳужжат бўлди.

Мазкур фармоннинг мазмун-моҳияти ижрочиларга амалий мисоллар билан тушунтириб берилди. Иштирокчилар ўзларини саволларига жавоб олишди.

– Мазкур фармонга мувофиқ бир қатор ўзгаришлар амалиётга татбиқ этилишини таъкидлаш лозим, – деди Ўзбекистан Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Жаҳонгир Абдиев. – Жумладан, жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб товарларни сотишдан тушумнинг миқдоридан қатъи назар, бензин, дизель ёқилғиси ва газ ёқилги қуйиш станциялари орқали охирги истеъмолчиларига сотадиган юридик шахслар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланади. Шу йилнинг 1 октябридан бошлаб товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан тушум миқдоридан қатъи назар, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланади. Товарларни биринчи марта импорт қилувчи хўжалик субъектлари импорт шартномаси тузилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида ҳисобга туриши шарт. Барча импортёр хўжалик юритувчи субъектларни бир хилда қўшилган қиймат солиғи тўлашга ўтказилиши савдо ва ишлаб чиқариш соҳасида фаолият кўрсатувчи субъектларга бир хил солиқ режимида бўлишини таъминлайди. Бу эса уларнинг ўзаро нархлари бирхиллашига олиб келишига замин яратади.

Таъкидлаш жоизки, божхона расмийлаштируви жараёнида тўланган қўшилган қиймат солиғи кейинчалик ички бозорда реализация қилинган товарлар бўйича бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммасини аниқлашда ҳисобга олиниши солиқларни фақатгина янги қўшилган қийматдан тўланишини таъминлайди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг айланма маблағлари тежалишига сабаб бўлади ва товарлар нархини барқарорлаштиради.

Худди шундай семинар Қарши тумани ҳокимлиги мажлислар залида ташкил этилиб, унда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Алишер Қодировлар иштирок этишди. Тадбирга Қарши, Нишон, Касби ва Миришкор тумани туманларида фаолият юритаётган илғор фермер хўжаликлари раҳбарлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва бошқа мутасадди ташкилот масъул ходимлари иштирок этишди.

Фармонга асосан, 2019 йил 1 августдан бошлаб ягона ер солиғи тўловчиси бўлган қишлоқ хўжалиги корхоналари ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтадилар.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб, бензин, дизель ёқилғиси ва газ ёқилғиси қуйиш станциялари орқали сотадиган юридик шахслар (заправкалар)ҳамда товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланадилар.

Энг асосийси, қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини яратиш ва барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шароитларни таъминлаш мақсадида, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан қўшилган қиймат солиғи бўйича берилган имтиёзлар бекор қилинади.

Шунингдек, 2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида 1 миллиард сўмдан ортиқ пул айланмасини амалга оширган ёки 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилари қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланиши белгиланди.

–      Товарларни сотишдан тушумнинг миқдоридан қатъий назар бензин, дизель ёқилғиси ва газ ёқилғи қуйиш станциялари орқали охирги истеъмолчиларига сотадиган юридик шахслар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланиши белгилаб қўйилди, – дейди ДСҚ бўлим бошлиғи Айдос Қошанов. –  Республикамизда 1762 та бензин, дизель ёқилғи қуйиш станциялари мавжуд бўлиб, шундан 944 таси ёки 54 фоизи қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланади. Ушбу маҳсулотларга нархлар бир хил ўрнатилганига қарамасдан, ушбу соҳа корхоналари учун тенг рақобат муҳити яратилмай қолмоқда.

Худди шундай, 1217 та газ ёқилғи қуйиш станциялари мавжуд бўлиб, шундан 793 таси ёки 65 фоизи қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сифатида фаолият кўрсатмоқда. Истеъмолчиларга газ қуйиш шаҳобчалари орқали реализация қилинадиган газнинг сотув нархи эркин нарх асосида шаклланади ва бу ўз ўзидан қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлмаган корхоналарнинг даромадларини ошишига олиб келади ва эркин рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатади.

Импорт товарларга нисбатан имтиёзларни бекор қилишдан асосий мақсад бугунги кунда ушбу маҳсулотларга божхона тўловларидан солиқ имтиёзлари берилган бўлсада, аммо ушбу маҳсулотлар ички бозорда сотилганда қўшилган қиймат солиғи билан сотилиши белгиланган.

Импорт товарларни божхона тўловларидан озод қилиш каби солиқ имтиёзлари бекор қилиниши ички ишлаб чиқарувчиларни қўллаб қувватлаган ҳолда эркин рақобат муҳитини яхшилайди.

Нимага дейсизми, амалдаги ҳолатда ички ишлаб чиқарувчиларнинг ялпи тушуми

1 млрд.сўмдан ортиқни ташкил қилганлиги сабабли ишлаб чиқарилган товарларни (хом-ашёни) қўшилган қиймат солиғи билан сотишга мажбур бўлмоқда, айнан шунга ўхшаш товарни (хом-ашёни) чет элдан импорт қилиниши божхона тўловларидан озод қилинганлиги ўз ўзидан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг нарх бўйича рақобатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, амалдаги ҳолатда импорт қилинишида божхона тўловларидан, шу жумладан, қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган товарларни ички бозорда реализация қилиниши қўшилган қиймат солиғига тортилади. Бу ҳам ўз ўзидан божхона имтиёзлари берилишининг мазмунини йўқотади ва ягона солиқ тўловини тўловчилари ва қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ўртасидаги эркин рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатган ҳолда икки-уч хил нарх шаклланишига, яъни, ягона солиқ тўлови тўловчиси ҚҚСсиз ва ялпи тушуми 1 млрд.сўмдан ошган солиқ тўловчилар эса (6, 20 фоиз) ҚҚС билан қимматроқ нархлар шаклланишига сабаб бўлмоқда.

Фармонга асосан ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан белгиланган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинади.

Ушбу солиқ имтиёзларининг бекор қилинишидан асосий мақсад ягона ер солиғи тўловчиларини қўшилган қиймат солиғига ўтказилиши билан узвий боғлиқ бўлиб, қўшилган қиймат солиғи занжирининг узлуксизлигини таъминлайди.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, ягона ер солиғи тўловчилари қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлса-ю, улар томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қўшилган қиймат солиғидан озод этилса, кўзланган мақсад, яъни, қўшилган қиймат солиғининг занжиридаги узилишнинг бартараф этилишига эришилмайди.

Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар томонидан экспорт қилинаётган маҳсулотлар таннархини камайишига олиб келади.

Бироқ, экспорт қилинадиган ушбу маҳсулотлар рентабеллик даражаси ошади ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи фермерлар даромади ошишига имконият яратилади.

З. КЕЛДИЁРОВ