АСРЛАР ОША БАРҲАЎТ АНЪАНАЛАР

Iyul 23, 2019 0 By admin
119

ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган «Қашқадарё вилояти анъанавий ҳунармандчилигини сақлаш ва ривожлантириш» мавзусидаги ўн кунлик  тадбирнинг дастлабки кунида тадбир ташкилотчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида «Буюк Ипак йўли мероси йўлаклари: Ўзбекистон ҳудудларининг барқарор ривожланиши мақсадида номоддий маданий меросини сақлаб қолиш» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида Ўзбекистондаги ЮНЕСКО ваколатхонасининг раҳбари Ф. Пашаев, республика «Ҳунарманд» ассоциацияси раиси ўринбосари А. Ҳакимов, Маданият вазирлиги ходими Ш. Абдуллаева, Академик А. Ҳакимов ва бошқалар Ўзбекистонда анъанавий ҳунармандчиликни сақлаб қолиш ва ривожлантириш борасидаги амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва келгусида қилиниши лозим бўлган ишлар хусусида батафсил тўхталиб ўтдилар. Таъкидланишича, анъанавий халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш замон талабларидан биридир. Маълумки, воҳамиз Буюк Ипак йўлининг  марказида жойлашган бўлиб, бу ерда қадимдан савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик кенг ривожланган. Қадимий халқ ҳунармандчилигининг анъаналари тарқоқ холда бўлсада ҳозиргача сақланиб қолган.  Айниқса, Касби кулолчилиги, Косон каштадўзлиги ва Миришкор, Муборак гиламчилиги мисолида буни яққол кўриш мумкин. Ўн кунлик тадбир давомида  айнан ушбу ҳудудларда кулолчилик, каштадўзлик, гиламчиликни ривожлантириш ва уни сақлаб қолиш масалаларига эътибор қаратилади ҳамда ушбу соҳаларда  фаолият кўрсатиб келаётган ҳунармандлар иштирокида республикамиздаги тажрибали халқ ҳунармандчилиги усталари томонидан тренинг машғулотлари ўтказилади. Ушбу машғулотларда асосан маҳаллий аҳоли ўртасида қадимдан ривожланиб келган халқ ҳунармандчилиги анъаналарини қайта тиклаш ва уни ёшларга ўргатишга катта аҳамият берилади.

Давра суҳбатида иштирок этган ҳунармандлар ва журналистларнинг анъанавий халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш борасидаги кўплаб саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди.

Шунингдек, тадбир доирасида Қарши шаҳридаги «Одина» тарихий меъмориал мажмуасида халқ амалий ҳунармандчилик санъатига бағишланган кўргазмали семинар ҳам бўлиб ўтди. Унда ҳунарманд усталар томонидан ишланган ҳунармандчилик асарлари кўргазма иштирокчиларига намойиш қилинди.

Д. СУЛТОНОВ