ҲАР БИР МУРОЖААТГА АЛОҲИДА ЁНДАШИЛДИ

ҲАР БИР МУРОЖААТГА АЛОҲИДА ЁНДАШИЛДИ

Iyul 10, 2019 0 By admin
21

Бугунги кунда ҳар томонлама ривожланиш босқичи кечаётган мамлакатимизда аҳоли  манфаатларини таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилиб, давлат идоралари раҳбарлари зиммасига катта масъулият юкланмоқда. Шу боис, секторларга раҳбарлик  қилаётган идоралар мутасаддилари аҳоли ҳузурида бўлиб, улар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказишмоқда. Бундай учрашувлар давомида  аҳолини қийнаётган муаммолар ва бошқа масалалар юзасидан мурожаатлар тингланиб, уларнинг ечимини  топишга ҳаракат қилинмоқда.

Бу эса аҳолининг турмуш даражаси сифатини яхшилашга  хизмат қилаётир. Давлат идоралари  раҳбарлари аҳоли ҳузурига бориб, уларни қийнаётган муаммоларнинг ечимини топишга уринаётгани, бу борада тезкор чоралар белгиланаётганлиги одамлар ишончининг ортишига, фаровон ҳаёт кечиришига хизмат қилаётир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги «Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча-чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, ҳар бир ҳудудга бириктирилган сектор раҳбари  сайёр қабуллар ўтказиб, халқ дардини эшитишга ва имкон даражасида унга ечим топишга ҳаракат қилишмоқда.

Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий  ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятининг ташкил этилгани, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни тезлик билан ҳал этиш имконини бермоқда.

Вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Равшанжон Насимов томонидан ўтказиб келинаётган сайёр қабуллар жараёнида ҳам одамларни қийнаётган кўплаб масалалар ўрганилиб, ижобий ҳал этишга ҳаракат қилинмоқда. Нишон туманида ўтказилган сайёр қабулда ҳам 83 нафар фуқаро қатнашди. Уларнинг 23 нафари томонидан 34 та масалага оид мурожаатлар тингланди. Ушбу мурожаатларнинг аксарияти уй-жой, ер участкалари муаммолари юзасидан бўлиб, ушбу муаммоларни тезкорлик билан бартараф этиш учун мутасадди идораларнинг масъул раҳбарлари билан келишилган ҳолда маслаҳатлашилди.

Муаммоли масалаларни атрофлича ўрганиш учун муддатлар, ҳал этиш санаси қатъий белгиланди. Шунингдек, қишлоқ ва маҳаллалардаги носоз йўлларни таъмирлаш, электр энергияси соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш учун ҳам аниқ топшириқлар берилди.

Тадбир якунида ногиронлиги бор фуқароларга ногиронлик аравачалари  топширилди. Шунингдек, кам даромадли оилалар аъзоларига озиқ-овқат жамланмалари ҳам  тарқатилди.

З. ХАЛИЛОВ