ФИДОЙИЛИК ЭЪТИРОФИ

ФИДОЙИЛИК ЭЪТИРОФИ

Iyul 10, 2019 0 By admin
19

Мамлакатимизда жадаллик билан олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга етказишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёсдир. Одамларнинг ҳаққоний ахборотга бўлган эҳтиёжи соҳа ходимларидан янада кўпроқ изланишни, малакали ва билимли бўлиш билан биргаликда янгиликларни холислик, ҳаққонийлик ва тезкорлик билан таҳлил қилган ҳолда халқимизга етказишни талаб қилмоқда. Шу боис, оммавий ахборот воситалари ходимлари ўз ишларига янада масъулият билан ёндашишлари лозим бўлади. Кейинги пайтда соҳани ривожлантиришга, уни етук кадрлар билан таъминлашга бўлган эътибор янада кучайди.

Соҳа ходимларининг касб байрами нишонланадиган 27  июнь куни эълон қилинган «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора – тадбирлар тўғрисида» ги Президент қарорида ҳам бу жиҳатлар ўзининг яққол исботини топган. Қарорга кўра, эндиликда журналистнинг ахборот олишга бўлган ҳуқуқларига давлат органлари ва ташкилорлари раҳбарлари томонидан ҳеч қандай тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди. Қарорда бундан ташқари ҳам оммавий ахборот воситалари ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш борасида кўплаб жиҳатлар кўзда тутилган.

   Президентимизнинг матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига табригида шундай дейилган:  «Албатта, ўзининг билим ва салоҳиятига, ишчанлик фазилатларига ишонган раҳбар танқиддан қўрқмайди, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни халқ билан мулоқотнинг самарали воситаси, деб билади. Аслида ҳам бундай мулоқот тараққиётимизни таъминлайдиган энг асосий омиллардан биридир.» Бугунги кунда ушбу жиҳатга янада кенгроқ эътибор берилиб, давлат органлари ва ташкилотларининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги ривожланиб, улар фаолиятида очиқлик ва ошкоралик принципларига кенг амал қилинмоқда.

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан вилоят ҳокимлигида ўтказилган тадбирда ҳам журналистларнинг шарафли ва машаққатли меҳнатлари ҳақида сўз юритилди. Тадбирда вилоятдаги оммавий ахборот воситалари ходимлари ва соҳа фаҳрийлари иштирок этдилар.

– Журналистлик фидойиликни талаб қиладиган касб, – деди вилоят ҳокими Зафар Рўзиев. – соҳа ходимлари жуда билимли, ўзлари ёритаётган соҳадан чуқур хабардор бўлишлари лозим. Журналистларнинг тўғри сўзи, танқиди ҳаммага ҳам ёқавермайди. Лекин ҳаққоний ва холис танқид кўплаб ноқонуний ишларнинг олди олинишида муҳим омил бўлади. Шу боис, барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларга баҳо беришда, бу борада халқнинг фикрини ўрганишда оммавий ахборот воситаларининг ўзига хос ўрни бор.

   Тадбирда журналистика соҳасида кўп йиллардан буён самарали хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ соҳа вакиллари ва фахрийлари вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Журналистлар бундай рағбат ва эътирофдан мамнун эканликларини билдирдилар.

Вилоятимиз оммавий ахборот воситалари ходимлари ўз фаолиятларига масъулият билан ёндашиб, соҳада қатор муваффақиятларга эришиб келмоқдалар. Президентимиз фармонига кўра, касб байрами муносабати билан  мамлакатимизнинг бир гуруҳ фидойи журналистлари қаторида   ЎзАнинг вилоятимиздаги  фотомухбири Жамшид Норқобилов «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. Шунингдек, яна бир ҳамкасбимиз, истеъдодли журналист Нуриддин Эгамов «Йилнинг энг фаол журналисти» республика кўрик-танловида совриндор бўлди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтиришимиз мумкин.

Касб байрами куни вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан тўлиқ таъмирланиб, замонавий қиёфа касб этган вилоят телерадиокомпанияси биносида воҳамиз оммавий ахборот воситалари ходимлари ва фахрийлари бир пиёла чой устида суҳбатлашдилар, вилоятимиз санъаткорлари ижросида концерт дастури намойиш этилди.

Шу ўринда воҳамиз журналистларига эътиборнинг яна бир мисоли сифатида таъкидлаш жоизки, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан қайта таъмирланаётган Қарши шаҳридаги «Журналистлар уйи» барча қулайликларга эга бўлган ҳолда фойдаланишга топширилади.

Д. СУЛТОНОВ