ТАШАББУСКОР ТАДБИРКОРЛАР ТАНЛОВИ муносибларни саралади

ТАШАББУСКОР ТАДБИРКОРЛАР ТАНЛОВИ муносибларни саралади

Iyun 19, 2019 0 By admin
36

Маълумки, иқтисодиётни жадал ривожлантириш, ички бозорни сифатли ва харидоргир маҳсулотлар билан тўлдириш, экспорт ҳажмини кенгайтиришда кичик бизнес эгаларининг улуши кун сайин ошиб бормоқда. Бунда  тадбиркорларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганлиги, уларнинг фаолиятига кенг йўл очилганию, солиқлардан бир қатор имтиёзларнинг белгиланиши асосий омил бўлмоқда. Шу боис бугун юртимиз бозорларида «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» ёрлиғи остида савдога чиқарилган маҳсулотлар  хорижникидан қолишмайди, аксинча улар билан бемалол рақобат қила оладиган даражага етди. Тадбиркорлар ўз фаолиятларига замонавий технологияларни  жорий этишди, малакали мутахассислар билан биргаликда иш олиб борилмоқда. Бу эса ишлаб  чиқарилаётган маҳсулотлар экспортбор бўлишини таъминламоқда.

Қарши шаҳрида Президент соврини учун анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Ташаббус» кўриктанловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Халқ сайли сифатида ташкил этилган кўриктанловнинг вилоят босқичида 15 та туман ва шаҳар босқичларида энг яхши дея эътироф этилган  73 нафар ҳунарманд, фермер ва тадбиркорлар ўз йўналишларида ишлаб чиқарган саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, яратган ижодий ишлари, ҳунармандчилик намуналари билан иштирок этишди.

Танлов доирасида ташкил этилган кўргазмани кўздан кечирар экансиз, ишбилармон, ғайратли, ҳақиқий ташаббускор юртдошларимиз меҳнатига таҳсин айтасиз. Миллий ҳунармандчилик намуналари акс этган бежирим либослар, турли буюмларда уста ҳунарманднинг қалб қўри, кўз нури жо бўлган. Банкдан олинган имтиёзли кредитлар асосида  корхонага замонавий технологиялар келтириб, сифатли, рақобатбардош маҳсулотларни мижозларга етказиб бераётган тадбиркорнинг кўнглидан келгуси режалар ўтаётганлиги аниқ.

– Деҳқонобод туманидан келдим, – дейди якка тартибдаги тадбиркор Феруза Норқобилова. – Тадбиркорликка анчадан буён қизиқаман. Фаолият бошлашдан олдин қайси йўналишни танлашни кўп ўйладим, бозорни, харидорлар эҳтиёжини ўрганиб чиқдим. Ниҳоят, момиқ сочиқлар ишлаб чиқаришга қарор қилдим. Бу борада тегишли бизнес режа тайёрладим. Айни пайтда турли ҳажмдаги сифатли ва чиройли сочиқлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдим. 13 нафар ишчи доимий иш билан банд. Ишлаб чиқариш учун хомашёни Тошкентдаги Туркия билан қўшма корхонадан ярим тайёр ҳолида келтирамиз. Мато цехга келтирилгач, улар тикиш ва гул босиш жараёнларидан ўтади ва савдога чиқарилади.

Келгусида ниятим сочиқ учун ишлатиладиган хомашёни ўзимизда ишлаб чиқариш, яъни, пахтадан то ярим тайёр маҳсулотларгача бўлган жараёнларни ўзимизда ташкил этмоқчиман.

«Ташаббус» кўрик-танлови ҳар йили янгидан-янги ишбилармонлар номларини эълон қилиш билан чекланиб қолмайди. Танлов унинг иштирокчилари учун ўзаро танишув, тажриба ва маҳорат алмашинув майдончаси бўлиб ҳам хизмат қилади. Шаҳрисабз туманидаги «Ўтаганов Одилжон» фермер хўжалиги раҳбари Мўътабар Ўтагановада ҳам танлов ана шундай катта таассурот қолдирди.

– Хўжалигимизнинг 85 гектар ери бор, – дейди у. – Fалла, пахта, боғдорчилик  билан бир қаторда чорвачилик, қуёнчилик, паррандачилик  йўналишларида ҳам фаолият олиб борамиз. Бугунги танловда тажрибали, ўз ишининг устаси бўлган фермерлардан кўп нарса ўргандим, келгусидаги янги-янги режаларни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.

Кўрик-танловда «Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори», «Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори», «Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори», «Йилнинг энг яхши фермери» ва «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» каби 5 та асосий ҳамда ўндан ошиқ рағбатлантирувчи номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди.

Ҳакамлар ҳайъатининг хулосаларига кўра, «Саноат соҳасида  йилнинг энг яхши тадбиркори» йўналишида Шаҳрисабз шаҳридаги  «Экопарранда» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Муҳиддин Умидов, «Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори» йўналишида Яккабоғ туманидаги «Сетора имкон плюс» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Наргиза Салмонова, «Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори» йўналишида Қарши шаҳридаги «Зафар Fолиб экспресс» МЧЖ раҳбари Fолиб Пирназаров биринчи ўрин соҳиблари бўлишди. Шунингдек, танловда «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» дея китоблик Обиджон Тўраев  ҳамда «Йилнинг энг яхши фермери» дея Касби туманидаги «Юрт ризқи наслчилик» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Насрулло Худойбердиев эътироф этилди.

Fолибларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Ф.ҚОСИМОВА

Суратларда танловдан лавҳалар акс эттирилган.