МАВЗУЛИ ЭКСПРЕСС ЎРГАНИШ камчиликларни мустақил равишда бартараф этиш имконини беради

Iyun 19, 2019 0 By admin
149

Сўнгги йилларда барча соҳалардаги каби солиқ тизимида ҳам ўзгаришлар, янгиланишлар амалга оширилмоқда. Солиқ юки камайтирилиб, тадбиркорлар ва ишбилармонларга кўплаб қулайликлар яратилмоқда. Тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишлардан озод қилингани фикримизнинг яққол далилидир.

Бу тадбиркорлик субъектлари назорат қилинмайди дегани эмас, албатта. Бугунги кунда солиқ тўловчининг ҳузурига бормасдан давлат солиқ хизмати органининг ўзида амалга ошириладиган назорат тури борки, у камерал назоратдир. Бундан ташқари солиқ хизмати органи ходимлари томонидан мавзули экспресс-ўрганишлар ҳам ташкил этиб борилмоқда.

Камерал назорат нима? Камерал назорат солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган молиявий ва солиқ ҳисоботини, шунингдек, ташқи манбалардан олинган бошқа ҳужжатларни ўрганиш ҳамда таҳлил этиш асосида амалга ошириладиган назоратдир.

Камерал назорат – солиқ тўловчига аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликларни мустақил равишда бартараф этиш ҳуқуқини беради.

Аниқланган камчиликлар бўйича солиқ тўловчига талабнома юборилади. Талабномага жавобан тақдим этилган ахборотнинг ишончлилигини тасдиқлаш ёки ахборотни ўрганиш зарурлиги сезилса, мавзули экспресс-ўрганиш ташкил этилади.

Мавзули экспресс ўрганиш тадбиркорлик субъекти жойлашган  жойга чиққан ҳолда ўтказилиб, етти календарь кундан ортиқ бўлмайди. Солиқ тўловчилар ўрганиш тугагунига қадар аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликни мустақил равишда бартараф этишга ҳақлидир.

Ўрганишдан асосий мақсад солиқлар ва божхона имтиёзларини қўлланишининг қонунийлигини, устав капиталидаги давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик бирлашмаларининг  соф фойдаси ва дивидендларининг ҳисобланиши, солиқ тўловчининг банк ҳисоб рақамларидаги пул маблағлари ҳаракатидаги номутаносибликлар, ахборот тақдим этиш мажбурияти юкланган органлар ва ташкилотлардан солиқ органларига келиб тушган маълумотлар таҳлили бўйича аниқланган фарқлар, ташқи савдо шартномалари бўйича импорт ва экспорт маҳсулотлари нархларининг ошириб ёки тушириб кўрсатилишини аниқлашдан иборат. Шунингдек, ҳисоботда кўрсатилган ишлаб чиқариш, омборхона, савдо биноларини, шу жумладан, солиқ тўловчи томонидан даромад олиш учун фойдаланилаётган ёки солиқ солиш объектларини сақлаш билан боғлиқ бўлган жойларни кўздан кечириш, иш ўринлари сони, товар-моддий қимматликлар, асосий воситалар ёки бошқа мол-мулкнинг мавжудлиги кўздан кечирилади.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари томонидан 14 та ҳолатда 59 миллиард 900 миллион сўмлик маҳсулот камомади аниқланган. Масалан Қамаши туманида давлат рўйхатидан ўтган «Қамаши томорқа хизмати» масъулияти чекланган жамияти фаолиятига мос келмаса-да, шакар савдоси билан шуғулланган. Ташкилот 155 миллион сўмлик шакар маҳсулотини харид қилиб, нақд пулга сотиб юборган. Натижада ташкилот томонидан 155 миллион сўмлик камомадга йўл қўйилган.

7 та тадбиркорлик субъектлари томонидан 2 миллиард 100 миллион сўмлик имтиёзлардан нотўғри фойдаланиш ҳолати қайд этилган. Масалан, Нишон туманида давлат рўйхатидан ўтиб фаолият юритаётган «Л-Мадад» (номи ўзгартирилган) хусусий корхонаси умумий овқатланиш фаолиятида 2 миллиард 500 миллион сўмлик даромадни аутсорсинг (давлат ташкилотига озиқ-овқат етказиб бериш) хизмати сифатида қараб, 258 миллион сўмлик солиқлар ҳисобланмасдан қолган.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари томонидан 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида 76 маротаба мавзули экспресс ўрганишлар ташкил этилган. Ўрганиш ўтказилган ташкилотлардан 34 миллиард сўмлик қайта ҳисоботлар олинди. Йил бошидан буён 28 миллиард 200 миллион сўм маблағ буюджетга ундирилди.

Фаолиятимиз давомида кимдир билиб, кимдир билмасдан солиқ билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга йўл қўяётганлигига гувоҳ бўляпмиз. Ҳар жойда тош-тарози бўлгани каби соҳада ҳам бундай ҳолатларга нисбатан тегишли тартибда чора кўрилмоқда. Жумладан, ўтказилган ўрганишлар натижасида ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ 12 та ҳолатда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларга юборилди.

Солиқ тўловчи томонидан мавзули экспресс-ўрганишга тааллуқли ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахси томонидан бу тўғрисида далолатнома тузилади. Далолатнома илгари солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ахборотни ишончли эмас деб топиш учун асос бўлади.

Шомил Ҳамраев, ВДСБ бўлим бошлиғи