ЯШИРИН ЦЕХЛАР ФОШ ЭТИЛДИ

ЯШИРИН ЦЕХЛАР ФОШ ЭТИЛДИ

Iyun 10, 2019 0 By admin
9

Юртимизда тадбиркорлик  фаолияти билан шуғулланиш учун барча қулайликлар, шарт-шароитлар яратилганлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу борада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни яхши англаб етган юртдошларимиз ишбилармонлик салоҳиятини ишга солиб, улкан ютуқларга эришиб келаяптилар. Аммо айрим тадбиркорлар ўзларига билдирилган ишонч ва имтиёзлардан оқилона фойдаланиш ўрнига, ноқонуний фаолият кўрсатиш йўлига ўтиб олишган. Бу эса ўзлари учун  муаммолар юзага келишига сабаб бўлаётир.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 481 маротаба назорат тадбирлари ташкил этилди. Натижада ноқонуний фаолият билан шуғулланаётган фуқаролардан 480 миллион  сўмликдан ортиқ  товар ва моддий бойликлар олиб қўйилди.

Ўтган ойлар давомида Чироқчи туманида 56 маротаба рейд назорат тадбирлари  ўтказилиб, унда 26 нафар фуқаролар ҳеч  қандай ҳужжатсиз тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлиги аниқланди. 18 нафар фуқаролар эса ноқонуний тарзда  яширин цех фаолиятини йўлга қўйганлиги фош этилди. Ноқонуний  равишда алкогол, тамаки ва диск савдоси билан шуғулланаётган 7 нафар фуқаронинг қилмишлари  ҳам рейд давомида аниқланди.

Текширишлар давомида Чироқчи туманидаги Чилживит қишлоғида яшовчи И.Э. ҳеч қандай  ҳужжатларсиз озиқ-овқат маҳсулотлари  сотаётганлиги аниқланиб, 200 минг сўмлик маҳсулотлар, яна бир ҳолатда фуқаро О. Б. рухсатномасиз жун титиш  фаолияти билан шуғулланганлиги аниқланиб, жун титиш аппарати ҳам далилий ашё сифатида олиб қўйилди.

Шаҳрисабз туманида ҳам 48 маротаба рейд назорат тадбирлари ташкил этилиб, 31 нафар фуқаро ҳужжатсиз фаолият кўрсатаётганлиги маълум бўлди. 9 та ноқонуний цех  фаолияти фош этилди.  Текширишлар давомида  Бижном қишлоғида яшовчи Б.М. ҳужжатсиз  савдо-сотиқ фаолиятини йўлга қўйганлиги  аниқланди. Ундан 75 500 сўмлик ноозиқ-овқат  маҳсулотлари олиб қўйилган бўлса, Қутчи  қишлоғида яшовчи  яна икки нафар фуқарога рухсатсиз савдо фаолиятини амалга оширганлиги учун тегишли тартибда чора кўрилди.

Қарши шаҳрида ҳам 40 маротаба ўтказилган рейд назорати  текширувлари давомида 13 нафар фуқароларнинг ноқонуний  равишда тадбиркорлик  фаолияти билан шуғулланаётганлиги ошкор бўлди. 5 нафар фуқаро яширин цехлар фаолиятини йўлга қўйган. Қарши шаҳридаги «Ерқўрғон деҳ­қон бозори» АЖда  фуқаро Э. Ш. давлат рўйхатидан  ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келган. Ушбу фуқародан 1 миллион 696 минг  сўмлик ноозиқ-овқат маҳсулотлари олиб қўйилди.

Бундай ҳолатларни бош­қа туманлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Кейинги пайтларда давлатимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш юқори даражага олиб чиқилаётганлигига қарамасдан ўзим хон, кўланкам майдон, қабилида иш тутаётган фуқароларнинг учраётганлиги ниҳоятда ачинарлидир.

Ўтган беш ой давомида вилоят бўйича ўтказилган рейд назорат тадбирлари давомида 239 ҳолатда фуқароларнинг ҳужжатсиз фаолият кўрсатаётганликлари аниқланган бўлса, 97  та яширин цехлар фош этилди. Бундай ноқонуний ҳолатларга барҳам бериш мақсадида  ходимларимиз қишлоқ ва маҳаллаларда, тадбиркорлар ҳузурида бўлиб, фуқароларнинг тадбиркорлик фаолияти учун яратилаётган шароитлар, имтиёзлар ҳақида кенг қамровли тушунчалар беришмоқда. Мақсадимиз фуқароларнинг моддий фаровонлигининг ошишига  хизмат қилишдан, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бу борадаги қоидабузарликларнинг олдини олишдан иборат.

Зариф КЕЛДИЁРОВ