ПАСПОРТЛАШТИРИШ ТАДБИРЛАРИ камчиликларни мустақил бартараф этиш имконини яратмоқда

ПАСПОРТЛАШТИРИШ ТАДБИРЛАРИ камчиликларни мустақил бартараф этиш имконини яратмоқда

Iyun 10, 2019 0 By admin
66

Қарши шаҳридаги «Кунчиқар» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Зулфизар Каримова яшаш хонадонида тегишли ҳужжатларсиз, 14 та тикиш машинасини сотиб олиб, тикувчилик цехи ташкил этган. Бу кичик цехда 4 нафар ишчи фаолият кўрсатиб келмоқда. Хўш, фуқаро бу хатти-ҳаракати ноқонуний эканлигини англаганми? У нима учун ноқонуний фаолият билан шуғулланган?

Жойларда бўлган солиқ ходимлари ушбу ҳолат юзасидан фуқарога амалдаги тартиб-қоидаларни тушунтириб, тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиши таъминланди. Шунингдек, цеҳда ишлаб келаётган ходимлар фаолияти ҳам тўлиқ буйруқлаштирилди.

Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар яратиш, фаолиятида маълум тўсиқларга учраётган фуқароларга кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун тадбиркорлик билан шуғулланаётган шахслар фаолиятида камчиликлар аниқланган тақдирда ҳам уларга хатоларини бартараф этиш учун имконият ва кўмак берилмоқда.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 июндаги «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан паспортлаштириш тадбирлари ўтказилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жами 7 минг 304 та объектлар ўрганилган бўлса, уларда жами 12 минг 14 та ноқонуний ҳолатлар аниқланди. Ана шундай ноқонуний ҳаракатлардан 6 минг 94 таси бартараф этилди.

Ўтказилган тадбирлар давомида 1 минг 985 нафар фуқаронинг ноқонуний фаолият олиб бораётгани аниқланди. Солиқ ходимларининг олиб борган саъй-ҳаракатлари натижасида уларнинг 964 нафари ўз фаолиятини амалдаги тартиб-қоидалар асосида йўлга қўйишига эришилди.

Шунингдек, текшириш давомида мавжуд ҳужжатидаги фаолият тури амалдаги фаолиятига мос келмайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар борлиги ҳам аниқланди. 204 нафар ана шундай тадбиркорлардан 80 нафарининг фаолияти тўғри йўлга қўйилди.

– Юртимизда тадбиркорларга берилаётган имкониятлар сабабли ўз фаолиятимни бошлаган эдим, – дейди Қарши шаҳрилик Зулфизар Каримова. – Шу мақсадда 14 та тикиш машинасини сотиб олдим. Агар ишим ривожланиб кетса, давлат рўйхатидан ўтиш ниятида эдим. Мана, қисқа фурсатда ўз мижозларимизга эга бўлдик. Шунга яраша даромад ола бошладик. Солиқ идораси ходимлари келиб, рўйхатдан ўтишим кераклигини айтишди, бу борада тегишли тушунтиришлар беришди. Бугун мен қонуний тартибда тадбиркор сифатида иш бошладим.

Шунингдек, ўтказилган тадбирларда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан 1 минг 466 нафар ишчиларнинг ноқонуний меҳнат қилаётгани аниқланган. Шундан 1 минг 50 нафари бугунги кунда ёлланма ишчи сифатида рўйхатга олинди. Авваллари, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси юқорилиги сабабли, айниқса, умумий овқатланиш шохобчалари ўз ишчиларини буйруқлаштирмасдан, уларга  конверт усулида ҳақ тўлаб келганлар. Даромад солиғи ставкасини 12 фоизга туширилиши кўплаб ишчиларни қонуний буйруқлаштириш ва уларга ҳақ тўлаш имконини яратди.

-Корхонамизга қарашли ошхонамизда 11 нафар ходим ишлаётган эди, – дейди «Ражаб ота» хусусий корхонаси бош ҳисобчиси Фарҳод Аллаев. – Даромад солиғи ставкасининг баландлиги сабабли, барча ишчиларни буйруқлаштиришга қийналар эдик. Солиқдаги ўзгаришлар сабаб шу йилнинг ўзида жами 18 нафар ишчини тўлиқ буйруқлаштириб, уларга меҳнат дафтарчаларини очдик.     

Маълумотларга қараганда, юридик шахсларда аниқланган норасмий ишчилар сони 851 нафарни ташкил этган бўлса, шундан 427 нафар ишчи ҳозирги кунда расман ишга олинган.

Бундан ташқари вилоятда рўйхатга олинмаган объектлар сони 722 тани ташкил этиб, бугунги кунда уларнинг 460 таси рўйхатга олиниши, ижара шартномаси тузмаган ёки кам суммага шартнома тузган объектлар сони 2 минг 644 тани ташкил этиб, шундан 1 минг 644 та объектдаги ҳолатлар бартараф этилиши таъминланди. Назорат касса машинасини ишлатмаётган 1 минг 765 та тадбиркорлик субъектлари аниқланган бўлса, 460 нафар тадбиркор мазкур ҳолатларни бартараф этди. 1 минг 273 та тўлов терминаллари йўқ тадбиркорлик субъектларининг 365 тасида камчиликлар  тузатилишига эришилди.

Шунингдек, банкда ҳисоб рақам очмасдан фаолият олиб бораётган 1 минг 55 та тадбиркорлик субъектлари аниқланиб,  улардан 439 нафари бундай ноқонуний ҳолатларни бартараф этди.

Олиб борилаётган бу каби тадбирларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан фуқароларни жазолаш эмас, балки камчиликларни мустақил бартараф этиб, амалдаги тартиблар асосида фаолият олиб боришларига кўмаклашишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Ф.ЖАББОРОВ, ВДСБ шуъба бошлиғи