МУАММОЛАР ИЖОБИЙ ҲАЛ ЭТИЛМОҚДА

МУАММОЛАР ИЖОБИЙ ҲАЛ ЭТИЛМОҚДА

May 30, 2019 0 By admin
58

Бугунги кунда давлат солиқ хизмати органлари олдига халқ орасига кириш, халқ билан яқин мулоқот қилиш ҳамда уларнинг дардини эшитиб, оғирини енгил қилиш муҳим вазифа этиб белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги «Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4102-сонли қарорига асосан, ҳар-бир ҳудудга бириктирилган сектор раҳбари Сайёр қабуллар ўтказиб, аҳолининг дарди билан яшаб, инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият эканлиги, «халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак»лигини амалда исботламоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари Баҳодир Туробов томонидан Миришкор туманида ўтказилган Сайёр қабул ҳам аҳолининг муаммоларини ижобий ҳал этишга хизмат қилди. Ўтказилган учрашувда 113 нафар аҳоли ва тадбиркорлар қатнашди. Уларнинг 30 нафаридан турли хил мазмундаги муаммолар юзасидан мурожаат келиб тушди.

Хусусан, имтиёзли банк кредити ажратиш, соғлиқни сақлаш боасидаги мурожаатлар жойида бартараф қилинди ва қолган мурожаатлар қисқа фурсатларда кўриб чиқиб, ижобий ҳал этилиши юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Нишон тумани, «Бунёдкор» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Жумагул Тиловова қизи I гуруҳ ногирони эканлиги сабабли, унга ногиронлик аравачаси олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ушбу фуқаронинг мурожаати шу ернинг ўзида ҳал этилди. Шунингдек, Миришкор тумани «Нуристон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳам маҳалласида яшовчи фуқаро Саломат Панжиева ногиронлиги сабабли юра олмаслигини билдирди. Унинг ногиронлик аравачасига зарурати борлигини айтиб ўтди.

Бу муаммо ҳам жойида ечимини топди.

Сайёр қабул давомида, халқ орасига кириш, халқ билан яқин мулоқот қилиш ҳамда уларнинг дардини эшитиб, оғирини енгил қилиш мақсадида ўтказилган очиқ мулоқот ва сайёр қабул якунлари, шунингдек, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида вилоят давлат солиқ хизмати органлари кўмакчи бўлиши кераклиги таъкидланди.

Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш, айниқса, аҳолининг кам таъминланган, жисмоний-ақлий имконияти чекланган қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш, талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб муносиб шароит яратишга қаратилаётган алоҳида эътибор ёрқин ифодасини топди.

Ф. ЖАББОРОВ