ҲАҚҚОНИЙЛИК ВА ХОЛИСЛИК МЕЗОН БЎЛСА…

May 30, 2019 0 By admin
18

Ҳозирги даврда ахборот тарқатиш  ва унга бўлган эҳтиёж ҳар қачонгидан-да тезлашиб, ривожланиб бормоқда. Бир янгиликни илғамай туриб, кейингиларидан ҳабардор бўлишга интилади кишилар. Аҳборотлар, энг аввало, тезкорлик билан бирга холислик ва ҳаққонийлик тамойилларига таянган ҳолда тарқатилиши зарур. Ҳар доим ҳам ана шу талабларга амал қилинаяптими? Афсуски, бу саволга жавоб бериш мушкул.

Бугунги кунда турли хилдаги веб-сайтлар орқали тарқатилаётган хабарларда воқеа-ҳодисаларга ҳар доим ҳам холислик билан ёндашилмоқда, деб бўлмайди. Бу борада хорижий электрон оммавий ахборот воситаларининг айримлари томонидан юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни бузиб кўрсатишга, «тирноқ остидан кир излаш»га интилиш ҳоллари учраб турибди. Тўғри, кўплаб хорижий оммавий ахборот воситалари томонидан Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузи тобора ошиб бораётгани холислик билан эътироф этилмоқда. Бироқ, шоли курмаксиз бўлмаганидек, айрим шоввоз мухбирлар учраб турибдики, улар ўзларини «муҳолифат» деб атаётган бир ҳовуч буғунчи тўдаларнинг тегирмонига сув қуймоқдалар. Бу билан айрим юртдошларимизнинг фикрини чалғитишга уринмоқдалар.

Бундай бузғунчи ахборотларга қарши ҳаққоний ва холисона ёритилган материаллар билан жавоб бериш ўзини шу Ватан фарзанди деб билган ҳар бир оммавий ахборот воситаси ходимининг инсоний бурчидир.

Мамлакатимизда ривожланишнинг бешта устувор йўналишлари белгилаб берилган Ҳаракатлар стратегиясида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик, қўшни давлатлар билан ўзаро дўстона алоқаларни олиб боришга алоҳида эътибор берилган. Ана шу тамойилларга амал қилинган ҳолда юртимизда кўплаб ибратга лойиқ ишлар амалга ошириб келинаяпти. Лекин баъзи бир хориж оммавий ахборот воситалари вакиллари бундан атайин кўз юмиб, одамларда норозилик кайфиятини уйғотишга ундайдиган нохолис, ёлғон ва бўҳтондан иборат ахборотлар беришга интилаётганларини қандай изоҳлаш мумкин?!

Бундай нохолис ахборотларни тарқатиш жаҳон журналистикасининг ҳеч бир меъёрларига тўғри келмайди. Бу каби ўқувчини чалғитувчи хабарлар тарқатилишига эса бефарқ қараб бўлмайди. Юртдошларимиз, айниқса, ёшлар онгида интернетдан ва  замонавий ахборот коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиш маданиятини шакллантириб, уларда ҳақиқат ва ёлғонни ажрата олиш, буғунчи тўдаларнинг информацион хуружларига учмаслик, ахборотлардан тўғри фойдалана олиш иммунитетини ривожлантиришимиз даркор. Токи, ҳеч бир ёш юртдошимиз ёлғон даъватларга учиб жаҳолат қурбонига айланмасин.

Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда вилоят ҳокимининг ўринбосари Д. Аллаев шу масалалар хусусида тўхталиб ўтди. Йиғилишда воҳамизда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситаларининг раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари вилоятдаги йирик бошқарма ва муассасаларнинг матбуот хизматлари бошлиқлари иштирок этдилар.

Йиғилишда оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, интернет нашрларида эълон қилинган материлларга ҳозиржавоблик билан муносабат билдириш ва бу ахборотларда холислик ва ҳаққонийлик таъминланганлигини мониторинг қилиш мақсадида журналистлар, блоггерлар ва АКТ мутахассисларидан иборат етти кишилик ишчи гуруҳи ташкил этилди ва унинг келгусидаги вазифалари белгилаб берилди.

Бундан ташқари, матбуот хизматлари фаолиятидаги камчиликлар ҳам очиқ-ошкора танқид қилинди ва матбуот хизматлари фаолиятини янада ривожлантириш хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, эндиликда вилоят ва туманлардаги барча нуфузли бошқарма ва ташкилотларнинг раҳбарлари иштирокида матбуот анжуманлари ўтказиб турилишига келишиб олинди.

Хулоса қилиб айтганда, ҳаққонийлик ва холисликка амал қилинган ҳолда тарқатилган ахборотларга одамлар ишонади. Шу тамойилларга таяниб, фаолият юритган оммавий ахборот воситалари халқнинг ишончли ҳамкорига айланиб бораверади.

Д. СУЛТОНОВ