МУАММОЛАР ЖОЙИДА ҲАЛ ҚИЛИНМОҚДА

МУАММОЛАР ЖОЙИДА ҲАЛ ҚИЛИНМОҚДА

May 23, 2019 0 By admin
73

Одамларнинг дардига қулоқ тутиш, муаммоларига ечим топиб аҳоли учун қулай шарт-шароитларни яратиб бериш бугунги кундаги долзарб вазифалардан саналади. Шу боис, давлат идоралари  ходимлари тез-тез одамлар орасига бориб уларни қийнаётган муаммоларни жойида  ҳал қилишга ҳаракат қилишмоқда. Яқинда  ана шундай тадбирлардан бири Муборак тумани «Тонг» МФЙ ҳудудидаги «Маржон» сиҳатгоҳида  бўлиб ўтди. Унда вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, IV-сектор раҳбари Равшанжон Насимов ҳамда мутасадди идора ва ташкилотлар раҳбарлари қатнашиб, одамларни  қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўришди.

Сайёр қабулда туманда истиқомат қилувчи 180 нафардан ортиқ фуқаролар иштирок этишди. Тадбирда асосан ишсизлик муаммосини бартараф этиш, кам даромадли оилалар уй-жойларини таъмирлаш, имтиёзли кредитлар ажратиш ва бошқа муаммоларни ўз ичига олган 52 та мурожаат келиб тушди.

«Кўҳнашаҳар» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Хушвақт Эшонқулова яшаб турган уйининг том қисми шифер бўлмаганлиги туфайли ёғингарчилик кунларида  фарзандлари билан азият чекиши, бу муаммони ҳал этиш учун ўзида имкон йўқлигини айтиб ёрдам сўради. «Бўстон» МФЙ ҳудудида яшовчи Санобар Мардонова ҳам ҳудди шундай муаммо билан мурожаат қилди. Уларнинг яшаш уйлари том қисмини таъмирлаш туман  ҳокимлиги томонидан амалга ошириладиган бўлди. «Кўҳнашаҳар» МФЙ ҳудудида яшовчи Сайфулла Эшмуродов эса дурадгорлик  фаолиятини ривожлантириш учун 30 миллион сўм кредит ажратишларини сўраб мурожаат қилди.  Унинг бу мурожаати ҳам АТ «Халқ банки» Муборак  бўлими томонидан  тез кунда ҳал қилинадиган бўлди.

–    Оилавий қийинчиликлар сабаб бир неча йиллардан буён яшаб турган уйимнинг том қисмини шифер билан ёпишга имконим йўқ – дейди «Бўстон» маҳалласида яшовчи С. Мардонова. – Менга шифер олиб берадиган ва қурилиш ишларида амалий ёрдам кўрсатадиган  бўлишди. Бунинг учун Президентимизга ва мутасадди ташкилот раҳбарларига  ўз миннатдорчилигимни  билдираман.

Одамларнинг яхши яшаши учун ҳар томонлама имкон яратиш, жамиятнинг  фаол аъзосига айланишлари  учун кўмаклашиш бугунги кунда ҳар бир  раҳбарнинг  кундалик юмушига айланган. Ушбу  тадбирда  ҳам бандлик, бепул даволаниш, кам  фоизли кредит олиш, газ баллонлари олиш билан боғлиқ 20 та муаммо жойида  ҳал қилинди. 4 та масала юзасидан қилинган мурожаатлар эгаларига ҳуқуқий тушунчалар берилди. Қолган масалалар бўйича қилинган мурожаатлар  мутасадди ташкилотлар вакиллари томонидан назоратга олиниб, тез кунларда  бартараф этиш учун топшириқлар берилди.

Ҳар бир киши ҳаётга келдими, бахтиёр яшашга интилади. Уларнинг бахтли яшаш орзусини рўёбга чиқаришга  ёрдам бериш  энг эзгу фазилатлардан. Бу борада хайрли ишларга қўл урилаётганлигидан барча мамнун. Сайёр қабул якунида IV-сектор ишчи гуруҳи  аъзолари  томонидан кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ва уйида ёлғиз таълим олаётган  ёшларга  ўқув қуроллари, бадиий китоблар  ва озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.

Зиёдулла ХАЛИЛОВ