ЎҚУВЧИЛАР СОЛИҚ ИНСПЕКЦИЯСИГА САЁҲАТ ҚИЛИШДИ

ЎҚУВЧИЛАР СОЛИҚ ИНСПЕКЦИЯСИГА САЁҲАТ ҚИЛИШДИ

May 23, 2019 0 By admin
56

Бугун мамлакатимиз иқтисодиёт тизимида рўй бераётган туб ислоҳотлар жараёни солиқ соҳасида ҳам ўзининг яққол ифодасини топмоқда. Бу ислоҳотларни оддий солиқ тўловчи сифатида солиқ юкининг изчил камайтирилганлиги, солиқ солиш тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлардан ҳам билиш мумкин . Солиқ тўловчиларда солиқ тўлаш маданиятини шакл­лантириш, бу борада етарли билим ва кўникмаларга эга бўлишлари ҳам ислоҳотлар жараёнида жуда муҳим саналади. Айниқса, ёшлар ўртасида солиқ билимларини кенг тарғиб қилиш, тизимдаги янгилик ва ўзгаришлардан уларни  ўз вақтида хабардор этиб бориш келгусида ўзининг ижобий натижаларини бериши аниқ.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб- қувватлаш жамоат фонди гранти асосидаги «Солиқ тизими – ёшлар нигоҳида» лойиҳасидан кўзланган мақсад ҳам ёшлар ўртасида солиқ қонунчилигини кенг тарғиб этиш, уларда солиқ маданиятини шакллантириш каби вазифалардан иборат.  Лойиҳа  доирасида ўтказилган навбатдаги тадбирда Қарши банк коллежи ўқувчи ёшлари Қарши шаҳар Давлат солиқ инспекциясига саёҳат уюштиришди. «Хазина» газетаси таҳририяти аъзолари, коллеж ўқувчи ва ўқитувчилари шу куни инспекциянинг бир кунлик иш фаолиятига гувоҳ бўлишди.

Маълумки, жойларда фаолият олиб бораётган солиқ идораларида ҳар бир кун қизғин меҳнат жараёнига бой бўлади. Инспекциянинг ҳар бир бўлим ва шуъбалари учун белгиланган режа ва топшириқлар борки, уларнинг муваффақиятли ижроси барча учун бирдек манфаатли. Саёҳат давомида ўқувчилар инспекцияда солиқ тўловчилар учун яратилган шароитлар, солиқ ходимларининг иш тартиблари билан яқиндан танишдилар. Қарши шаҳар ДСИ солиқ сервис давлат унитар корхонаси бош мутахассиси Ўктам Умировнинг солиқ тизими, унда мазкур йилда қандай ўзгаришлар амалга оширилгани ҳақидаги маълумотлари ёшлар учун айниқса, қизиқарли бўлди.

– 2018 йилнинг 29 июнь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги Фармони давлатимиз солиқ тизимида янги даврни бошлаб берди, – дейди Ўктам Умиров. – Жумладан, 2019 йил 1 январдан бошлаб, 2018 йил якуни бўйича йиллик товар айланмаси  1 млрд.сўмдан ошмаган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ягона солиқ тўловини тўлашлари мумкин эди. 2019 йилдан бошлаб ягона солиқ тўловининг базавий ставкаси 4 фоизни ташкил қилади ва солиқ солиш объектига эга бўлган барча ягона солиқ тўловчилар мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув солиғини тўлашга мажбурдирлар. Улар учун қўшилган қиймат солиғини ихтиёрий асосда тўлаш имконияти сақлаб қолинади.

 Юридик шахслар фойда солиғида асосий ўзгаришлар солиқ ставкаларига ҳамда чегириладиган ва чегирилмайдиган харажатлар таркибига тегишли бўлди. 2019 йилда фойда солиғи ставкаси кўпчилик юридик шахслар учун камайтирилади. Эътиборлиси,  жорий йил 1 январдан бошлаб ялпи тушуми уч миллиард сўмдан ошмайдиган корхоналар учун қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилмоқда. Ушбу тартиб кичик бизнес субъектларини ҚҚС солиғини тўлашга ва мазкур солиқ бўйича ҳисоб-китобларни соддалашган тартибда олиб боришда кўникма ҳосил қилиш учун киритилмоқда. ҚҚСни тўловчилар учун янги имтиёз берилди, яъни  Солиқ кодексининг 208-моддасига кўра,  2019 йилдан ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган рўйхат бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган озиқ-овқат маҳсулотлари қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод этилган. Тизимдаги бу каби ўзгаришлар унинг шаффофлиги ва жозибадорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Тадбир давомида ўқувчилар инспекциянинг барча бўлимларида бўлишди. Иш жараёни билан яқиндан танишишди.

– Бугун ўқувчиларимиз учун таассуротларга бой, қизиқарли бўлди, – дейди коллеж ўқитувчиси Акмал Каримов. – Уларнинг солиқ соҳасидаги билимлари ошди, тизим ҳақидаги тасаввурлари кенгайди. Айримлар эса келгусида солиқчи бўлишни ҳам қатъий мақсад қилдилар, десам адашмайман. Чунки солиқчилик  касблар орасида шарафли, ҳам масъулиятли бўлиши билан кўплаб ёшларни ўзига тортади.

–    Менга, айниқса, камерал бўлими фаолияти жуда ёқди, – дея ўз таассуротларини ўртоқлашди коллеж ўқувчиси Заҳро Баратова. – Мутахассисларнинг хатти-ҳаракати, солиқ тўловчилар билан қилаётган муомаласидан уларнинг билим ва тажрибаси, маҳорати шундоққина кўриниб турибди. Бу ерда ишлаётган солиқчиларга жуда ҳавас қилдик.

–    Ҳар бир олинган назарий билим амалиётда қўллансагина мустаҳкамланади, натижа беради, – дейди коллежнинг солиқ фани ўқитувчиси Дилдора Тўраева. – Солиқ инспекциясига қилинган бугунги саёҳатда ўқувчиларимиз дарсларда олган назарий билимларини амалиётда қандай қўлланилаётганидан хабардор бўлишди, жараённи ўз кўзлари билан кўришди. Ўқув йили давомида  жисмоний ва юридик шахсларга солиқ солиш, ҳисоботларни тайёрлаш ва топшириш, қолаверса, солиқ соҳасидаги ўзгаришлар ҳақида кўплаб мавзулар ўтганмиз. Бугун бу ерда эса уларнинг ана шу олинган билимлари янада мустаҳкамланди, деб ишонаман.

Тадбир якунида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутахассисларга мурожаат қилишди. Улар жонли мисоллар билан, инспекцияга ташриф буюрган солиқ тўловчилар мисолида саволларга батафсил жавоб беришди.

Ф.ҚОСИМОВАСуратларда тадбирдан лавҳалар акс эттирилган.