ОРТИҚЧА ХАРАЖАТЛАРНИ КАМАЙТИРИШ КОРХОНА ДАРОМАДИ ОШИШИНИНГ ГАРОВИ

ОРТИҚЧА ХАРАЖАТЛАРНИ КАМАЙТИРИШ КОРХОНА ДАРОМАДИ ОШИШИНИНГ ГАРОВИ

May 23, 2019 0 By admin
135

Маълумки, корхона ва ташкилотларнинг даромади ошишида кераксиз харидларни қисқартириш ва харажатлар ҳисобини тўғри юритиш муҳим аҳамиятга эга. Солиқ солишнинг адолатлилигини таъминлаш мақсадида фойда солиғини ҳисоблашда корхона харажатлари икки гуруҳга ажратилади. Унда корхонанинг маълум бир харажатлари фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташланса, бошқа харажатлари чегирилмайди.

Келинг, тушунарли бўлиши учун буни Қарши шаҳридаги «Универсал қурилиш» маъсулияти чекланган жамияти мисолида кўриб чиқамиз.

1-босқич: Чегириладиган ҳаражатлар

«Универсал қурилиш» МЧЖ шаҳардаги кўп қаватли уйлардан бирини қурмоқда. Табиийки, лойиҳани амалга ошириши учун қатор харажатлар кутиб турибди. Масалан, қурилиш материалларини харид қилиши, транспорт воситалари учун ёқилғи ва эҳтиёт қисмлари сотиб олиши, бажарилаётган хизматлар учун ишчи-ходимларга ойлик-маош тўланиши зарур. Бунинг устига ҳисобга олинган асосий воситалар ва номоддий қийматликларнинг амортизация харажатлари ҳам бор. Бу каби харажатлар «Универсал қурилиш» МЧЖнинг фойда солиғи ҳисоблашда чегириб ташланади. Бундан ташқари, лойиҳани амалга ошириш жараёнида ўзга юридик ва жисмоний шахсларнинг транспорт хизматларидан ёки техник ходимларидан фойдаланаётган бўлса, бу харажатлар ҳам фойда солиғини ҳисоблашда чиқариб ташланади.

2-босқич: Чегирилмайдиган харажатлар

«Универсал қурилиш» МЧЖнинг фойдасини аниқлашда қуйидагилар чегирилмайдиган харажатлар гуруҳига киради. Масалан, табиий камайиши нормаларидаги ортиқча йўқотишлар ва бузилишлар, яъни цемент ёки оҳак эътиборсизлик туфайли яроқсиз ҳолга келса, йўқотилган маҳсулот учун қилинган ҳаражат чегирилмайди.

Бундан ташқари, хизмат мақсадида ходимнинг шахсий автотранспортдан фойдаланганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган нормалардан ортиқча тўланган тўловлар, ҳомийлик ва хайрия ёрдами тарзидаги маблағлар учун қилинган харажатлар ҳисобга олинмайди.

Шунингдек, кредит шартномасида муддатли қарзлар учун назарда тутилган ставкалардан ортиқча бўлган, тўлов муддати ўтган ҳамда узайтирилган кредитлар бўйича фоизлар, лойиҳалардаги ва қурилиш-монтаж ишларидаги камчиликларни, шунингдек объект ёнидаги омборгача ташиб келтирилиши чоғида юз берган бузилишлар бўйича харажатлар, айбдорлари аниқланмаган ўғирликлар ва камомадлардан ёки зарур суммаларнинг ўрнини айбдор тараф ҳисобидан қоплаш мумкин бўлмаганда кўрилган зарарлар, текширувлар натижаларига кўра қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар фойда солиғини ҳисоблашда чегирилмайди.

На корхонага, на бюджетга…

Хулоса қилиб айтганда, солиқ солинадиган база жами даромаднинг чегириб ташланадиган харажатлардан қолган қисмидир. Чегирилмайдиган харажатларнинг ортиб кетиши корхона фойдаси камайишига олиб келади ва бунда корхона таъсисчиларини манфаатларига зарар келтирилади. Яъни улар томонидан оладиган улуш (дивиденд) суммаси қисқаради. Шу билан бирга давлат бюджетига дивиденд ҳисобидан тўланадиган солиқ суммаси ҳам камаяди.

Кўриниб турибдики, ортиқча харажатлар фақат корхонага эмас, бюджет манфаатларига ҳам зиён келтирмоқда. Шундай экан, ҳар бир ишни вақтида ва сифатли бажариш орқалигина «йўқ» жойдан пайдо бўлиб қоладиган харажатларнинг олдини олиш мумкин. Ахир, бизнес тадбиркорга ҳам, жамиятга ҳам фақат фойда келтирмоғи шарт.

Зариф КЕЛДИЁРОВ,

вилоят давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси ходими.