9 май – Хотира ва қадрлаш куни ИНСОН ҚАДРИ УЛУҒ – ХОТИРА МУҚАДДАС

9 май – Хотира ва қадрлаш куни ИНСОН ҚАДРИ УЛУҒ – ХОТИРА МУҚАДДАС

May 10, 2019 0 By admin
116

Президентимизнинг жорий йил 23 апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятимиздаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига, фронторти меҳнат фахрийларига, мустақиллик йилларида Ватанимизни ҳимоя қилиш йўлида жон фидо қилган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий кўмак кўрсатилди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига Президент совғалари билан биргаликда бир марталик 7 500 000 сўм миқдорида пул мукофотлари берилди.

Қарши шаҳридаги “Ватанпарварлар боғи”да уруш қатнашчилари ва ёш авлод учрашуви ташкил этилиб, унда фахрийлар урушнинг халқ бошига келтирган чексиз мусибатлари ҳақида гапириб, бугунги тинч ва осуда кунларнинг қадрига етиш зарурлиги ҳақида сўзлаб беришди. “Ватанпарварлар боғи”да ташкил этилган уруш даври жанг солномалари акс эттирилган экспонатларни томоша қилиб, уруш инсоният учун мислсиз хавф-хатар  ва фалокат эканлигига яна бир карра амин бўлишди.

Иккинчи жаҳон урушида юртдошларимиздан бир ярим миллионга яқин киши қатнашган бўлса, улардан 450 мингдан ортиғи жангларда ҳалок бўлишган. Уруш фахрийлари жанггоҳларда ҳалок бўлган сафдошлари хотирасини ёдга олиб, ёшларга уруш даҳшатларини қоралаб, тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, она Ватанимиз тинчлигини  кўз қорачиғидек сақлаш барчанинг ватанпарварлик бурчи эканлигини таъкидлаб ўтдилар.   

9 май куни эрта тонгдан Қарши шаҳри марказидаги Мотамсаро она хайкали пойига гулчамбарлар қўйилди. Унда вилоятимиздаги давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари, талаба ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашдилар.  Тантанали маросимда вилоят Давлат солиқ бошқармаси ходимлари ҳам иштирок этиб, Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, аждодлар хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

Д. СУЛТОНОВ