КЎПЛАБ МУАММОЛАРГА ЕЧИМ ТОПИЛДИ, ЁРДАМГА МУҲТОЖЛАРГА МЕҲР-МУРУВВАТ КЎРСАТИЛДИ

КЎПЛАБ МУАММОЛАРГА ЕЧИМ ТОПИЛДИ, ЁРДАМГА МУҲТОЖЛАРГА МЕҲР-МУРУВВАТ КЎРСАТИЛДИ

May 10, 2019 0 By admin
26

2017 йилнинг декабр ойида юз берган кутилмаган автоҳалокат Оғабек Асадуллаевнинг ногирон бўлиб қолишига сабабчи бўлди. Бу ҳол эса унинг бошқа тенгдошлари сингари мактаб партасида таҳсил олиш бахтидан мосуво қилди. Шундай бўлса-да, Оғабекдаги билим олишга бўлган иштиёқи сўнмади. Унга мактаб томонидан муаллим тайинланиб уйда таҳсил оладиган бўлди.

Ўғлининг хонтахта атрофида чўккалаб дарс тайёрлашга қийналаётганини кўрган она 4-сектор ишчи гуруҳи аъзоларидан ўқув партаси сўраб мурожаат қилади. Онанинг ушбу мурожаати мутасаддилар эътиборидан четда қолмай, Оғабекка парта ва стул, ўқув дарсликлари ва бадиий китоблар олиб келиб берилди.

–      Ўғлим келажакда шифокор бўлишни ўз олдига мақсад қилган, – дейди Оғабек Асадуллаевнинг онаси Шаҳноза Пўлатова. -У бугунги кунда Қарши шаҳридаги 4-мактабнинг 5-синфида ўқийди. Шифокор бўлиш учун қайси фанларни чуқур ўзлаштириш кераклигини англаб етган. Шунинг учун табиий фанларни жуда яхши ўзлаштиради. Вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи раҳбарлигидаги 4-сектор аъзоларидан жуда миннатдормиз. Бизнинг ҳолимиздан хабар олиб, ўқув жиҳозлари ва дарсликлар, китоблар совға қилишди. Бу ўғлимга катта далда бўлди. У келажакда кўзлаган мақсадларига етишишига ишонаман.

Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, ҳудудларни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятининг ташкил этилгани, айтиш керакки, ечимини кутаётган кўпгина муаммоларни ҳал этилишида ижобий таъсир кўрсатиб келяпти.

Вилоят Давлат солиқ бош­қармаси бошлиғи, IV сектор раҳбари Равшанжон Насимов томонидан Қарши шаҳрида сайёр қабул ўтказилди. IV сектор таркибига кирувчи «Рогузар», «Наврўз», «Равоқ», «Худойзод», «Чақар», «Арал», «Самарқанд», «Дарвозатутак», «Зоғза» ва  «Қўрғонча» маҳаллаларида истиқомат қилаётган аҳолининг ҳам ўзига яраша муаммолари бор экан.

Ечимини кутаётган мазкур муаммолар эса баъзи мутасадди раҳбарларнинг эътиборсизлиги натижасида анча пайтдан буён тўпланиб қолаётганди. Сайёр қабул жараёнида йўлларни таъмирлаш, бандлик, коммунал тўловлар, ижтимоий ҳимоя, тиббий хизматлар билан боғлиқ аҳолини қийнаб келаётган кўпгина муаммолар бўйича мурожаатлар тушди.

Қарши шаҳар «Равоқ» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Ўрол Кенжаев болаликдан ногирон қизи Гулҳаё Кенжаевага қарашда қийналиб келарди. Чунки қизининг ногиронлик аравачаси йўқ эди. Сайёр қабулда ота қизи учун ногиронлик аравачаси ажратилишида амалий ёрдам сўради. Ўрол Кенжаевнинг мурожаати шу жойнинг ўзида ижобий ҳал қилиниб, қизи учун ногиронлик аравачаси берилди.

Сайёр қабулда юз нафардан ортиқ фуқаролар иштирок этган бўлса, шундан 25 нафар фуқародан 30 та муаммо бўйича мурожаатлар тушди. Мурожаатларнинг 22 таси шу жойнинг ўзида қаноатлантирилди. Қўшимча ўрганиш ва ҳал этилиши вақт талаб қиладиган муаммолар бўйича мурожаатлар «йўл харита»сига киритилиши белгилаб олинди.

Сайёр қабул якунида IV сектор ишчи гуруҳи аъзолари томонидан кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Инсон ҳаётга бир марта келади, бахтли яшашни истайди ва унинг бунга тўла ҳаққи бор. Халқимизнинг ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларидан кўзланган мақсад-муддао ҳам аслида шу: бугунги кунимиз кечагидан, эртамиз бугунги кунимиздан кўра бахтли ва фаровон бўлишига эришишдан иборатдир. Зотан, ижтимоий адолат таъминланган давлатда халқнинг бунёдкорлик салоҳияти, яратувчанликка интилиши ва иштиёқи янада юксалиб бораверади.

З. КЕЛДИЁРОВ

Суратларда сайёр қабул жараёнидан лавҳалар акс эттирилган.