ТАДБИР ТААССУРОТЛАРГА БОЙ БЎЛДИ

ТАДБИР ТААССУРОТЛАРГА БОЙ БЎЛДИ

May 6, 2019 0 By admin
70

Қарши банк коллежида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб- қувватлаш жамоат фонди гранти асосидаги «Солиқ тизими – ёшлар нигоҳида» лойиҳаси доирасида тадбир ташкил этилди. Унда вилоят Давлат солиқ бошқармаси ҳамда Қарши шаҳар Давлат солиқ инспекцияси ходимлари, «Хазина» газетаси таҳририяти аъзолари, коллеж ўқувчи ва ўқитувчилари иштирок этишди.

Мамлакатимиз солиқ сиёсатида юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларни ёшлар онгига сингдириш, уларга янги солик концепцияси ҳақида батафсил тушунча бериш, уларнинг солиқ маданиятини шакллантириш, солиқ соҳасида ёшларни ўйлантираётган саволларга жавоб бериш каби масалаларга бағишланган учрашув қизғин ва самимий руҳда ўтди. Даставвал тадбирни коллеж директори Баҳодир Ҳазратқулов кириш сўзи билан очиб берди. У ўз сўзида юртимизда ёшларнинг  ҳар томонлама баркамол шахслар бўлиб вояга етишлари учун яратилаётган шарт- шароитлар, имкониятлар хусусида гапириб, ёшларнинг келгусида жамият ҳаётининг фаол аъзолари, иқтисодиётнинг  турли соҳаларида етук мутахассис бўлишларида бугун олаётган билим ва кўникмалари катта аҳамият касб этиши хусусида тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг, вилоят Давлат солиқ бошқармаси ходими З.Келдиёров, Қарши шаҳар Давлат солиқ инспекцияси бўлим бошлиғи Ф.Жалилов сўзга чиқиб, улар мамлакатимизда солиқ тизимини ислоҳ қилиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида ўқувчи ёшларга батафсил гапириб беришди. Хусусан, 2018 йилнинг 29 июнь куни Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги Фармони давлатимиз солиқ тизимида янги даврни бошлаб берганлиги, мазкур Фармонни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад солиқ юкини изчиллик билан камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш эканлигини оддий тарзда, қизиқарли мисоллар ёрдамида баён этишди. Концепция қабул қилингунига қадар ва ундан кейинги даврдаги солиқ тизимининг ўзаро таққосланиши мавзуни  ўқувчилар томонидан яхшироқ тушунишга ёрдам берди. Солиқ ходимлари жисмоний ва юридик шахслар учун концепцияга асосан яратилган енгилликлар ва афзалликлар хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтишди. Жумладан, жорий йил бошидан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ сиёсатини такмолллаштириш концепцияси доирасида барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз этиб белгиланди.  Солиқ юкининг бундай камайиши  ишчиларнинг иш ҳақи ошишига хизмат қилади.

Солиқларни соддалаштириш, уларнинг сонини қисқартириш, ставкаларини пасайтириш асосий йўналишлар этиб белгиланган Концепцияда юридик шахслар учун ҳам имкониятлар яратилган. Масалан,  солиқ юкини пасайтириш орқали рақобатбардошлик ошиб,  инвестицияларни кўпроқ жалб этиш мумкин бўлади. Шунингдек, таъкиддлаш жоизки, илгари  корхона ва ташкилотлар айланма маблағларидан  белгиланган ставка бўйича ягона солиқ тўлови  ҳамда бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга  солиқ тўлаган бўлса, эндиликда  фақатгина олинган даромадлардан  солиқ тўлаш тартиби жорий этилди.

Тадбирда «Хазина» газетаси бош муҳаррири Д.Султонов ҳам сўзга чиқиб, бугунги кунда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, ёш тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида гапириб ўтди. Қабул қилиниб, ҳаётга жорий этилаётган солиқ Концепциясида солиқ турларининг қисқариши, ставкаларнинг кескин пасайиши тадбиркорлар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатаётганлигини,  ёш тадбиркорлар сафининг кенгайиб, уларнинг самарали фаолият кўрсатишларига замин бўлаётганлигини  таъкидлаб ўтди. Шунингдек, ёш авлоднинг ҳар томонлама етук бўлиб вояга етиши, маънавияти бой инсонлар бўлиб улғайишида китобларнинг  ўрни ва аҳамияти хусусида ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди ва коллеж ахборот ресурс марказига китоблар жамланмасини совға қилди.

–   Китоб инсонга ҳамиша, ҳар ерда энг муносиб дўст, ишончли ҳамроҳ бўла олади, – деди у ўз сўзида. – Юртимизда китобхонликка эътибор қаратилаётганлиги, аҳоли, айниқса, ёшларнинг мутолаа маданиятини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар таҳсинга сазовор. Бугун ушбу таълим даргоҳида таҳсил олаётган ёшлар китобга қанчалар кўп ошно бўлсалар, келгусида ўз касбининг моҳир усталари бўлиш билан бирга маънавияти юксак инсонлар сифатида камолга етишларига ҳеч шубҳа йўқ. Таҳририятимиз томонидан сиз азиз ёшларга илмий ва бадиий китоблар жамланмасини совға қилишдан кўзлаган мақсадимиз ҳам шу – китоблар ҳамиша ҳамкроҳингиз бўлиб, ҳаёт йўлларингизни ёритиб турсин.

–   Коллежимиз ахборот ресурс марказида  мавжуд барча  йўналишлардаги адабиётлар ўқувчи ёшларимиз билим ва тафаккурларини бойитишга хизмат қилмоқда, – дейди марказ раҳбари Комила Эшонқулова. –  Бугун газета таҳририяти томонидан тақдим этилган китоблар жамланмаси ресурс марказимиздаги тафаккур дурдоналарини янада бойитади, деб ўйлайман.

Учрашувнинг савол-жавоб қисми, айниқса, қизиқарли бўлди. Ўқувчи ва ўқитувчилар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутахассисларга мурожаат қилишди, солиқлар хусусида ўз тушунча ва билимлари билан ўртоқлашишди.

–   Мен келгусида тадбиркор сифатида ўз фаолиятимни бошласам, қай тартибда иш бошлашим керак, деган саволимга жавоб олдим, – дейди коллеж ўқувчиси Шоҳжаҳон Шамсиев. – Қолаверса, «конверт усулида ҳақ тўлаш» нима эканлиги, унинг кимга зарару кимга фойда эканлиги хусусида ҳам керакли тушунчаларга эга бўлдик.

–   Ер солиғидан кимларга имтиёз борлиги ҳақида солиқ мутахассислари тушунтириш беришди, – дейди Маржона Боймуродова. – Қолаверса, шу каби қанчадан қанча саволларга жавоб олдик,  солиқ тизимидаги ўзгариш ва янгиликлардан хабардор бўлдик. Шундай экан, бу учрашув биз ёшлар учун ҳар томонлама фойдали бўлди, деб ўйлайман.

–   Коллежимизда таҳсил олаётган ёшлар келгусида мамлакатимиз иқтисодиёти учун керакли мутахассислар бўлиб етишадилар, – дейди коллежнинг бухгалтерия ҳисоби ва молия кафедраси ўқитувчиси Севара Тожиева. – «Солиқ тизими – ёшлар нигоҳида» лойиҳаси доирасида таълим масканимизда  олиб борилаётган тадбирлар ўқувчиларимизнинг бу борадаги билим ва малакаларини янада бойитиб бормоқда. Айниқса, бугунги учрашув ўқувчиларнинг солиқ соҳасидаги энг долзарб маълумотларга эга бўлишлари билан аҳамиятли бўлди.

Тадбир давомида иштирокчилар коллеж ўқувчилари ЯТТларга ёлланма ишчи бўлиб  ишлашлари мумкинми, бу борада қандай имтиёзлар кўзда тутилган, ҳисоботларнинг электрон тарзда топширилишининг афзалликлари каби кўплаб саволлар юзасидан тегишли маълумотларга эга бўлишди. Бир сўз билан айтганда, лойиҳа доирасида ўтказилган ушбу тадбир таассуротларга бой ўтди.

Ф.ҚОСИМОВА

Суратларда тадбирдан лавҳалар акс эттирилган.