ТАДБИРКОРЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

ТАДБИРКОРЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Aprel 29, 2019 0 By admin
27

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 4 апрель куни 2019 йилнинг  биринчи чорак якунлари бўйича Давлат бюджетига тушумлар ва экспорт прогнозлари ижроси натижадорлиги ҳамда биринчи ярим йиллик учун белгиланган кўрсаткичларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида савдо-саноат палатаси, Бизнес – омбудсманга ҳокимликлар билан биргаликда фаолиятини тўхтатган тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказиш ва уларга фаолиятини тиклашга  кўмак бериш графигини тасдиқлаб, ижросини таъминлаш топширилган эди. Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Шаҳрисабз тумани Маданият марказида фаолиятини тўхтатган тадбиркорлар билан учрашув ўтказилди.

–    Жорий йилда тадбиркорлар учун солиқ соҳасида қатор имтиёзлар яратилиб, аксарият ставкалар пасайтирилди, – дейди вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Р. Насимов, – жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар эндиликда янги солиқ тўлаш тартибига кўра товар айланмаси 100 млн. сўмгача бўлганда қатъий белгиланган солиқ тўлайдилар. Товар айланмаси 100 млн. сўмдан бир млрд. сўмгача бўлган ЯТТлар ягона солиқ тўловчиси ҳисобланади. Бир млрд.сўм ва ундан юқори товар айланмасига эга бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар  умумбелгиланган солиқ тўлашга ўтадилар. Бу эса солиқ тўлашда шаффофлик ва адолат тамойилларига риоя қилинишида муҳим ўрин тутади.

Тадбирда Шаҳрисабз шаҳри ва тумани, Чироқчи, Китоб ва Яккабоғ туманларидан ташриф буюрган тадбиркорлар ўзларини қийнаб келаётган турли муаммолар юзасидан мурожаат қилдилар.

Масалан, Шаҳрисабз шаҳар «Зингирон» МФЙда  яшовчи тадбиркор Умида Бобоназарова ҳунармандчилик билан шуғулланиши учун кредит ололмаётганини айтиб, мурожаат қилди. Шунингдек, шаҳрисабзлик якка тартибдаги тадбиркор Юсуф Шодиев қайтадан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши ва нон ишлаб чиқарувчи ускуналар олиши учун банкдан имтиёзли кредит  сўраб  мурожаат қилди.

–    Фармацевтика соҳасида тадбиркорлик фаолиятини олиб бораман, – дейди шаҳрисабзлик Дилшод Абдувалиев, – шу соҳа бўйича институтни тугатганман. Дорихоналар учун маълумотлар бериш корхонасини ташкил этганман. Уни ривожлантириш учун имтиёзли кредит олишимга ёрдам берилишини сўрадим. Бу масала банк мутасаддилари томонидан тезда ҳал қилинадиган бўлди.

Учрашувда якка тартибдаги тадбиркорлар  солиқ, кадастр хизмати, электр ва газ таъминоти ҳамда бошқа масалалар бўйича ҳам мурожаат қилдилар. Бу  муаммоларни ҳал этиш тадбирда иштирок этган вилоят идора ва ташкилотлари мутасаддилари томонидан назоратга олинди.

Худди шундай учрашув Қарши шаҳридаги вилоят Мусиқали драма театрида ҳам бўлиб ўтди. Унда Қарши шаҳри ва тумани ҳамда Нишон ва Косон туманларидан келган якка тартибдаги тадбиркорлар ўзлари дуч келаётган муаммолар юзасидан мурожаат қилдилар. Тадбиркорларга ўз фаолиятларини тиклашлари учун мутахассислар томонидан йўл-йўриқлар ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Уларга бу борада амалий кўмак кўрсатиладиган бўлди.

Тадбиркорлар билан бўлган учрашувларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институти мутахассиси Шерзод Саидов иштирок этди. 

Л. ЭЛМАТОВ