АҲОЛИ МАНФААТЛАРИ – УСТУВОР ВАЗИФА

АҲОЛИ МАНФААТЛАРИ – УСТУВОР ВАЗИФА

Aprel 13, 2019 0 By admin
51

Вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, вилоят 4-сектор раҳбари Равшанжон Азимович   Насимов Fузор туманида сайёр қабул ўтказди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб мақсади инсон манфаатларини  ҳимоя қилишга, аҳоли учун қулай шароитлар яратишга қаратилган бўлиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида ташкил этилган секторлар фаолиятида ҳам одамларнинг муаммоларини уйма-уй  юриб ўрганиш, халқ билан юзма-юз мулоқот қилиб мавжуд муаммоларни зудлик билан ҳал этиш биринчи галдаги вазифа саналади. Бу борада вилоятдаги ҳар тўрттала сектор  раҳбарлари томонидан ўтказилаётган сайёр қабуллар муҳим аҳамиятга  эга бўлиб, бундай қабулларда одамларни қийнаб келаётган кўплаб муаммоли масалаларга ечим топилмоқда. Вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўтказган сайёр қабул жараёнида ғузорликлар  йиллар давомида йиғилиб қолган муаммо ва камчиликлар, ечимини кутаётган  ташвишли масалалар юзасидан мурожаат қилдилар.

Масалан, «Меҳнатобод» МФЙ Кераит қишлоғида яшовчи Хайрулла Жўраев қишлоқнинг ички йўллари  таъмирталаб бўлиб қолганлиги юзасидан мурожаат қилди.

Бу масалани ҳал этиш юзасидан туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбариятига топшириқ берилиб, 15 кун ичида йўллар таъмирланадиган бўлди.

«Чўмичли» МФЙ Занги бобо қишлоғида яшовчи  меҳнат фахрийси Норча Ёқубовнинг мурожаат қилишича, қишлоқнинг ички йўўлари таъмирталаб бўлиб қолган, болалар спорт майдончаси ва кутубхона мавжуд эмас. Шунингдек, ичимлик суви муаммоси ҳам аҳолини қийнаб келмоқда. Бу муаммоларни ҳал этиш юзасидан ҳам муҳлат белгиланди ва назоратга олинди.

 Сайёр қабулда аҳолининг аксарият мурожаатлари  йўлларни таъмирлаш, томорқаларни суғориш учун артизан қудуқлари қазиш, суюлтирилган газ баллонларини ўз вақтида етказиб берилмаётгани, моддий ёрдам, мактаб биносини таъмирлаш, уй-жой ва иш билан таъминлаш масаласида бўлди. 

–    Шу пайтгача ишсиз эдим, – дейди  Кераит қишлоғида яшовчи Гулнора Бойназарова. – Иш сўраб мурожаат қилган эдим, дарров ҳал қилиб беришди. Ишли бўлганимдан ниҳоятда хурсандман.

–    Айни пайтда туманимизда 330 тадан ортиқ бўш иш ўринлари мавжуд дейди  туман Бандликка кўмаклашиш маркази директори Ф. Эрназаров. – Булар таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, саноат ва бошқа соҳаларда бўлиб, бугун иш сўраб мурожаат қилган 6 нафар ишсиз фуқароларнинг мурожаатлари  қаноатлантирилиб, улар иш билан таъминланди.

–      Кўп йиллардан буён соғлигим ёмонлашганлиги сабабли даволаниб келаман, – дейди Маҳаррам Пўлатова, – бугунги сайёр қабулда менга санаторияга йўлланма берилишига амалий ёрдам сўраган эдим.  Масала дарҳол ижобий ҳал этилиб, менга «Товоқсой» санаториясига  йўлланма бериладиган бўлди.

Шунингдек, Тенгдош қишлоғида яшовчи фуқаро Гулсум Намозованинг яшаб турган уйининг кадастр ҳукжжатларини расмийлаштириб бериш хусусидаги  мурожаати ҳам жойида ҳал этилди.

«Ярғунчи» МФЙ Ярғунчи қишлоғида  яшовчи Бекмат Бозоров анча йиллардан буён даволаниб келаётганини айтиб, меҳнатга лаёқатсиз эканини эътиборга олиб ногиронлик  бўйича нафақага чиқиши учун ёрдам берилишини сўраб мурожаат қилди. Бу масала юзасидан вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва туман тиббиёт бирлашмаси раҳбариятига  тавсия берилиб, ижроси назоратга олинди.

Шунингдек, Қўрғонча қишлоғида яшовчи Дилором Орипова собиқ турмуш ўртоғи Аллаёр Йўлдошевнинг алимент пулини тўламасдан, суд ҳукмини бажармасдан келаётгани бўйича мурожаат қилди. Бу масала юзасидан МИБ вилоят бошқармаси  ва туман бўлимига тавсия берилди. Ижроси юзасидан муҳлат белгиланиб, назоратга олинди.

Ҳар бир мурожаат ортида инсонлар  тақдири, уларнинг дарду ташвишлари, ўзларини  йиллар давомида қийнаб  келаётган муаммолар ўз аксини топган.

 Бу муаммоларни зудлик билан ҳал этиш,  уларга ижобий ечим топиш, одамларнинг яхши яшашлари учун етарли шароитлар яратиш ва барча соҳаларда инсонлар манфаатларини ҳимоялаш ушбу сайёр қабулни ўтказишдан кўзланган  асосий мақсаддир.

Сайёр қабулда аҳолининг 30 тадан ортиқ ташвишли муаммолари бўйича мурожаатлар тингланиб , уларнинг 9 таси жойида ҳал  қилинди. Маълум бир муддат ва ўрганиш  талаб қиладиган масалалар юзасидан мутасадди  идоралар раҳбарларига тавсиялар берилиб, ижро муддати белгиланди ва қатъий назоратга олинди.

Д. СУЛТОНОВ