АКЦИЯ: МЕН СОЛИҚ ТЎЛОВЧИСИМАН

АКЦИЯ: МЕН СОЛИҚ ТЎЛОВЧИСИМАН

Aprel 11, 2019 0 By admin
49

Мамлакатимиз солиқ соҳасида амалга

оширилаётган ислоҳотлар халқимиз учун  айни

муддао бўлаётир. Ўзбекистон Республикаси

Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг

Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фармони

талабларидан келиб чиқадиган бўлсак, мамлакатимиз солиқ тизимида

катта ўзгаришлар амалга оширилиб, янгиликлар кузатилаётир. Бу

саъй-ҳаракатлар туфайли юртимизда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар,


ишчи-хизматчилар учун жуда кўплаб қулайликлар яратилди. Солиқ

соҳасидаги қулайликлар ва имтиёзлардан баҳраманд бўлаётган кишилар

қиёфасида  ўзгача мамнунлик кўриш мумкин. Улар имтиёзлар туфайли

фаолият турини кенгайтириш, янги ишчи ўринлари яратишга ҳаракат

қилаётганликлари ривожланиш учун дадил қадам қўйилаётганидан

далолат беради.
Халқимиз тарихига назар ташлайдиган бўлсак, Амир Темур бобомиз ҳукм­ронлик қилган даврлардаёқ солиқ сиёсати  мукаммал кўриниш олиб, салтанат узра қонун доирасида иш юритилган. Шундан буён юртимизда солиқлар турли кўринишда қўлланиб келинган. Бугунги солиқ сиёсатини эса энг адолатли деб айтишимиз мумкин. Чунки бугунги солиқ тизими ҳам давлат, ҳам жамият, ҳам фуқаролар манфаатларини ўзида мужассам этганлиги билан ҳам аҳамиятли, шундай экан солиққа  оид ҳуқуқий билимларни ошириш бугунги куннинг кечиктириб бўлмайдиган вазифаси ҳисобланади. Бугунги ёш авлодни солиққа оид билимлардан баҳраманд этиши, солиқларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида қандай аҳамият касб этишини улар онгига сингдириш ҳар биримиздан катта масъулият талаб қилади.


Бугунги ислоҳотлар жараёнида фуқароларнинг давлатимиз раҳбариятига бўлган ишончи алоҳида аҳамиятга эга. Эртами ёки кеч, ҳар биримиз намунали солиқ тўловчи бўлганимизда, ўзимизга савол берамиз: Мен нима билан шуғулланяпман ва солиқ тўловчи ёки оддий фуқаро сифатида тўлаётган солиқларимдан қандай манфаат кўраман?


Бу борада солиқ органлари солиқ тўловчилар учун барча шароитларни яратиб, муваффақиятли бизнес юритишларига замин ҳозирлайди. Хусусан, солиқ ҳисоботларини топшириш учун ташриф буюриладиган шинам офислар, электрон шаклда солиқ хизматларини олиш учун зарур веб-ресурслар, call-марказ, ишонч телефонларининг туну кун фаолият кўрсатиши, оммавий тарғибот тадбирлари (семинарлар, давра суҳбатлари, йиғилишлар)нинг ташкил этилиши, оммавий ахборот воситалари орқали солиқ тўловчилар учун қизиқарли ахборотларнинг тарқатилиши, ахборот-маълумот стендлари, буклетлар ва бошқа босма материаллар, шунингдек, ахборотни тарқатишда видео, аудио ва бошқа техник воситалар имкониятларидан унумли фойдаланилмоқда.


Солиқ тизимини такомиллаштиришнинг асосий устувор йўналиши – аҳолида солиқ маданиятини, шу жумладан, ёш авлод вакилларида солиқ саводхонлигини ошириш ва шу асосида юртимиз равнақи учун онгли солиқ тўловчиларни тарбиялашга эришишдан иборат.
Ёш авлод вакиллари солиқларнинг моҳияти ва аҳамиятини тўғри англаши муҳим бўлиб, бу йўлда улар келажакда қонунларга риоя қилиши ва давлат олдидаги ўз мажбуриятларига нисбатан масъулиятни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.


Шу муносабат билан Давлат солиқ қўмитаси томонидан яқинда Шаҳрисабз шаҳридаги Амир Темур  майдонида «Мен солиқ тўловчисиман» шиори остида ёшлар ўртасида солиқ маданиятини шакллантиришга қаратилган акция ташкил қилинди.


-Солиқлар иқтисодиёт таянчи. Давлатнинг барқарор тараққий этиш кафолати. Ногиронлар, пенсионерлар, ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш манбаи, – дейди Қашқадарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Равшанжон Насимов.- Сарҳадларимиз дахлсизлиги, тинчлигимиз кафолати, бунёдкорлик, яратувчанлик ишларининг асосидир. Қисқа қилиб айтганда, солиқлар давлат иқтисодиётининг қон томиридир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 51-моддасида фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар, дейилади. Юртини севган, юрагида ватанга муҳаббати жўш уриб турган фуқаро борки белгиланган солиқларни вақтида тўлашни ўзи учун ҳам қарз, ҳам фарз деб билади. Буни содда қилиб ватанга садоқат дейишимиз мумкин. Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад ана шундай эзгу мақсадларни ёшлар онгига сингдиришдан иборат.


Тадбирда мактаб, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасалари талаба-ёшлари, Давлат солиқ қўмитаси вакиллари, маҳаллий ҳокимлик вакиллари, ижодкор зиёлилар, ўзбек эстрадасининг таниқли намоёндалари иштирок этди.


-Ушбу акцияни ўтказишдан мақсад Жаҳон солиқ сиёсатининг асосчиларидан бири, буюк бобокалонимиз Амир Темур таваллудининг 683 йиллигини кенг нишонлаш ва солиқ тўловчиларнинг солиқ маданиятини, хусусан ёшларнинг солиқ саводхонлигини ошириш, шунингдек, таълим муассасаларини битираётган бўлажак солиқ тўловчиларга мавжуд солиқлар ва бу солиқларнинг давлат ҳамда жамият олдидаги аҳамиятини тушунтиришдан иборатдир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси бошлиғи Тўрабек Тўраев.


Акция давомида давлат солиқ органлари ходимлари ёшларга қизиқарли ва қулай муҳитда солиқлар ҳамда солиққа тортишнинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўзлаб беришди, турли викториналар ўтказилди, #mensoliqtolovchisiman – #яналогоплательщик хештеглари остида ижтимоий тармоқларда селфилар танлови ташкил этилди. Энг креатив ҳамда мазмунли изоҳга эга селфи соҳибларига совғалар топширилди. Шунингдек, бўлғуси солиқ тўловчиларга «Темур тузуклари» китоблари тақдим этилди.


Тадбирда Италия давлатидан келган бир гуруҳ сайёҳлар ҳам иштирок этишди. Солиқ билимларига оид савол-жавобларни таржимон орқали эшитган сайёҳлардан бири Верона шаҳридан ташриф буюрган Мара Инноченци ўз фикрлари билан ўртоқлашди.


–    Турмуш ўртоғим Франко Фиокко билан юртингизда ташриф буюрганимиздан мамнун бўлиб турибмиз, – дейди М. Инноченци. – Италия жуда тарихий обидаларга бой давлат. Аммо юртингиздаги қадимий ва ўзига хос услубда қурилган обидалар Ўзбекистон азалдан бой ва қудратли давлат бўлганлигидан далолат бериб турибди. Бугунги улуғ сиймо Амир Темур ҳайкали остида ўтказилаётган анжуманни кузатиб  солиқ тизимингиздаги қулайликларга  ҳавасим келди. Италияда фуқаролар қирқ фоизгача солиқ тўлашга мажбур бўладилар. Яна бизни давлатга жуда кўплаб туристлар ташриф  буюради. Солиқлар анча юқори. Италияга боргач юртдошларимга Ўзбекистон ҳақида, унинг хушманзара масканлари, тарихий обидалари, таъми оғзизда қоладиган  овқатлар ва инсон манфаатларига хизмат қиладиган солиқлар ҳақида сўзлаб бераман. 





З. ХАЛИЛОВ.