ГЎДАКНИ ПУЛЛАГАН КИМСАЛАР

ГЎДАКНИ ПУЛЛАГАН КИМСАЛАР

Mart 31, 2019 0 By admin
53

Бир онадан қайси фарзандингизни кўпроқ яхши кўрасиз, деб сўрашганида, у «болаларимнинг ҳаммаси мен учун азиз, аммо улар орасида омади чопмаганини кўпроқ яхши кўраман» деб жавоб берган экан. Роҳатой момо ҳам фарзандлари ичида тўнғичи Ойзодани кўпроқ яхши кўради, кўнглига қарайди. Бу йил баҳорда ёши саксонни қоралаган момонинг бошқа фарзандлари ўзидан тинган, неваларидан бағри бут. Аммо Ойзода икки бор турмуш қурса ҳамки, рўзғоридан тинмади. Фарзандсизлик туфайли, мана ёши қирқдан ўтганда, ота уйига келиб ўтирибди. Онанинг ўй-хаёли шу қизини биттагина фарзандли қилиш. Аммо худо бермаса қийин экан. Она-бола ўйлай-ўйлай бола асраб олишга келишишди. Уларнинг бу маслаҳатига хонадон келини Дилфуза ҳам қўшилди.

– Ойижон, менинг гинеколог танишим бор, айрим қизлар боласини туғиб, ташлаб кетишади. Ана ўшалардан биттасини гаплашиб, опамга олиб берамиз-да. Ўзим ёрдам бераман.

Қайнонанинг кўнгли жойига тушди. Хотиржам бўлди. Аммо у бу хотиржамлик вақтинча экани, кун келиб, бу муаммо она-болани ҳам, келинни ҳам суд курсисига олиб боришини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмади.

***

– Опажон, сизни бир хизмат билан йўқлаб келувдим. Қайнопам фарзандсизликдан қийналиб кетди. Уйдагилар унга чақалоқ олиб беришга қатъий киришишди.

Қишлоқ врачлик пункти шифокори Манзура Шомуродова ҳамиша кўрикка келиб юрадиган Дилфузанинг гапларини эшитар экан, ўйлаб қолди: болага зор оилаларга ёрдам бериш савоб-ку!

– Келинжон, ҳозирча бир нима дейишим қийин. Суриштириб кўриб, сизга жавобини айтаман.

Дилфуза бу «хизмат»нинг қанча бўлишини ҳам сўради. Ҳар икки томон бу борада ҳам келишиб олишди. Ниҳоят, Дилфуза шифокорнинг жавобини олди. «Олдимга никоҳсиз фарзанд орттирган қизни олиб келишди. Яқинда кўзи ёрийди. Пулни тайёрлаб қўйинглар». Шифокорнинг бу хабарини Дилфуза тезда қайнонасига етказди. Мушкули осон бўлишини эшитган она ҳам пулни тайёрлади, ҳам чақалоқни кутиб олишга ҳозирлик кўра бошлади.

***

Қизининг саёқ юришидан тўшакдан бемор ётган ота, болам-чақам деб елиб-югуриб юрган онанинг боши эгилди. Никоҳсиз боладан қутилишнинг эса вақти ўтган. Онаизор бу вазиятдан чиқиш йўлини ахтарди. Катта қизи Ҳамидага маслаҳат солди.

– Уришиб-сўкишдан фойда йўқ, она, яширинча туғиши учун жой, дўхтир топиш керак.

Қизининг бу гапидан кейин энг яқин сирдош дугоналар, янгалар ёрдамида бир қарорга келишди: қишлоқ шифокори Манзура Шомуродованинг олдига бориш керак.

Вақти-соати етгач, Ҳамида онаси  ва синглиси олиб қишлоқ врачлик пунктига олиб жўнади. Аввалига Манзура Шомуродова чақалоқнинг отасини олиб келинглар, деди. Аммо ота бўлмиш, бу бола мендан эмас, дея келишдан бош тортгач, тезда ишга киришиб кетди.

Фарзанд дунёга келди. Аслида бола туғилиши ҳар бир хонадон учун байрам, қувончли воқеа. Аммо жажжи кўзларини очиб дунёга келган қизалоқнинг туғилиши на она, на буви, на холанинг қалбини қувончга тўлдирмади. Аксинча, улар кеч бўлишини кутиб, қоронғу тушганда, чақалоқни олиб уйларига жўнашди.

***

Орадан бироз вақт ўтди. Бу орада чақалоқ онаси бағрида бўлди. Фарзандталаб оила гўдак учун сўралган пулларни етказгач, Ҳамида синглисининг қўлидан болани олди.

– Шаҳарга, дўхтирларга кўрсатиб келаман, – деди у савол назари билан қараган синглисига.

Гўдакни эса Ойзода Раҳмонова интизорлик билан кутарди. Ниҳоят, у чақалоқни «болам», дея бағрига босди. Виждонни унутиб, оқ либосига, қасамёдига хиёнат қилган шифокор ҳам, унинг ёнидагилар ҳам бу ишнинг силлиқ кўчганидан хурсанд бўлиб, «савдо»дан ўз улушларини олишди.

Юқорида баён этилган воқеалар дўппини бошдан олиб, ўйлашга, мушоҳада этишга ундайди. Хўш, ана шундай фарзанд истаган оилаларнинг муаммоларини қонун йўли билан ҳал этиш мумкинмиди? Ҳа, албатта. Юртимизда фарзандликка олиш бўйича тегишли қонунчилик ҳужжатлари мавжуд. Буни бошқалар билмаган тақдирда ҳам, инсонлар саломатлигига масъул шахс – шифокор М.Шомуродова яхши билган, босаётган қадам ножўя, қилмишлари жиноят эканлигини англагани аниқ, аммо нафс балоси устун келиб, фарзанд истаган оилаларга тўғри йўл кўрсатиш ўрнига қинғир ишга қўл урди.

* * *

Манзура Шомуродова ва гўдак савдосида иштирок этган бошқа шахслар қонунчилигимизда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилди. Мазкур воқеа юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида аёллик, оналик шаънига номуносиб ҳаракатлари билан бошлари эгик шахслар ўз қилмишларидан пушаймон эканликларини бот-бот такрорлашди. Аммо сўнгги пушаймон, ўзингга душман. Содир этилган ҳеч бир жиноят жазосиз қолмаган. Бу сафар ҳам қонунбузарлар жиноятларига яраша тегишли тартибда жавобгарликка тортилди.Ф.ҚОСИМОВА