ЁШЛАРНИ ИШ БИЛАН  ТАЪМИНЛАШДА ТОМОРҚАНИНГ АҲАМИЯТИ КАТТА

ЁШЛАРНИ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШДА ТОМОРҚАНИНГ АҲАМИЯТИ КАТТА

Mart 31, 2019 0 By admin
58

Мамлакатимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг томорқадан унумли фойдаланишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бу борада барча шарт-шароитларни яратишга алоҳида аҳамият берилаётгани юртдошларимиз томонидан хурсандчилик билан қарши олинмоқда. Хўш, томорқада турли-туман мева, сабзавотлар етиштириш учун одамларга биринчи галда нималар керак бўлади? Асосан сув, маблағ ва меҳнат уйғунлиги томорқани даромад манбаига айлантиради. Аҳолининг томорқадан унумли фойдаланишини ташкил қилиш учун барча шароитларни яратишга алоҳида аҳамият қаратаётган 4-сектор ишчи гуруҳ аъзолари ҳам бир қатор эзгу ва савобли ишларга бош-қош бўлаётир. Яқинда Fузор туманидаги Батош қишлоғида прокуратура ходимлари билан биргаликда ташкил этилган «Томорқа – қўшимча даромад манбаи» шиори остида кўргазмали семинар ўтказилди. Тадбирда қишлоқ аҳолиси қатнашиб, уларга томорқадан фойдаланиш тажрибалари ҳақида кенг қамровли тушунчалар берилди.

Тадбирда сўз олганлар томорқа  кони фойда эканлигини, йилига 3 марта ҳосил олиш учун босқичма-босқич экин экишнинг агротехник тадбирлари ҳақида батафсил гапиришди. Тажрибада синовдан ўтган экинлардан ҳосил олиш кўрсаткичлари ҳам аниқ рақамлар орқали эътироф этилди.

Мисол учун, томорқадаги уч сотих майдонга саримсоқ пиёз эккан хонадон эгалари 700 кг ҳосил олишади. Шундан 100 килограммини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб, қолган 600 килограмини бозорда сотишса, 2 миллион сўмга яқин даромадга эга бўлади. Ёки 100 бош товуқ боққан оила соҳиблари бир йилда 18 минг дона тухум олишлари мумкин. Бу эса 7 миллион сўмдан  ортиқ даромад беради. Батош  қишлоғи 2-сектор  ҳудудига киради. Туман прокурори, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ҳамда банк муассасалари ходимлари аҳоли хонадонларига кириб, томорқадан унумли фойдаланишни ташкил қилишда яқиндан кўмак беришмоқда. Қишлоққа кираверишда каттакон дарвоза бунёд этилди. Дарвоза ёнгинасида эса артезиан қудуқ қазилди. 50 метр чуқурликдан чиқаётган сув аҳоли томорқалари томон йўналтирилганлиги одамларнинг томорқа маданиятини ривожлантиришлари  учун муҳим омил бўлиб хизмат  қилмоқда. Республика фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи Умрзоқ Раҳматов артезиан қудуқлар қазиш ишлари  намунали олиб борилаётганлиги, бундай қудуқлар сув тақчил бўлган барча қишлоқ ва маҳаллаларда қазилишини таъкидлаб, томорқа маданияти юксалишида муносиб ҳисса қўшиши ҳақида сўзлаб берди.

Тадбир қатнашчилари қишлоқда истиқомат  қилувчи Тўра Даминов хонадонига ташриф буюрди. Кам даромадли  ҳисобланган ушбу хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари билан бирга 15 бош товуқ берилди. Хонадон бекаси Ойсанам Холмонова ушбу эътибордан хурсандчилигини яширмай, энди товуқ  боқишни йўлга қўйиб, кам даромадли оилалар сафидан чиқишда томорқадан унумли фойдаланишни йўлга қўйиши ҳақида гапирди.

Қишлоқда Миллий банкнинг  Fузор туман бўлими томонидан 15 хонадонда кредитлар ҳисобидан иссиқхоналар бунёд этилди. Кундан-кунга томорқадан унумли  фойдаланувчилар сони ортиб бораётганлиги қувонарли. Айниқса, Очил Умиров хонадонида бўлган кишининг баҳри-дили очилади, десак асло муболаға бўлмайди. 64 ёшни қаршилаган отахон фарзандлари билан томорқани даромад манбаига айлантирган. Бу оилада сувдан оқилона фойдаланиш йўлга қўйилган. Ёғингарчилик бўлганда тарновлардан оқаётган сув катта лотокда йиғилиб, шланглар орқали экинларга қуйилади. Умировлар оиласи 5 та иссиқхона ташкил қилишган. 2 тасида лимон етиштирилиб, 80 туп  лимон кўчатларидан 1,5 тоннага яқин ҳосил олинмоқда. Яна битта иссиқхонада 14 туп мандарин кўчатлари парваришланмоқда. 2 та иссиқхонадаги бодринг, помидор кўчатлари  гуркираб ривожланмоқда. Оила аъзолари  сувдан оқилона фойдаланишда, айниқса, лимон дарахтларини озиқлантириш учун ёмғирлатиб суғоришни йўлга қўйишган. Махсус шланглар ёрдамида озгина сув билан барча кўчатлар устига сунъий  ёмғир ҳосил қилинади. Отахон билан суҳбатлашар эканмиз, ҳар йили 25-30 миллион сўм даромад олишини айтди.

Бугунги кунда ўз бизнесини йўлга қўйиб, тадбиркорликка қўл ураётган ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Ана шундай ёшлар ташаббускор Очил Умировнинг бой тажрибасидан баҳраманд бўлиб келишмоқда.

Ёшлар тадбиркорлигининг қўллаб-қувватланаётганлиги, солиқдаги енгилликлар, Очил ҳожи бобонинг тадбиркорлик сабоқлари  қишлоқ ёшларининг тадбиркорликка қизиқишини тобора оширмоқда.

Ушбу хонадондаги яна бир манзара эътиборимизни тортди. Чиройли катакларда япон товуқлари ҳам парвариш қилинмоқда. Турли рангдаги чиройли товуқчаларга боққан киши митти жониворларнинг чиройига маҳлиё бўлиб қолади. Ушбу хонадонга ташриф буюрган семинар иштирокчилари томорқа маданиятидан мамнун бўлишди. Ушбу тадбирдан сўнг Батош қишлоғида оилавий тадбиркорлик ривожланиб, аҳоли даромадлари кўпайишига шубҳа йўқ.  Чунки, буни қишлоқ аҳолиси қиёфасидан ҳам билиш мумкин.

Зиёдулла ХАЛИЛОВ

Суратда: Очил Умиров иссиқхонада лимон дарахтларини кўздан кечирмоқда.