КАМЕРАЛ НАЗОРАТ ТАДБИРЛАРИ

КАМЕРАЛ НАЗОРАТ ТАДБИРЛАРИ

Mart 31, 2019 0 By admin
110

Солиқ қонунчилигига риоя этилиши, корхона ва ташкилотлар солиқ ҳисоботларини ўз муддатларида ва ҳаққоний тақдим этишлари жамият ҳаётида муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бу жараён солиқ тўловчи корхона ва ташкилотлар фаолиятининг самарадорлиги учун хизмат қилади.

Бу борада солиқ ходимлари томонидан ўтказиб келинадиган камерал назорат тадбирларининг аҳамияти катта. Маълумки, камерал назорат солиқ тўловчи томонидан белгиланган тартибда тақдим этилган молиявий ва солиқ ҳисоботини, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида давлат солиқ хизмати органидаги мавжуд бошқа ҳужжатларни ўрганиш ҳамда таҳлил этиш асосида амалга ошириладиган назоратдир. Мазкур назорат тури солиқ тўловчининг ҳузурига бормасдан давлат солиқ хизмати органи жойлашган ерда амалга оширилади. Камерал назоратнинг мақсади солиқ тўловчига давлат солиқ хизмати органлари томонидан камерал назорат натижалари бўйича аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликларни мустақил равишда бартараф этиш ҳуқуқини беришдан иборатдир.

Агар солиқ ҳисоботини тўлдиришда хатоликларга йўл қўйилганлиги ёки тақдим этилган солиқ ҳисоботида кўрсатилган ва давлат солиқ хизмати органларидаги мавжуд маълумотлар ўртасида зиддиятлар борлиги камерал назорат жараёнида давлат солиқ хизмати органи томонидан аниқланса, бу ҳақда солиқ тўловчига тегишли тузатишлар киритиш талаб қилинган ҳолда ёзма шаклда, шу жумладан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хабар қилинади.

Фаолиятимиз давомида солиқ тўловчилар томонидан солиқ ҳисоботларида хатоликларга йўл қўйилиши ҳолатлари кўплаб учрайди. Ана шундай хато ва камчиликларни аниқлаш, бартараф этишда камерал назорат тадбирлари айни муддао бўлмоқда. Солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ахборотнинг ишончлилигини ҳамда солиқ тўловчининг ҳисоботларида акс эттирилган солиқ ва божхона имтиёзларини қўллашнинг қонунийлигини тасдиқлашга камерал назорат тадбирлари давомида алоҳида аҳамият қаратилади.

Солиқ  тўловчи томонидан давлат солиқ хизмати органининг камерал назорат натижаларига доир талабномасига жавобан тақдим этилган ахборотнинг ишончлилигини тасдиқлаш мақсадида эндиликда мавзули экспресс-ўрганиш тайинланадиган бўлди. Мавзули экспресс-ўрганиш фақат камерал назорат амалга оширилган солиқ даври учун етти календарь кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади. Зарур ҳолларда (фойдали қазилмаларни кавлаб олиш ҳажмини аниқлашда, назорат ўлчовлари ва ҳоказо) мавзули экспресс-ўрганишда иштирок этиш учун ўрганиш натижасидан манфаатдор бўлмаган экспертлар, мутахассислар ва таржимонлар жалб этилиши мумкин.

Ҳудудларни, ишлаб чиқариш, омборхона, савдо биноларини ва бошқа биноларни, шу жумладан солиқ тўловчи томонидан даромад олиш учун фойдаланилаётган ёки солиқ солиш объектларини сақлаш билан боғлиқ бўлган жойларни кўздан кечириш солиқ тўловчининг солиқ хизмати органининг талабномасига жавобан тақдим этган ҳужжатларида акс эттирилган иш ўринлари сонини, товар-моддий қимматликларнинг, асосий воситаларнинг ёки бошқа мол-мулкнинг мавжудлигини тасдиқлаш мақсадида ўтказилади. Зарур ҳолларда, кўздан кечириш чоғида фото ва видеотасвирга олиш амалга оширилиши мумкин. Мавзули экспресс-ўрганиш натижалари бўйича қоидабузарликлар мавжуд бўлган тақдирда, давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахслари солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг тегишли нормасига ҳавола қилган ҳолда, солиқ тўловчининг тушунтиришларини инобатга олиб, аниқланган қоидабузарликлар батафсил баён қилинган маълумотномани тузади. Бу маълумотномага ўрганишни тайинлаш учун асос бўлган мезон кўрсатилган ҳужжатларнинг нусхалари, ўрганишни ўтказиш давомида олинган ҳужжатларнинг нусхалари, шунингдек ўрганиш доирасидаги ҳаракатлар бажарилганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар илова қилинади.

Солиқ тўловчига ўрганиш маълумотномаси тақдим этилган кун ёки маълумотномани солиқ тўловчининг  шахсий кабинети орқали юборилган сана мавзули экспресс-ўрганиш  тугалланган кун деб ҳисобланади. Ўрганиш натижалари камерал назорат материалларига илова қилинади.

2019 йилнинг январь-февраль ойларида камерал натижасида вилоятимиздаги 2 277 та корхона ва ташкилотлар қайта ҳисобот тақдим этишлари зарур деб топилди. Қарши шаҳрида 593 та, Шаҳрисабз шаҳрида 106 та, Fузор туманида 12 та, Деҳқонобод туманида 126 та, Қамаши туманида 141 та, Қарши туманида 138 та, Косон туманида190 та, Китоб туманида 217 та, Муборак туманида 129 та, Нишон туманида 50 та, Касби туманида 114 та, Чироқчи туманида 95 та, Шаҳрисабз туманида104 та, Яккабоғ туманида 108 та, Миришкор туманида 54 та корхона ва ташкилотлар 79, 149,1 млн. сўм солиқ ва бошқа тўловлар учун қайта ҳисобот топширишди.

Албатта, камерал  назорат натижалари бўйича солиқ тўловчилар солиққа оид ҳуқуқбузарликларни  мустақил равишда бартараф этишга ҳақлидир. Ана шундай корхона ва ташкилотлардан  Қарши шаҳридаги «Эскианҳорқурилиш» МЧЖ  қайта ҳисобот топшириш ҳақидаги талабнома олгач, 127 млн.935,7 минг сўмга қайта ҳисобот топширган. Шунингдек, «Қашқадарё йўллардан мунтазам фойдаланиш бошқармаси» унитар корхонаси, «Қашқадарёнефтгазқурилиш ва таъмирлаш» акционерлик жамияти ҳам ўз камчиликларини тушуниб етиб, қайта солиқ ҳисоботларини топширган корхоналар сирасига киради.

Хулоса қилиб айтганда, солиқ ҳисоботларининг ҳаққоний равишда, ўз муддатларида топширилиши  солиқ тўловчиларнинг бурч ва мажбуриятларига киради. Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, бу масъулиятни унутиб қўйиш ҳолатлари ҳам учрайди. Маълумки, ҳар ойнинг 25-санаси айрим солиқ турларини топшириш муддати этиб белгиланган. Бироқ, олиб борилаётган тарғибот тадбирларига, тушунтириш ишларига қарамай, айрим корхона, ташкилотлар томонидан солиқ ҳисоботларини топшириш кечиктирилмоқда. Бу эса улар фаолиятига салбий таъсирини ўтказмай қолмайди, албатта. Чунки солиқ ҳисоботларини ўз муддатларида тақдим этмаганликлари учун хўжалик субъектлари ҳисоб-рақамлари тўхтатиб қўйилмоқда, корхоналар мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилмоқда.

Камерал назорат тадбирлари бу каби камчиликларни аниқлаш ҳамда солиқ қонунчилигини таъминлашнинг муҳим омили бўлмоқда.

Миробид ЗИЁТОВ,

ВДСБ бўлим бошлиғи