ТИЗИМДАГИ ЯНГИЛИКЛАРДАН КОРХОНАМИЗ МАНФААТ КЎРМОҚДА

ТИЗИМДАГИ ЯНГИЛИКЛАРДАН КОРХОНАМИЗ МАНФААТ КЎРМОҚДА

Mart 22, 2019 0 By admin
131

Юртимизда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни

истаган фуқаролар учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган.

Айниқса, кейинги йилларда мамлакатимизда Президентимиз

томонидан тадбиркорларга алоҳида эътибор қаратилаётгани соҳа

ривожланишида муҳим аҳамият касб этаётир. Фаолиятимизда

жорий йил ўзгача кайфият билан бошланди. Ўтган йили 2 миллиард 270 миллиондан кўпроқ пул айланмалари амалга оширилди.

Натижада 113 миллион 500 минг сўм ягона солиқ тўладик. Жорий

йилда эса яратилган имтиёзлар туфайли ана шунча миқдордаги

солиқлардан озод бўлиб турибмиз.

Сабаби қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланаётганлигимиз туфайли ана шундай имтиёзлардан фойдаланамиз. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 208-моддасига мувофиқ ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган  озиқ-овқат маҳсулотларини реализация қилиш оборотлари  қўшилган  қиймат солиғидан озод қилиниши белгиланган. Бу имтиёз туфайли юз миллион сўм атрофидаги маблағимиз тежаб қолинадиган бўлди. Ушбу маблағлардан мақсадли фойдаланиб, жамиятимизда ишлаб чиқариш турини кенгайтириш орқали қўшимча ишчи ўринлари яратамиз. Ўтган йили Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасининг солиқ  сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фармони қабул қилинганди. Ушбу ҳужжат оддий фуқаролар даромадида, иш билан банд бўлишга кўрсатадиган кучли таъсири орқали уларнинг турмуш тарзида бевосита акс этиши билан аҳамиятли. Энг қувонарли томони шундаки, мамлакатимиз солиқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар миллий солиқ сиёсатининг ўзгаришлар, янгиланишлар даврига қадам қўйганлигидан далолат бериб турибди. Буни солиқ юки кескин камайтирилиб, содда, шаффоф, муҳими, иш берувчи учун ҳам, ишловчи учун ҳам бирдек адолатли ставка белгиланганлигидан ҳам билишимиз мумкин.

Корхонамизда 47 нафар ходим меҳнат қилади. Қарамоғимиздаги 17 минг бош товуқлардан ҳар куни 14-15 минг дона тухум олинмоқда. Ҳар йили буюртмачи ташкилотларга 20 тоннадан ортиқ  товуқ гўшти етказиб берамиз.

Тадбиркор – элга мададкор, деб бежизга айтилмаган. Бугунги кунда аниқ мақсадлар йўлида дадил одимлаётган тадбиркорларимиз аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, моддий фаровонлигини оширишга хизмат қилишмоқда. Халқимизнинг асрлар давомида нишонлаб  келинаётган Наврўз байрами муносабати билан барча юртдошларимизни табриклайман. Янгиланиш, яшариш айёми халқимизга фаровонлик, тўкин-сочинлик олиб келсин. Юртимиз, халқимиз иқтисодиётини мустаҳкамлаш йўлида хизмат қиладиган солиқ соҳаси  ходимларига ҳам янги кун – Наврўзи олам муборак бўлсин.

Азизбек ИБРАГИМОВ,

Муборак туманидаги «Табиий тоза» МЧЖ раиси