УМУМБЕЛГИЛАНГАН СОЛИҚ ТАДБИРКОР ФОЙДАСИГА ХИЗМАТ ҚИЛАЁТИР

Mart 22, 2019 0 By admin
26

Мамлакатимизда солиқ тизимини ислоҳ қилиш, янгиликлар билан бойитиш,  жаҳоннинг ривожланган давлатлари тажрибасидан фойдаланган ҳолда соҳани ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2018 йилнинг 29 июнь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги Фармони давлатимиз солиқ тизимида янги даврни бошлаб берди. Ушбу Фармоннинг асосий мақсади, солиқ юкини изчиллик билан камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмурчилигини такомиллаштиришдан иборат. Аввалги солиқ тизими солиқ тўловчилар томонидан ходимларнинг реал сонини ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини яширишга олиб келган. Бунга меҳнатга ҳақ тўлаш фонди солиқ ставкаларининг юқорилиги сабаб бўлган. Жорий йилнинг бошидан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида, яъни барча  фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси  12 фоиз қилиб белгиланди.  Бу эса солиқ юки камайиши ҳисобидан ишчининг иш ҳақи ошишига олиб келди.

Солиқларни соддалаштириш, сонини қисқартириш, ставкаларини пасайтириш асосий йўналишлар этиб белгиланган концепцияда солиқ юкини пасайтириш орқали рақобатбардошликни ошириш ва инвестицияларни жалб этишга имконият яратиш белгиланган. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, аввалги солиқ тизимида хўжалик юритувчи субъектларнинг айланма маблағларидан белгиланган ставка бўйича ягона солиқ тўлови (асосий ставкаси 5 фоиз) ҳамда бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга 3, 2 фоиз солиқ тўланган бўлса, эндиликда фақатгина олинган даромадларидан солиқ тўлаш тартиби жорий этилди.

Солиқ турларини қисқартириш билан бир қаторда улар ставкаларининг ҳам кескин пасайтирилганлиги тадбиркорлар учун айни муддао бўлаётир. Президент Фармонида таъкидланганидек, соҳада бир маромда иқтисодий ўсишга, ишбилармонлик ва инвестициявий фаолликни оширишга, соғ­лом рақобат муҳитини шакллантиришга, шунингдек, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар йиғувчанлигининг зарур даражасини таъминлашга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммоларни бартараф этиш борасида кенг қамровли тадбирлар олиб борилмоқда. Умумбелгиланган солиқларни тўловчилар учун солиқ юки даражасининг юқорилиги, шунингдек, солиқ солишнинг соддалаштирилган ва умумбелгиланган тизимда солиқларни тўлайдиган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги солиқ юки даражасидаги фарқнинг сезиларли эканлиги тилга олинган. Жорий йилда ана шу Фармон  талабидан келиб чиққан ҳолда ўтган йил якунлари бўйича айланма маблағи бир миллиард сўмдан ошган корхоналар туманимизда ҳам умумбелгиланган солиқларни тўлашга  ўтказилди.

Ана шундай корхоналардан бири – «Табиий тоза» масъулияти чекланган жамияти мисолида тизимдаги янгиликлар билан аввалги ҳолатни солиштирадиган бўлсак, мамлакатимизда олиб борилаётган ўзгаришлар, янгиликлар тадбиркорлар учун айни муддао бўлаётганини кўриш мумкин.

Ушбу масъулияти чекланган жамиятда ўтган йили солиқ солиш базаси 2 миллиард 270 миллион сўмдан ортиқ бўлган эди. Айланма маблағларидан белгиланган ставка бўйича ягона солиқ тўлови (асосий ставкаси 5 фоиз)ни амалга оширган. Бу 113 миллион 500 минг сўмни ташкил этди. Жорий йилда ушбу корхона ишлаб чиқаришда худди ўтган йилдаги кўрсаткичларни қайд этса, умумбелгиланган солиқ тўловчига айланган ҳолда тухум, товуқ гўшти ва нон етиштиришга ихтисослашганлиги боис қўшилган қиймат солиғидан озод этилди. Натижада 113 миллион 500 минг сўм корхона ҳисобида қоладиган бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 декабрда «Қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Унга кўра, Ўзбекис­тон Республикасида ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ошишининг олдини олиш мақсадида бир қатор ишлаб чиқарувчилар қўшилган қиймат солиғидан озод этилди. Гўшт (мол, қўй, товуқ), шунингдек, ҳайвонлар  (қорамол, парранда) тирик ҳамда уларнинг сўйилган маҳсулотлари, балиқ, картошка, пиёз, тухум, гуруч, шакар ва нон маҳсулотлари  шулар жумласидандир. Натижада «Табиий тоза» масъулияти чекланган жамияти ушбу имтиёзлардан фойдаланадиган ишлаб чиқарувчига айланди.

Солиқ тизимидаги бундай ўзгариш ва янгиликлар тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларни самарали фаолият кўрсатишларини таъминлашга хизмат қилмоқда. Ушбу имтиёзлардан барча мамнун. Чунки, солиқлардан тежалган маблағлар  корхона моддий техника базасини мустаҳкамлаш, ишчи-хизматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилиб, фаолият турини кенгайтирган ҳолда янги ишчи ўринлари яратилиши таъминланади. Мамлакатимизда солиқ тизимидаги бундай янгиликлар юридик шахслар учун ҳам, жисмоний шахслар учун ҳам самарали эканлигини кўрсатмоқда. Ходимларимиз тадбиркор ва ишбилармонларни солиқ билан боғлиқ билимларини ошириш мақсадида корхона ва ташкилотларда бўлиб, тушунтириш ишлари олиб боришмоқда.  Бу саъй-ҳаракатлар ўзининг самарасини бериб, юртимизда рақобатбардош товарлар ишлаб чиқариш ҳажми кўпаяди.

Юсуф ТОЖИЕВ,

Муборак тумани ДСИ бошлиғининг биринчи ўринбосари