СОЛИҚ МАСЛАҲАТХОНАСИ

Mart 22, 2019 0 By admin
105

–    25 ёшдаман. Олий ўқув юртининг сиртқи бўлимида контракт асосида ўқийман. Иш ҳақимдан контракт тўлови учун ўтказилган суммага даромад солиғидан имтиёз борми?

С. Суяров,

Муборак тумани

–        Имтиёз бор, Солиқ кодексининг 179-моддаси 31-бандига мувофиқ, фуқароларнинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадлари Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун (ўзининг ўқиши ёки йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг ўқиши учун) йўналтириладиган суммаларига солиқ солинмайди.

–    Касаллик варақаси ва моддий ёрдам суммалари солиқ ҳисоботида қандай акс эттирилади?

М. Диёров,

Касби тумани

–        Касаллик варақаси ва моддий ёрдам суммалари Солиқ кодексининг 178-моддасига мувофиқ, жисмоний шахснинг бошқа даромадлари ҳисобланади. Шунга кўра, ушбу даромадларни олган жисмоний шахслар рўйхати 6-иловада номма-ном шакллантирилади ва жами даромад суммаси Ҳисоб-китобнинг 012-сатрида кўрсатилади.

–    Беш қаватли уйнинг 1-қаватида умумий майдони 50 кв.м бўлган хусусий дўконим бор, ер солиғини қандай тўлайман? Шу бўйича тушунтириш берсангиз.

Ф. Тошев,

Қарши шаҳри

–    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4086-сон қарорининг 16-иловаси изоҳлар қисми 8-бандига мувофиқ, кўп қаватли уйларда нотурар жой бўйича юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи қаватларнинг сонига бўлинган нотурар жой майдонидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилади.

Шунга кўра, Сиз 10 кв.м (50 кв.м/5) ер майдонига юридик шахслар учун белгиланган ставка бўйича ер солиғи тўлайсиз.

–    Давлат томонидан бериладиган пенсия, стипендия ва нафақа суммаларини солиқ ҳисоботида акс эттириш шартми?

К. Сафаров,

Косон тумани

–        Йўқ, шарт эмас, чунки ушбу тўловлар жисмоний шахсларга давлат томонидан тўлаб берилади ва ушбу суммалардан ягона ижтимоий тўлов ва жисмоний шахс­лардан олинадиган даромад солиғи ҳисобланмайди. Ҳисоботда фақат иш берувчи томонидан тўланган мазкур даромадлар акс эттирилади.

–    Касаллик варақаси ва моддий ёрдам суммаларидан Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варағига бадал ҳисобланадими?

Ш. Муродова,

Қарши шаҳри

–        Йўқ, ҳисобланмайди. Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варағига бадаллар суммаси фақат меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардан, яъни Солиқ кодексининг 172-моддасида кўрсатилган даромадлардан ҳисобланади.

–    Фарзандимнинг болалар оромгоҳида дам олиши учун йўлланма ҳақини мен ишлайдиган корхона тўлаб берса, солиқ тўланадими?

Д. Баротова,

Қарши тумани

–        Солиқ кодексининг 179-моддаси, 2-қисми, иккинчи хат бошига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган болалар оромгоҳлари ва бошқа соғломлаштириш оромгоҳлари, шунингдек санаторий-курорт ва соғ­ломлаштириш муассасаларига ўз ходимларининг ўн олти ёшга тўлмаган (ўн саккиз ёшгача бўлган ўқувчилар) болалари учун йўлланмалар қийматини тўлиқ ёки қисман қопланган суммасига солиқ солинмайди.

–    Мен якка тартибдаги тадбиркорман. Товар  айланмам 100,0 млн.сўмдан ошди. Солиқ  инспектори менга 4 фоиз миқдорида ягона солиқ тўловини тўлайсиз, деяпти. Энди мен ҳам қатъий белгиланган солиқ, ҳам ягона солиқ тўловини тўлашим керакми?

У. Фозилова,

Китоб тумани

–    Йўқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4086-сон қарорининг 8-бандига мувофиқ, календарь йилида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми 100 миллион сўмдан ошган, бироқ бир миллиард сўмдан ошмаган якка тартибдаги тадбиркорлар ягона солиқ тўловини 4 фоиз ставкада тўлашга ўтказилади.

Шунга кўра, Сиз энди қатъий белгиланган солиқ тўлаймайсиз, унинг ўрнига товарларни реализация қилишдан олинган тушумдан 4 фоиз миқдорида ягона солиқ тўловини тўлайсиз.

–    Якка тартибдаги тадбиркор сифатида сартарошлик  фаолияти билан шуғулланаман, солиқ инспектори сув солиғи ҳам тўлайсиз, деяпти, унинг талаби тўғрими?

У. Авлиёқулова,

Қарши шаҳри

–    Давлат солиқ инспекторининг талаби тўғри, Солиқ кодексининг 257-моддасига мувофиқ, тадбиркорлик фаолияти учун сувдан фойдаланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчилардир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4086-сон қарорига мувофиқ, солиқ миқдори 1 куб метр учун ер усти сув ресурслари манбаларига – 120 сўм ва ер ости сув ресурслари манбаларига – 150 сўм қилиб белгиланган.

–    Оилавий корхона ер участкасида жойлашган уйда истиқомат қилиш билан бир вақтда хизмат кўрсатиш учун фойдаланган тақдирда қай тартибда ер солиғини тўлайди?

Ш. Рустамова,

Қарши шаҳри

– Солиқ кодексининг 291-моддасига мувофиқ, жисмоний шахс ёки оилавий корхона ер участкасидан унда жойлашган уйда истиқомат қилиш билан бир вақтда товарлар ишлаб чиқариш ( ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, ер солиғи жисмоний шахслар учун белгиланган ставка бўйича тўланади.

– Мен, Афғонистонда  ҳарбий хизматни ўтаганман. Менга даромад солиғидан имтиёз борми?

F. Эминов,

Касби тумани

–        Солиқ кодексининг 180-моддасига асосан, уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланувчи уларга тенглаштирилган шахслар жисмоний шахслар даромадига солиқ солишдан қисман (даромад олинган ҳар бир ой учун энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдоридаги даромадлар бўйича) озод қилинган.

–    Мен санъат асарлари яратаман. Айтингчи, фаолиятим билан боғлиқ бўлган харажатларни чегирсам бўладими?

Ш. Бердиева,

Косон тумани

–    Солиқ кодексининг 190-моддасига мувофиқ даромадларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинадиган жисмоний шахслар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини давлат солиқ хизмати органининг ёзма хабарномаси асосида тўлайди.

 Бунда фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ва улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи олаётган жисмоний шахс даромадлар олиш билан боғлиқ даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиши шарт ҳамда у ижодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ, ҳақиқатда қилинган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатларни даромаддан чегириш ҳуқуқига эга, бироқ чегирма олинган жами даромад суммасининг 30 фоизидан кўп бўлмаслиги керак.

–    Агар ер участкаси майдони ўзгарса, ер солиғи қайта ҳисоб-китоб қилиш тартиби қандай бўлади?

Г. Мейлиева,

Қарши тумани

–        Йил мобайнида ер учас­ткаси майдони ўзгарганда ва имтиёзларга бўлган ҳуқуқлар вужудга келганда ёки бекор қилинганда, Солиқ кодексининг 293-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда давлат солиқ хизмати органлари томонидан мазкур ўзгаришлардан кейин бир ой ичида ер солиғини қайта ҳисоб-китоб қилиб, солиқ тўловчига ер солиғи суммаси ва уни тўлаш муддатлари кўрсатилган янги ёки қўшимча тўлов хабарномасини тақдим этилади.

–    Якка тартибдаги тадбиркор ёлланма ходими учун қатъий белгиланган солиқ тўлайдими?

Л. Элматов,

Чироқчи тумани

–        Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 июлдаги «Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3856-сон қарорига мувофиқ, 2018 йил 1 августдан бошлаб, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳар бир ёлланган ходимга тўланадиган қатъий белгиланган солиқни тўлашдан озод этилган.