ФУҚАРОЛИК МАЖБУРИЯТИ

Mart 22, 2019 0 By admin
20

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига асосан бир вақтнинг ўзида бир нечта манбалардан даромад олаётган жисмоний шахсларнинг даромадларини тўлов манбаларида тўлиқ солиққа тортиш солиқ органлари томонидан якуний ҳисоб-китоб тақдим этилган жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида амалга оширилади.

Фуқаролар жами йиллик даромадлари тўғрисида декларацияни топшириш орқали, давлат ва жамият олдидаги конституциявий бурчларини бажариш баробарида жами даромадлари, тўлаган солиқлари миқдори ва ўзларининг жамғариб бориладиган пенсия бадали бўйича шахсий ҳисобварақларидаги маблағлар тўғрисида маълумотга эга бўлишади.

Шунингдек, декларация тақдим этиш натижасида уларга солиқнинг ортиқча тўланган қисмини бошқа солиқлардан бўлган қарзи учун ўтказиш ёки бошқа солиқлардан қарзи бўлмаган тақдирда қайтариб олиш имкони яратилади.

Бундан ташқари, асосий бўлмаган иш жойларидан даромад олган жисмоний шахслар декларация тақдим этиш жараёнида амалдаги солиқ қонунчилигида кўзда тутилган имтиёзлардан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар.

Масалан, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ўз мулкида бўлган мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлари бўйича тўланган солиқларни жами йиллик декларацияни тақдим этиш орқали қайтариб олишлари мумкин. Чунки, улар Солиқ кодексининг 180-моддаси иккинчи қисмига асосан даромад олинган ҳар бир ой учун энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдоридаги даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод қилинган.

Шуларни эътиборга олган ҳолда,даромадлар тўғрисидаги декларациянинг кимлар томонидан топширилиши, тақдим этиш тартиби ва муддатлари юзасидан батафсил тушунтириш бериб ўтамиз.

КИМ РЕЗИДЕНТ ҲИСОБЛАНАДИ?

Солиқ кодексининг 19-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган ёки жорий солиқ даврида якунланаётган ҳар қандай кетма-кетликдаги ўн икки ойлик давр ичида жами бир юз саксон уч кун ва ундан ортиқ муддат Ўзбекистон Республикасида турган жисмоний шахс Ўзбекистон Республикасининг резиденти деб эътироф этилади.

ҚАНДАЙ

ҲУЖЖАТЛАР

ИЛОВА ҚИЛИНАДИ?

Жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларация шакли Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган «Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорнинг (рўйхат рақами 3126, 2019 йил 21 январь) 2-иловасида келтирилган.

Жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияга белгиланган шаклдаги тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммалари ҳақидаги маълумотнома илова қилинади.Жисмоний шахс икки ва ундан ортиқ даромад манбаига эга бўлса, барча манбалардан маълумотнома тақдим этиши зарур.

Фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида даромадлар олган шахслар уларни яратиш ва улардан фойдаланиш учун зарур материаллар олиш, бино ва мол-мулк ижарасига доир харажатларни (олинган жами даромад суммасининг 30 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда) чегиришга ҳақлилар. Ушбу харажатлар ҳужжатлар (назорат-касса машинаси ёки терминал чеклари, квитанциялар, шартномалар, ҳисобварақ-фактуралар ва ҳоказо) билан тасдиқланган бўлиши керак.

Грант кўринишида даромадлар олган жисмоний шахслар декларацияни топшираётганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг тегишли хулосасини ҳам тақдим этишлари керак.

Мол-мулкни (автотранспорт, бино ва иншоотлар, турар ва нотурар жойлар) ижарага берувчи жисмоний шахслар ижара шартномалари нусхаларини декларацияга илова қилишлари шарт.

Мамлакатдан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлардан солиқни ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ушбу даромадлардан тўланган солиқ суммалари ҳақида чет давлат ваколатли органи тасдиқлаган маълумотномани тақдим этадилар.

Солиқ кодексининг 180-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, энг кам иш ҳақининг тўрт бараварини чегириш тарзидаги имтиёзга эга бўлган шахслар имтиёзга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этишлари ва декларацияда кўрсатишлари лозим.

ҚАНДАЙ УСУЛЛАРДА

ТАҚДИМ ЭТИЛАДИ?

Декларация бевосита жисмоний шахснингдоимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига, почта орқали буюртма хат шаклида, шунингдек, электрон шаклдаги ахборот тарзида ва Интернет тармоғи орқали тақдим этилиши мумкин.

Декларация солиқ органига шахсан тақдим этилганда давлат солиқ органининг тегишли бўлимига топширилади.

Почта орқали юборилаётган декларация конвертга солинади ва солиқ тўловчининг яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органи манзилига жўнатилади.

Электрон ҳужжат тарзида тайёрланган декларацияни солиқ тўловчи бевосита ёки ахборот воситачиси (электрон ҳужжатлар айланмаси билан боғлиқ хизматларни кўрсатувчи юридик шахс) орқали жўнатиши мумкин. У электрон рақамли имзо билан тасдиқланади, бунда белгиланган шакл тўлиқ тўлдирилган бўлиши керак.

Шунингдек, декларацияни Давлат солиқ қўмитасинингmy.soliq.uz»Электрон солиқ хизматлари» порталидаги «Солиқ декларацияларини юбориш» интерактив хизмати орқали ҳам жўнатиш мумкин.

СОЛИҚ ТЎЛАШ МУДДАТЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси резидентлари, шу жумладан, чет эллик жисмоний шахслар, шунингдек мол-мулкни ижарага беришдан даромад олувчилар ўтган йилдан кейинги йилнинг 1 июнидан кечиктирмай

Дастлабки декларация асосида (ойлик тўловлар) мол-мулкни ижарага беришдан даромад олувчилар даромад олинган ойдан кейинги ойнинг 5-кунигача

Чет эллик жисмоний шахслар – Ўзбекистон Республикасининг резидентлари фаолиятини тугатган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқиб кетаётганда(жорий йил учун даромадлари тўғрисида) декларация топширилган пайтдан эътиборан 15 кун ичида

Солиқ тўланган сана қуйидагилардир:

банкдаги ҳисобварақдан тўланган тақдирда – банкдаги ҳисобварақлардан маблағлар ҳисобдан чиқарилган кун;

нақд пул маблағлари киритилган тақдирда – банк кассасига маблағлар тўланган сана.

Жисмоний шахслар – Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ҳисоблаб чиқарилган даромад солиғини хорижий давлатда жойлашган банк ҳисобварағидан чет эл валютасида тўлаши мумкин. Бунда жисмоний шахслардан олинадиган, миллий валютада ифодаланган солиқ жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўланган санада Марказий банк томонидан белгиланган курс бўйича чет эл валютасида қайта ҳисоблаб чиқилади.

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ҳисоблаб чиқариладиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш тўлов хабарномасида кўрсатилган муддатларда амалга оширилиши керак.

Эслатиб ўтамиз, солиқни тўлаш муддатларини бузиш тўловнинг белгиланган муддатидан кейинги кундан эътиборан муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун (тўлов куни ҳам шунга киради) 0,045 фоиз миқдорида пеня ҳисоблашга сабаб бўлади.

Шунингдек, даромадлар тўғрисида декларацияни ўз вақтида тақдим этмаслик Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 174-моддаси учинчи қисми билан маъмурий жавобгарликка тортилиб, энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шуларни эътиборга олган ҳолда, даромадларингиз тўғрисидаги декларацияни охирги муддат -1 апрелни кутмасдан яшаш жойингиздаги давлат солиқ инспекциясига ўз вақтида тақдим этишингизни маслаҳат берамиз.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 189-моддасига асосан жисмоний шахслар 2018 йил давомида олган даромадлари юзасидан 2019 йилнинг 1 апрелидан кечиктирмасдан жами йиллик даромадлари тўғрисида декларация тақдим этишлари лозим бўлиб, вилоят бўйича 2018 йилда 27 698 та йиллик декларация топширилиши лозим. Айни пайтда ҳудудий ДСИларда бу борада ишлар қизғин паллага кирган.Д