ОБИ РАҲМАТ, АССАЛОМ… ёхуд сербарака Ҳамалнинг деҳқончилик сирлари

Mart 15, 2019 0 By admin
55

Маълумки, қуёшнинг биринчи буржига ва ойнинг ўн икки буржидан бири – Ҳамал кириши билан она заминимизда навбаҳор, яъни Наврўзи олам қадам ранжида этади. Наврўз – янги йил келиши биланоқ баҳор нафасидан мудроқ табиат, дов-дарахтлар танасига қайта жон киради. Қарийб 5000 йиллик тарихга эга Наврўз айёми Ҳамалнинг сербарака қадами билан бошланади.

Абу Райхон Беруний, Ибн Сино, Умар Хайём, Мирзо Улуғбек каби жаҳонга машҳур алломаларимиз ҳам тун билан кун баравар бўладиган ва қуёш Ҳамал буржига кирадиган кун – Наврўзи айёмни тантанали нишонланишини ўз асарларида теран баён этишган.

«Қантар оғди»дан сўнг…

Ҳамал ойи бурж шакли бўғоз қўйга ўхшагани учун Ҳамал деб, Савр ойини – юлдузлар туркумини ҳўкизга ўхшаб кўрингани учун Савр дея аташган. Деҳқончилик тақвимига оид ойларга қараб омилкор деҳқонлар зироатчилик тараддудини кўришган. Тўқсон мавсуми 5 декабрдан 5 мартгача давом этган. 21 январь – «Қантар оғди» дан кейин қиш бўлмаган. «Қантар оқса, қор турмас» нақли асрлар давомида деҳқонлар орасида ўз аҳамиятини йўқотмаган.

«Кантар оғди» дейилишига сабаб шуки, қиш мавсумида айиқ қирқ беш кундан тўқсон кун ухлайди. Қирқ беш кундан кейин иккинчи томонга ағдарилиб, ухлашга одатланганлиги учун тўқсон куннинг иккинчи ярми «Кантар оғди» деб юритилган. 22 декабрдан 22 февралгача чилла мавсуми кечади. Бу мавсумда ерни суғориш, ҳар хил зараркунандалар кўпайишининг олдини олади. Шунингдек, ернинг яхши етилишида ҳам жуда фойдалидир.

Қавс ойида асосан ниҳоллар эқилади. Кузнинг Сунбула ойи (22 августдан 21 сентябргача),  асосан кузги буғдой экишга тайёргарлик кўрилади ва экилган майсазорлар суғорилади. Мезон ойи (21 сентябрдан 22 октябргача) эса буғдой экиш мавсумидир. Шунинг учун ҳам халқимизда «Сунбулада суғор, мезонда эк» деган гan бор. Сунбулада суғориб, мезонда экиш мўл ҳосил гаровидир. Ақраб ойи (22 октябрь) кирганда қўйлар урчитилади. Улар қиш изғиринларидан соғлом ва нуқсонсиз ўтиб, баҳорда (олтинчи ой аввалида) қўзилайди. 6 мартдан 13 мартгача «Аямаъжуз» ҳафталиги бўлиб, «айём» тилидан «тўқсон» мавсумига қарата айтилган ибора машҳурдир: «Тўқсон, бир кунимча йўқсан», яъни шу «айёми маъжуз» хафталигида тўқсон мавсумида об-хавонинг кескин ўзгариши кузатилади. Ажуз кунлари олти кун, у чўзилиб «қаттиқ кун» бўлиши ҳам мумкин. Кейин келувчи Аҳман, Даҳман, Эзим, Қирман, Нос кунлари эса Ажуз момонинг ўғилларига тегишли деб англанган. Шундан кейин Наврўз бошланган ва «Наврўздан сўнг қиш бўлмас», деб ҳукм чиқарилган. Ёши улуғлар Аямаъжуз ҳафталигида шамоллаб қолмаслик ва дардга чалинмаслик учун эҳтиёткор бўлишни таъкидлашади. 14 мартдан 20 мартгача «Оби раҳмат» ҳафталиги ҳисобланиб, бу кунлар Оллоҳнинг амри билан, Осмондан раҳматлар ёғилади. Бу сувларни кишилар табаррук ҳисоблашган. Наврўзда инсонлар дастурхонига кўрк берувчи ноз-неъматлар билан тўлдириб, келаси йил мўл-кўл ҳосил олиб келишини Тангридан сўрайдилар.

Деҳқонлар учун муҳим гаплар

Қадимда деҳқончилик қилиш учун унинг тақвимини жуда теран билиш талаб этилган, экинлар экиш, дарахтлар ўтқазиш вақтини билиш келажакдаги мўл ҳосилнинг сифатида қаралган. Наврўз – баҳор байрамини деҳқончилик юмушлари бошланганлиги нуқтаи назаридан нишонлаш азалдан аждодларимиздан авлодларимизга ўтиб келаётган эзгу урф-одатимиздир.

Деҳқончилик аждодлардан қолган ноёб мерос ҳисобланади. Манбаларда келтирилишича, буюк алломаларнинг аксарияти асосан деҳқончилик билан шуғулланишган. Ҳожи Муҳаммад бобо Самосий – боғбон, Ҳожи Баҳовуддин Нақшбанд эса ўз ерларида буғдой, мош ва бошқа экинлар экишиб тирикчилик қилганлар. Ҳожа Аҳрор ва Жўйбор шайхлари даромадининг асоси зироатдан бўлиб, ундан нафақат шу хонадон аҳли, балки ҳалқ оммаси ҳам баҳраманд бўлишган. Хожа Аҳрор Вали ўз омборхоналарида сақлаётган беҳисоб ғаллаларни фуқароларнинг ризқи деб қараган. Жўйбор шайхлари эса мамлакатда дон танқислиги сезилганда, ўз омборхонасидаги ғаллаларнинг бир қисмини муҳтожларга тарқатишган.

Буюк Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳам янги ерларни ўзлаштириб, деҳқончилик қилишга алоҳида эътибор берганлар. Соҳибқирон даврида янги ўзлаштирилгаи ерлардан уч йилгача солиқ олинмаган ва бу тадбир қишлоқ жойларида фаровон ҳаётни таъминлашда ижобий аҳамият касб этган. Масжид, мадраса ва хонақоҳларга вақф қилинган ерлар ҳисобидан келадиган даромад шу диний муассасаларнинг иқтисодий асоси ҳисобланган.

Келажакка

қўл тутган айём

Асрлар давомида эзгулик ва яшариш байрами бўлиб келган бу қадимий ва навқирон Наврўзи  олам мамлакатимизда ҳар йили ўзгача, кенг миқёсда нишонланиб келинади. Юртдошларимиз юз-кўзларига боқиб, Наврўзнинг қанчалар шукуҳ ва тароват, янги ҳосил мавсумининг асосини ташкил килувчи деҳқончилик юмушларига эса алоҳида файз бағишлаётганига амин бўласиз. Кўплаб манбаларда, жумладан, ҳадиси шарифда ҳам зироатчилик билан шуғулланиш энг улуғ иш эканлиги кўп таъкидланган. Чунки деҳқончиликдан барча манфаатдор бўлиб, ҳалқ ризқи, асосан ердан олинган ҳосилга боғлиқлиги ҳақиқат. Оллоҳ таоло уларни барча жонзотнинг ризқига сабабчи қилиб қўйган, ислом уламолари нуқтаи назарида ҳам бошқа касблар ичида деҳқончилик энг мақбул касб эканлиги алоҳида таъкидланади.

Момомерос

урф-одатлар

Аждодларимиз бу байрамни тантанали нишонлашиб. турли-туман, удум ва маросимлар ўтказишган. Наврўз кунлари қишлоқлардан ёзги меҳнат масканлари – ёзлоқларга кўчиб ўтишган. Жамоа бўлиб ҳашарлар уюштирилган. Оммавий равишда мевали ва манзарали дарахтлар экилган. Байрамга атаб аждодларимиз махсус янги кийим-кечаклар тайёрлашган ва уларни кийиб, тантана қилишган. Наврўз таомлари орасида, айниқса, сумалак, ҳалим, ёрма пишириш, анъанавий одат тусига кирган. Турли-туман халқ ўйинлари ва баҳор қўшиқлари ижро этилган. Китобхонлик базми, совринли ўйинлар, мусобақалар ташкил этилган. Кўпкари-улоқ, кураш, ҳайвон ва паррандалар «жанг»лари – хўроз, ит, қўчқор уриштириш, масхарабозлик, аскиябозлик, дор ўйинлари ва халқ томошалари ўтказилган. Наврўз байрами меҳр-оқибат айёми ҳисобланиб, қарияларга ҳурмат, уларнинг ҳол-аҳволидан хабар олиш ва кўмак беришдир. Наврўз тириклик байрами сифатида машҳур бўлиб, унинг яна бир муҳим вазифаси шуки, бу муродбахш кунларда ўтганлар хотирасини эъзозлашга ҳам жуда катта аҳамият берилган. Масжиду мадраса, хонадону маҳалла, мозору зиёратгоҳларда Куръон ўқилган ва жонлиқлар сўйилган. Етим-есирлар, бола-чақалар ва муҳтожлар учун катта дошқозонлар осилиб, турли таомлар пиширилган. Ҳар бир оила қабристондаги ўз ҳилхонасини ва бошқа қариндошлариникини ҳам супуриб, тозалаб, тартибга келтиришган. Бу тантанада болалар иштироки, айниқса, жуда қизғин бўлган. Улар Наврўз байрами ҳафталигида турли оммавий ўйинлар от пойгаси, чиллак, қўғирчок ўйин, тош, лапар, ип ўйинлари уюштиришган.

Ҳут ойининг охирги кечаси, яъни 20 мартдан 21 мартга ўтар чоғда оила даврасида «қозон тўлди» маросими уюштирилган. Бунда ҳар бир оила ўз имкониятига қараб бирор бир тансиқ таом пиширган ва қозон тўла бўлишига алоҳида эътибор берилган. Бу соф оилавий удум бўйича ҳар бир хонадон таом тайёрлаб, аждодлар ҳақига «иc» чиқарилган. Шу «ис» ёғи билан ерни шудгорлашга қўшиладиган ҳўкиз шохлари мойланган («шохмойлар»). Бу маросимда пиширилган таомлар бўғирсоқ ва сомсалар қўни-қўшниларга тарқатилган. Барча идишлар сувга тўлдирилиб қўйилган. Шу тун мобайнида ҳалим (ҳолиса) сумалак ҳам пиширилган, эрталаб эса маърака қозонда  пишган таомлар жамоага тарқатилган. «Қозон тўлди» куни махсус идишлар ун ва буғдойга тўлдириб қўйилган, етти хил таом пиширилган. Бу маросимлардан сўнг экин экиш, яъни деҳқончилик  мавсуми бошланган.

Хуллас, Ҳамал нафақат деҳқончилик ишларининг бошланиши, балки эзгу ва хайрли амалларнинг ҳам аввалидир.

Шерали ДОНАЕВ,

Деҳқонобод туманидаги 72-умумий ўрта таълим мактабининг ўқитувчиси

Ҳасан ЗИЁДУЛЛАЕВ,Қамаши туманидаги 78-умумий ўрта таълим мактабининг ўқитувчиси