ТАҲАМЛИКЛАР МАМНУН БЎЛДИ

ТАҲАМЛИКЛАР МАМНУН БЎЛДИ

Mart 1, 2019 0 By admin
102

Тобора ривожланиб бораётган мамлакатимизда одамларнинг яшаш шароити яхшиланиб, қишлоқ ва маҳаллалар ободонлашаётир.

Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак, деган гап бор халқимизда. Эзгу ва савоб ишларга қўл уриш, одамларнинг фаровон ҳаёт кечириши учун қулайликлар яратиш, бу борада изчил ва самарали фаолият кўрсатиш  бугунги кунда ҳар бир раҳбарнинг кундалик юмушига айланиб бормоқда. Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида мамлакатнинг барча ҳудудларида йўлга қўйилган секторлар фаолияти давлат органларини аҳоли билан янада яқинлаштириш, халқ билан тизимли мулоқотни  йўлга қўйишда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир.

Ҳукуматимиз раҳбарияти  томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий негизи  аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, уларга ҳар томонлама қулайлик яратишга қаратилаётганлиги кишини қувонтиради. Кейинги йилларда барча ҳудудларда секторлар фаолияти йўлга қўйилиб,  самарали ишлар олиб бораётганлиги боис одамларни қийнаётган муаммоларга ечим топилаётир.

4-секторга қарашли ҳудудларда ҳам аҳоли талаб ва истакларини  ўрганиш жараёнида учраётган муаммоларни бартараф этиш борасида олиб борилаётган ишлардан барча мамнун бўлаётир. Чунки секторларда фаолият кўрсатаётган ходимлар хонадонма-хонадон  юриб одамларни қийнаётган, ечими топилмаётган муаммоларни ҳал қилиш учун астойдил ҳаракат қилаётганликлари давлат идоралари ходимларининг халқимиз орасига кираётганлигидан далолат бериб турибди.

Fузор туманидаги «Қоракўл» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Таҳам, Жонқора қишлоқлари аҳолиси ҳам бугунги кунда секторларда амалга оширилаётган ижобий ишлардан баҳраманд бўлаётганлиги таҳсинга лойиқ. Бу қишлоқлар воҳамизнинг чекка – Туркманистон давлати билан чегара ҳудудидаги адирлик ва тепаликларда жойлашган. Чекка ҳудуд бўлганлиги боис табиий газ,  ичимлик суви йўқ. Аҳоли узоқ масофадан ичимлик сувини ташиб келтиради. Умуман олганда, Таҳам қишлоғида 1 та умумтаълим мактаби ва қишлоқ оилавий поликлиникаси  дан бошқа давлат идораси йўқ ҳисоби. 1100дан ортиқ аҳоли яшаётган қишлоқ одамларининг муаммоларига қулоқ тутиш, уларни имкон даражасида ҳал қилиш мақсадида вилоят Давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари бир қатор  ташкилотлар билан ҳамкорликда аҳоли ўртасида учрашув ўтказди.

Учрашув давомида қишлоқда яшаётган фуқароларнинг фикри тингланиб, уларни қийнаётган йўл, кўприк  муаммосини ҳал қилиш учун тегишли ташкилотларга кўрсатмалар берилди. Шу куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан тиббий кўрик ташкил қилинди. Барча мутахассисларни ўзида бирлаштирган тиббий гуруҳ қишлоқдаги барча фуқароларни тиббий кўрикдан  ўтказди. Қишлоқ туман ва вилоят марказларидан анча узоқда жойлашганлиги боис шаҳарга бориб тиббий кўрикдан ўтиш одамларга қийинчилик туғдиради. Шу боис шифо масканларида тажрибали шифокорларнинг текширувлари, ташхисларидан барча ўз мамнунлигини яширмади. Бепул ташкил этилган бундай эзгу ишлардан отахону онахонлар баҳраманд бўлиб, ташкилотчиларга ўз миннатдорчиликларини билдиришди.

–   Қишлоқ чекка ҳудудда жойлашганлиги боис 4-сектор раҳбарлари ташаббуси билан бир неча бор бу ерга келиб  аҳоли яшаш шароитини ўргандик. Уларга қулайлик  яратиш мақсадида кўчма тиббий гуруҳни олиб келиб барчани кўрикдан ўтказдик. Аниқланган касалликларни даволашда ҳам кўлимиздан келганча ёрдам қиламиз, – дейди вилоят соғлиқни  сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерали Нурматов.

Сектор раҳбарлари қишлоқда истиқомат қилаётган, узоқ йиллардан буён ногиронликдан азият чекаётган фуқаролар ҳолидан хабар олишди. Малоҳат Жалилова мана 10 йилдирки касаллик туфайли кўрпага михланиб қолган. Олтмиш ёшни қаршилаган ушбу онахоннинг ташриф  туфайли кўнгли кўтарилди ва хурсанд эканлигини яширмади.

– Қишлоқ аҳолиси асосан чорвачилик билан шуғулланади. Йил қурғоқчил келган  пайтларда шароит оғирлашади, -дейди маҳалла посбони  Хурсанд Чориев, –  Чунки   даромад манбаи ҳисобланган чорва молларининг хашаксиз қолиши муаммоларимизни оширади. Чорвачиликка йўналтирилган 2 та фермер хўжаликлари фаолият кўрсатади. Фермер Боймурод Элмуродов ўтган йили баҳорда тўрт  гектар майдонда боғ яратди. Айни кунларда 1200 туп бодом кўчатлари баравж ривожланмоқда. Фермер кўчатларни ташиб келтирилган сув билан суғоради. Ҳар бир кўчат  ёнида елим идишлар қўйилган бўлиб, сув томчилатиб қуйилади. Оқава сув йўқ бўлса-да, ана шундай усуллар билан боғ яратишга, яшаш шароитларимизни яхшилашга ҳаракат қилаяпмиз.

Таҳам  олис қишлоқлар сирасига киради. 4-сектор раҳбарияти ташаббуси  билан қишлоқ аҳолисига газ баллонлари тарқатилди. Автомашинада ун маҳсулотлари  олиб борилиб, ўз нархида сотилди. Ҳар икки қишлоқда истиқомат қилувчи кам даромадли оилаларга ун ва ёғ берилди. Бундай эзгу ишлардан барча мамнун.

–   Таҳам  ва Жонқора қишлоқлари 4-сектор ҳудудида жойлашган. Шу боис, аҳоли билан мулоқот ўтказиб, уларни қийнаётган муаммоларни ўргандик – дейди вилоят Давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шуъбаси бошлиғи Ф. Жабборов. – Ана шу муаммоларни имкон қадар ижобий ҳал қилиш, аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида қатор ҳамкор ташкилотлар билан бирга ижобий ишлар амалга оширилди. Биргина Таҳам қишлоғида  Fузор тумани электр тармоқлари идораси  томонидан  2 та трансформатор ўрнатилди. Оғир юкли транспорт воситаларининг қатнаши натижасида кўприклар таъмирталаб бўлиб қолган. Ана шу кўприкларни таъмирлаш, йўлларни тартибга келтириш ҳақида ҳам  амалий ишларга қўл урилди. Энг асосийси, одамларга  қулайлик яратиш учун барча имкониятларни ишга солаяпмиз.

Юртимизда аҳолини қўллаб-қувватлаш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Бу борада  секторлар фаолияти муҳим аҳамият касб этаётир. Таҳам ва Жонақора қишлоқларидаги каби эзгу ишларга бош-қош бўлиш, бундай хайрли тадбирларни тез-тез ўтказиш халқимиз учун айни муддао. Бундан одамлар ҳам, жамият ҳам манфаат кўради.З. ХАЛИЛОВ