УЙ ШАРОИТИДА ҚУЁН БОҚИШНИ ИСТАЙСИЗМИ?

УЙ ШАРОИТИДА ҚУЁН БОҚИШНИ ИСТАЙСИЗМИ?

Mart 1, 2019 0 By admin
28

Болалигимизда тадбиркор деганда кўз ўнгимизда отамиз тенги – камида 45-50 ёшларга кириб қўйган одамларни кўз олдимизга келтирардик. Ёшларнинг тадбиркор бўлиб элга хизмат қилишини тасаввур ҳам қилолмасдик. Бугун-чи?! Эҳ-ҳе, тадбиркорлик билан шуғулланаётган тенгдошларимизни  санаб саноғига етолмаймиз. Уларнинг мамлакатимизда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор ва рағбатдан унумли фойдаланиб, иқтисодиётимиз ўсишига қўшаётган муносиб ҳиссаларидан дил қувонади. Энг қувончлиси, чекка ҳудудларда қишлоқ шароитида тадбиркорлик тармоқларининг қайсидир тури билан, жумладан, паррандачилик, беданачилик, чорвачилик, балиқчилик билан шуғуланаётган ёшлар сафи кун сайин кўпаймоқда.

Яқинда ёш тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувларнинг бирида қуёнчилик билан шуғулланаётган тенгдошимиз фаолияти ҳақида сўзлаб берганда кўпчилик қизиқиб қолди. Ёш тадбиркорнинг айтишича, эндиликда коллежни тамомлаган, ишсиз юрган тенг­дошлри ҳам қуёнчилик билан шуғулланмоқда экан. Бу борада уларга устозлик ҳам қилаяпман, ҳам қишлоқ аҳлидан дуо олаяпман, дейди фахр билан тадбиркор.

Дарҳақиқат, қуёнчиликнинг сердаромад тармоқ эканидан кўпчилик бехабар. Қишлоқ ёшлари орасида қуёнчилик билан шуғулланишга қизиқувчилар сони кун сайин ортмоқда. Тадбиркорликка қизиқишимиз бўлгани учун ҳам ўқишдан бўш вақтларда қуёнчилик билан шуғулланадиган кишилар билан суҳбат қуриб турамиз. Қуёнчиликнинг ўзига яраша завқи ҳам бор.

Аҳоли хонадонларида қуён асосан гўшти ва мўйнаси учун боқилади. Бунинг учун унча катта харажат талаб қилмайди. Қуёнларнинг тез етилувчанлиги, серпуштлиги, жадал ўсиши сарф этилган маблағнинг тез қопланиб кетишини таъминланиши тажрибада синалган. Улар йил давомида 5-6 марта олтитадан ўнтагача болалайди. Маълумотларга кўра, битта қуёндан бир йилда 50-60 тагача бола олиш мумкин экан. Бундан ташқари бир бош қуёндан 1 кг гача тивит олинади. Бу ҳам яхшигина даромад дегани. Яъни, қуёндан олинган жуда майин ва нозик тивитдан шарф, рўмол, свитер, пайпоқ ва бошқалар тўқилади. Қуён терисидан эса қўлқоп, сумка, енгил оёқ кийим ҳам тайёрланади.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, уй шароитида боқиладиган қуёнлар овқат танламаслиги билан аҳамиятли. Мисол учун, гўшти парҳезбоп, хушхўрлиги жиҳатидан товуқ гўштидан устун турадиган қуён олти ой боқилганда 3,5-4 килограммгача тош босади.

Қуёнчиликка қизиқаётган ёшлар  юртимиз шароитида боқиладиган оқ великан, кулранг великан, шиншила, капалаксимон, олмахонсимон, кумушсимон, қора қўнғир, вена зангори ва бошқа зотли қуёнларни парваришласа, кўзланган натижага эришиши мумкин.

Қуёнларни парваришлашда нималарга эътибор қаратиш лозим? Бу кўпчиликни қизиқтиради, албатта. Қуён боқиб, кўп даромад олиш учун биринчи навбатда серпушт она қуёнлар сонини кўпайтириш амалда синалган тажриба. Аввало, танлаб олинган жой зах ва нам бўлмаслиги керак. Бу эса қуёндан олинадиган маҳсулотлар гўшт, тивит, мўйнанинг таннархи арзонга тушиши ва сифати яхшиланишига сабаб бўлади. Қуёнлардан олинадиган маҳсулотларнинг сифати ва салмоғи уларни сақлаш шароитига боғлиқдир. Қуёнларни катакларда сақлаш зарур. Чунки катакларда сақланган қуёнларда касаллик кам учрайди ва микроиқлим яхши бўлади. Ҳар бир катакнинг майдони 0,5-0,7 м2 дан кам бўлмаслиги керак. Катакнинг ўртасида охур бўлиши зарур. Сув идишлари ҳар бир қуёнга алоҳида бўлади. Айрим ҳолларда қуёнлар симтўрлар билан ўралган ҳолда ҳам боқилиши кузатилади. . Қуёнларга суяк уни, бўр ишлатилган оҳак, картошка, сабзи, лавлаги, нўхат дони, арпа дони ва қўшимча равишда овқатига макроэлементлар қўшиб берилади. Қуёнлар сули, арпани ҳам истеъмол қилади. Арпа қуёнларга намланган ёки ширали озуқаларга аралаштирилган ҳолда едирилади. Уй қуёнлари 5-12 йилгача яшайди. Гўштга сўйиладиган қуёнларнинг тирик вазни ўрта ҳисобда 3-4 кг бўлади. Албатта, қуёнчиликни бошлашдан олдин, шу соҳанинг мутахассислари ёки шу тармоқда яхши натижага эришиб келаётган тадбиркорлардан маслаҳат олган маъқул.

Хуллас, қуёнчиликни бошладингиз, уларни кўпайтиришда, яъни болалатишда нималарга эътибор қаратилади?  Эркак ва урғочи қуён бир катакда сақланади. Қуёнларнинг бўғозлик даври ўртача 30 кун давом этади. Бўғоз қуёнлар парваришига алоҳида эътибор бериш талаб этилади. Уларнинг рационини тинчлик давридагига нисбатан бошида 30 фоиз, охирида эса 70 фоиз кўпайтириш керак.

Янги туққан қуён кунига 4-5 марта озиқланади. Асосан кўк озуқалар, жумладан, кўк беда, маккажўхори, буғдой, қоқиўт, қўйпичак, полиз экинларининг барги, дарахт шохлари, олма, тол ва ток новдаларини хуш кўриб ейди. Қуёнчаларга 60-65 кунгача оналарини эмиздирилиб, сўнг ажратилади ва турли хил озиқлар билан боқилади. Қуён болалари биринчи ойда оналарига қандай озиқ берилган бўлса, худди шундай озиқ билан боқилади. Лекин дон, албатта, ёрма ҳолда берилиши керак. Қўшимча ҳолда сабзи, қаймоғи олинган сут, творог берилиши яхши натижа беради. Ёрма холидаги дон сабзавотларга аралаштириб берилса, янада яхши. Қуёнларга қиш ойларида суткасига бир марта, ёз ойларида икки марта, яъни эрталаб ва кечқурун сув берилиши зарур.

Қуён гўштидан саломатликда, парҳез таом сифатида кенг қўлланилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, қуён гўшти таркибида оқсил кўп, холестерин кам бўлганлиги туфайли болалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, шунингдек, ошқозони касалланган ва юрак-томир касаллигига чалинган кишилар учун жуда фойдалидир. Шуни унутмаслик керакки, бир килограмм қуён гўшти етиштириш шунча қўй ёки қорамол гўшти етиштиришга нисбатан кам харажатлилиги билан ажралиб туради.

Қамариддин АКБАРОВ,

Қарши қурилиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси

Достон АРСЛОНОВ,

Қарши банк коллежи ўқувчиси