ЙЎЛЛАР БЎЛГАНДА АБГОР, ОДАМЛАР ЧЕКАР ОЗОР

ЙЎЛЛАР БЎЛГАНДА АБГОР, ОДАМЛАР ЧЕКАР ОЗОР

Fevral 25, 2019 0 By admin
78

Текис ва равон йўллар юртимиз чиройидан, халқимизнинг фаровон  ҳаётидан, қишлоқ ва  маҳаллаларимиз кўркамлашиб   бораётганлигидан далолат  беради. Равон йўлда ҳаракатланадиган автомототранспорт воситаларининг техник ҳолатига  ҳам  путур етмайди. Агар  йўллар таъмирталаб, ўнқир-чўнқирликлардан иборат  бўлса,  бундай  абгор   йўллардан    юрган   барча  ҳаракат  иштирокчиси  азият   чекишини  яхши  биламиз. 

Хўш, бугун  ривожланиб,  тобора  тараққий  этган   давлатлар  қаторидан   жой  олишга  интилаётган  мамлакатимиздаги  йўлларнинг  аҳволи  қандай?  Йўлсозлик  идоралари  йўлларни  таъмирлаш  ишларини  қандай  амалга  оширишмоқда? Ушбу  саволларга  жавоб  топиш мақсадида  бирон   бир   идора эшигини  тақиллатиш  ёки  кимдандир  сўрашнинг  ҳожати йўқ. Юртимиздаги қишлоқ ва маҳаллаларни айлансангиз, туманларга сафар уюштирсангиз, аниқ ҳолатга ўзингиз гувоҳ бўласиз. Бугунги кунда фуқароларимиз фойдаланаётган  йўллар борки, уларда  ҳаракатланган киши йўллар ҳолатига жавобгар бўлган шахсларни «йўқламасдан», «сийламасдан» иложи йўқ.  Чунки баъзи ҳаракатланиш жиҳатидан катта аҳамиятга эга  бўлсада,  аммо қаттиқ қопламаси йўқолиб  бораётган йўллар борки, уни кўрган  одам ўзини худдики ўтган замонларда яшаётгандай ҳис қилади.

Ана  шундай  йўллардан  бири  Косон  туманини  Муборак  тумани билан  боғловчи  йўл  бўлиб, бу  йўл  Касби  туманидаги  бир  қатор  қишлоқлар  орқали  ўтади.  Бу йўл  учта  туманни  бир- бири билан боғлайди.  Ҳар  куни  минглаб  транспорт  воситалари,  қанчадан- қанча  пиёдалар бу йўлда ҳаракатланадилар.  Аммо  кейинги  пайтларда  таъмирлаш  ишлари ўз вақтида олиб борилмаётганлиги сабабли, йўлнинг айрим  жойларида асфальт қисми йўқолиб  бормоқда.  Айниқса, Касби  туманидаги  Оқжангал  қишлоғида  йўлнинг  абгор  ва  аянчли  ҳолатини  кузатиш  мумкин. Косон  туманидан  ҳаракатланган  киши  Қашқадарё  дарёсидан ўтиб, қишлоққа  кириши  билан  антиқа  манзарага  дуч  келади.  Йўлнинг  ҳолати  даладаги  шудгорни  эслатади.  Автомашиналарнинг  йўлдан  ҳаракатланишига имконият йўқлиги   боис,   пиёдалар  юрадиган  қисмидан  ўтадиган бўлиб  қолишган. Бу  эса  йўлга  яқин  жойлашган  хонадонлар  учун   бир  қатор  ноқулайликларни,  ёш  болалар  учун  хавфли  ҳолатларни  келтириб   чиқармоқда.

Қатағон қишлоғида  ҳам  худди  шундай манзара. Автомашинада  қишлоқ  бўйлаб юрсангиз, ўзингизни   аравада  юргандек ҳис қиласиз. Чунки  йўлнинг  бирор қисми ҳам текис эмас.  Ҳамма  жойи  ўйилиб  кетганлиги  боис  ҳайдовчилар  йўлнинг  пиёдалар  юрадиган  чекка  қисмини  ўзларига  йўл  қилиб  олишган.  Майманоқ  қишлоғидаги  Майманоқ саноат  касб-ҳунар  коллежи  рўпарасидаги  йўл  мана  бир  неча  йилдирки  етарлича  таъмирланмайди.  Йўлсозларнинг  шунчаки  хўжакўрсинга таъмирлаш   ишларини  олиб  борганликлари  туфайли  бу  ерда  ҳамиша  йўлнинг абгор  ҳолатига  гувоҳ  бўлинади. Қишлоқдан  ўтувчи йўлнинг текис  жойи  йўқ  ҳисоби. Одамлар  ҳар-ҳар замонда  чуқурчаларга  тупроқ  ташлаб  текислашади.   Ёмғир  ёғди  дегунча   йўл  ботқоққа  ўхшаб қолади. 

– Касбим  йўловчиларга  хизмат  кўрсатиш  бўлганлиги  боис, ҳар куни  беш-олти  марта  шу  йўлдан  қатнашимга  тўғри  келади, – дейди «Дамас» русумли автомашина ҳайдовчиси Муртозо Шодиев. – Йўлнинг айрим  жойларида  шундай  носозлик вужудга  келганки, 10 км/c  тезликда ҳаракатланиш ҳам қийин.  Йўллардаги бу  носозликларни  бартараф  қилиш мушкул.  Агар фуқаролар  автомашина харид  қилса  нотариал  ва  автомашиналарни  рўйхатга  олиш  идораларига  йўл  фонди   учун отнинг калласидек  пул  тўлашади.  Аммо  миллион-миллион  маблағ  сарфлаган  юртдошларимиз яна  абгор йўлдан  ҳаракатланишга  мажбур. Натижада  автомашиналар тезда таъмирталаб   ҳолга  келиб қолади. Шиналар  емирилиши  сезиларли  даражада  ортади.  Буни  мутасадди раҳбарлар ҳам буни яхши англаб етсаларда, амалий ишга  қўл   уришмаяпти.

Бундай  эътирозни барча ҳайдовчию йўловчилардан эшитиш мумкин. Ушбу  йўл  ҳақиқатан аянчли аҳволга келган.  Буни  барча яхши билади. Мутасаддилар  ҳам  ушбу  йўлдан  юришади.  Аммо  муаммони   бартараф  этиш  ҳақида  ҳеч  ким  бош  қотирмаяпти.

Наҳотки, йўлларда таъмирлаш ишларини олиб бориш учун яроқсиз  ҳолатга,  келишини кутиб турсак. Наҳотки, халқимизнинг яшаш  шароитини яхшилаш, юртимиз чиройига раҳна солаётган абгор  йўлларни соз ҳолатга келтириш  ваколатли шахсларни ўйлантирмаса?! Зиёдулла ХАЛИЛОВ