ҚОЗОНДА БОРИ ЧЎМИЧГА ЧИҚМОҚДА

ҚОЗОНДА БОРИ ЧЎМИЧГА ЧИҚМОҚДА

Fevral 15, 2019 0 By admin
102

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 июндаги «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига асосан, давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларни паспортлаштириш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш мўлжалланган.

Вилоят Молия бош бошқармаси, Марказий банк бош бошқармаси, Вилоят «ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри» давлат корхонаси ўртасидаги Қўшма буйруққа асосан, ўтказилган Паспортлаштириш тадбирларида биринчи кадастр ҳужжатларининг мавжудлиги, ижара шартномалари тузилганлиги, фаолият юритаётган ишчи-ходимлар ҳисоби юритилгани, тадбиркорлик субъектлари томонидан аниқланган савдо қоидаларини бузилиши ҳолатлари юзасидан ҳам тушунтиришлар берилди.

«Шифо нур кўз» рисоладагидек фаолият олиб боряптими?

«Шифо нур кўз» шифохонаси Қарши филиалида хизмат сифатининг яхшилиги мижозларнинг кўплигидан ҳам кўриниб турибди. Лекин, ўтказилган тадбир давомида шифохона ғазнасида кўрсатилган хизматлар учун тўланган 14 млн. сўмдан ортиқ нақд пул маблағлари назорат касса машинасига кирим қилинмагани аниқланди. Тадбир давомида нақд пул маблағларининг назорат касса машинасига кирим қилиниши таъминланди.

Овқатланиш шохобчасида нима гаплар?

Умумий овқатланиш шохобчасини икки ой аввал ташкил этиб, фаолият кўрсатиб келаётган Ёқуб Туйғуновнинг ҳеч қандай ҳужжатлари йўқ. Бу ерда 3 нафар ходим меҳнат қилади. Тадбир давомида фуқарога давлат рўйхатидан ўтган ҳолатда, ишчиларни тўлиқ буйруқлаштириб, фаолият кўрсатиши юзасидан тавсиялар берилди.

Тадбиркор қонунчиликдан бехабарми?

«Тезкор тараққиёт плюс» масъулияти чекланган жамиятида 3 нафар ходим фаолият кўрсатади. Лекин, унга туташ хонада компьютер ўйинларини ташкил этган шахснинг ҳеч қандай ҳужжатлари мавжуд эмаслиги аниқланди. Унга амалдаги қонунчилик тушунтирилди, тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиши таъминланди.

Дорихонада 777 минг сўм…

«Жонбулоқмедфарм» дорихонасида ўтказилган  тадбир давомида назорат касса машинасига 777 минг сўм кирим қилинганлиги аниқланди. Ҳар қалай бу рақамларга ишонса бўлади.

Корхонада  ноқонуний фаолият юритишга рози бўлманг!

«Фаолиятимизни бошланимизга бир ҳафта бўлди», дейди «Жонибек, Жалолбек, Асилбек Ёқубов» оилавий корхонаси иш бошқарувчиси Асрор Мустафаев. Бу ерда 3 нафар ходим расман ишлаяпти, деб кўрсатилган. Лекин, 17 нафар тикувчи фаолияти қонунийлаштирилмаган. Тадбиркорга ишчиларни буйруқлаштириш, бу борада яратилган енгилликлар хусусида маълумотлар берилди.

«Гўзаллик» салоними ёки «гўллик» салони?

Қарши шаҳридаги гўзаллик салонларидан бирида ўтказилган тадбирда сартарошлик хизмати ва келинлар кўйлагини ижрага бериш йўлга қўйилган экан. Афсуски, салондаги фаолиятга жавобгар шахс билан суҳбатлашишнинг иложи бўлмади. Залнинг ичини кўздан кечирарканмиз, ундаги ўриндиқлар сонидан қанча ходим ишлашини тасаввур қилиш қийин эмас.

Телефон орқали ўзини раҳбар сифатида таништирган шахс эса барча керакли ҳужжатлар мавжудлигини айтиб ўтди. Аммо унинг бу жавоби ҳеч нарсани ойдинлаштирмайди.

Камандилик шоввоз

шум мақсадига етдими?

Қарши шаҳридаги Каманди кўчасида жойлашган савдо дўкони ва автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси ҳеч қандай ҳужжат фаолият кўрсатади. Боз устига савдо дўконида алкоголь маҳсулотлар ҳам сотилади. Бунга нима дейсиз? Ўйлаб қоласан, бугун айрим юртдошларимиз ноқонуний фаолият ортидан топаётгани даромадини қандай қилиб ҳазм қилаяпти экан. Ахир, тадбиркорлик билан шуғулланиш – фақат ўз нафсининг ғамини ейиш, эмас, ҳалол фаолияти билан  юртга, элга мададкор бўлиш дегани эмасми?

Юртимизда тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилиб, улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётган бир вақтда ана шундай қонунбузилиш ҳолатларининг содир этилиши минг афсуски, ачинарли ҳолат.

Ф. ЖАББОРОВ,

ВДСБ ходими