15 МИНГ НАФАРДАН ОРТИҚ ФУҚАРОЛАР ФАОЛИЯТИ РАСМИЙЛАШТИРИЛДИ

15 МИНГ НАФАРДАН ОРТИҚ ФУҚАРОЛАР ФАОЛИЯТИ РАСМИЙЛАШТИРИЛДИ

Fevral 15, 2019 0 By admin
84

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фармонига асосан, 2019 йил 1 январдан бошлаб барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз этиб белгиланди.  Шундан 0,1 фоизини шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтириш мақсад қилинган. Бунда айрим тоифадаги фуқароларнинг энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдоридаги даромадларини солиқ солишдан озод қилишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади. Шунингдек, фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадаллари бекор қилинади.

Масалан, ўтган йилда умумтаълим мактаб ўқитувчисининг ойлиги шартли равишда ўртача 2 млн. сўм бўлганида, у шу ойлик маошидан қўлига 1 млн 583 минг сўм олган. Даромад солиғи ставкасининг 12 фоизга туширилиши натижасида унинг қўлига тегадиган иш ҳақи 1 млн.760 минг сўмни ташкил этади.

Айнан шу янгликнинг ўзи хўжалик юритувчи субъектларда норасмий фаолият кўрсатаётган ишчиларни қонуний тарзда ишга қабул қилиш имконини яратди.

-Қарши шаҳрида фаолият кўрсатаётган «Маржон престиж» хусусий корхонамизда 25 нафар ходим ишлайди, – дейди корхона бош ҳисобчиси Жавлон Итолмасов. – Солиқ юкининг камайиши натижасида барча ходимларимизни буйруқлаштирдик. Январь ойида соғломлаштириш марказини ташкил этдик. Натижада 10 нафар ходим қонуний, буйруқ асосида ишга қабул қилинди.

Қарши шаҳридаги «Насаф мебель» масъулияти чекланган жамияти 2010 йилда ташкил топган бўлиб, вилоятимиз бозорлари учун мебель маҳсулотлари етказиб беради. Бугун корхонада 47 нафар ишчи ходимлар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг фаолияти  буйруқлар асосида қонунийлаштирилган.

– Корхона томонидан юздан ортиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда ва вилоятимиз савдо дўконларига етказиб бермоқдамиз, – дейди Қарши шаҳридаги «Насаф мебель» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аброр Сайфиев.  – Ишчи ходимларнинг даромад солиғи ставкасининг пасайиши натижасида биз уларга қонуний ҳақ тўлаймиз. Яна бир жиҳати, буйруқ асосида ишлайдиган ходим шу ташкилотга меҳр қўяди.   Бу эса иш унумдорлигининг ортишига сабаб бўлади.

Умумий ҳисобларга қараганда, вилоятимизда ўтган олти ой давомида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 15 минг нафардан ортиқ фуқароларнинг фаолияти расмийлаштирилган.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкасининг пасайтирилиши корхона ва ташкилотларга ходимлар фаолиятини тўлиқ қонунийлаштиришга замин яратса, фуқаролар учун меҳнат стажи ҳисобланиши,  пенсияга чиқиш даврида вужудга келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олади.

Зариф КЕЛДИЁРОВ