ШИФОКОР ҚАСАМИГА СОДИҚ ҚОЛСА…

ШИФОКОР ҚАСАМИГА СОДИҚ ҚОЛСА…

Fevral 15, 2019 0 By admin
67

Қамаши тумани марказидаги бекатда икки отахоннинг суҳбатида кўтарилаётган муаммо ҳар қандай кишини ўйлантириши табиий. Отахонлар инсон ҳаёти ишониб топширилган айрим саломатлик посбонлари ҳақида куюниб гапирарди.

–    Каримбой, тобинг йўқ кўринади, нима дўхтирга кўринмадингми?

–    Кўриндим. Ёзиб берган дориларини ичдим. Фойдасини билмаяпман… Яна ҳолсизман… Ё, етиб келдикмикан..?

–    Ҳе, айниган чол, нафасингни ел учирсин. Бу нима деганинг, ҳали қариб, нечага кирдинг? Ўзи-чи, охирги пайтларда ўз касбининг нонини ҳалоллаб ея олмаётган дўхтирлар кўпайиб кетяпти. Ахир шуларни қўлидамасми, одамзоднинг ҳаёти?! Шундай экан, оқ халат кийдими, доғ туширишдан ҳам қўрқиши керак, инсон!

–    Тунов куни келиним бир хунук хабарни айтгандан бери этим жунжикиб, дўхтирга боришга қўрқиб қолдим. Унинг айтишича, қўшниларидан бири ҳали ўн гулидан бири гули очилмаган ёш келинчакка нотўғри ташхис қўйиб, фарзанд кўришдан мосуво қилгани етмагандай, ўлдириб ҳам қўйибди.  Диёнатсизлар, оқ халатга доғ туширибди.

–    Бояқиш бечора келинчак соғайиш учун дўхтирга борган, шириндан шакар ўғил-қизларни дунёга келтираман, улар улғайиб юртга, элга хизмат қилади, деб орзу қилмаганми?! Эҳ, ёлғон дунё! Шўрлик келинчак оиланинг, бутун жамиятнинг келажак умидларини ўзи билан олиб кетибди-я…

–    Ҳамма жой ўзгараяпти. Шу-у… дўхтирларнинг ўзгариши қийин бўляптими, дейман-да. Бечора қишлоқ одамларининг бир жойи оғриб, нетиб қолса, нима қилади. Пули бор узоқроққа малакали, ўз ҳунарини сидқидилдан адо этадиган шифокорлардан даво истаб кетяпти. Мундайроқ кишилар-чи, индамай ўлиб кетаверсинми?!

–    Тўғри, гапирдинг, жўра. Буларнинг кўпчилигида инсоф қолмади. Эгам алкашнинг ўғли борку, ҳай, отасининг бир ўтов ҳўкизининг пули билан ўқиб чиққан олифта, шуям – шифокор. Туманнинг энг катта касалхонасида ишлаяпти. Майли, ҳар кимнинг виждони ўзига ҳавола…

*  *  *

Шифокорнинг айбу хатоси билан бир инсон ҳаётдан кўз юмди. Тасаввур қиляпсизми, қанчалар хунук ва аянчли манзара. Нажот билан шифокорга мурожаат қилиб, бевақт дунёдан кўз юмган аёлнинг гуноҳи нима эди?!

Қамашилик Нигора Шарипова (мақоладаги исм-фамилиялар ўзгартирилган) эгнига оқ халат кийиб, шифохона остонасидан одимлаётганда юқоридаги фикрлар онгида чарх урмадимикан? Ёки минглаб инсонлар ҳаёти менинг қўлимда экан, деб керак бўлса, ҳузур-ҳаловатидан, оромидан кечиб, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш, уларнинг касаллигини аниқлаб, тўғри муолажа қилиб, дардига шифо беришни мақсад қилмадимикан?

Нигора Шарипова акушер-гинеколог сифатида хизмат вазифасини бажараётган вақтида шифохонага умумий ҳолсизлик, вақти-вақти билан қон кетиш ва қориннинг  пастки қисмида оғриқдан шикояти билан мурожаат қилган З. Хайруллаевани тиббий текширувдан ўтказиб, муолажа вақтида эҳтиётсизлик қилиб, ўз касбига бепарво муносабатда бўлиб, аёл бачадонига ҳаёт учун оғир тан жароҳатини етказади.

Бемор З. Хайруллаевага оғир тан жароҳатини етказган шифокор, ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатмасдан, ўйлаб-нетиб ўтирмай уйига жавоб бериб юборади. Оғир аҳволда уйига қайтган аёл ҳаётдан  кўз юмади.

Афсус,  Нигора Шарипова шифокор номига доғ тушириб, бир аёлнинг ўлимига сабабчи бўлди. Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судининг ҳукмига асосан Н. Шариповага нисбатан қонунда белгиланган тартибда жазо тайинланди.

Инсон саломатлиги – бебаҳо неъмат. Бу неъматни ҳар қанча асрамасин, киши ҳаёти давомида ҳар хил ҳолатлар сабаб бўлиб, соғлигида муаммо сезади. Аслида, тиббиёт соҳаси вакиллари таъбири билан айтганда, касалликни даволашдан унинг олдини олиш осон. Ҳар қандай касалликнинг вақтида олди олинса, ўз соҳасининг билимдони бўлган фидойи шифокорлар унинг саломатлигини тиклашда беғараз кўмак қўлини чўзишади. Саломатлик посбонлари дея эътироф этадиганимиз шифокорларнинг бу борада кўрсатаётган жонбозлиги алоҳида таҳсинга лойиқ. Бироқ, беш қўл баробар бўлмаганидек, шифокорлар орасида ҳам Нигора Шарипова сингари ўз касбига масъулият билан, қасамига садоқат билан ёндашмайдиганларининг борлиги кишини ўйлантиради.

Ҳамид БОБОҚУЛОВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси