МОЛИЯ ТИЗИМИ – ИҚТИСОДИЁТ АСОСИ

МОЛИЯ ТИЗИМИ – ИҚТИСОДИЁТ АСОСИ

Fevral 15, 2019 0 By admin
276

Молия тизими – иқтисодиёт пул секторининг  бир қисми бўлиб, фақатгина молия муносабатларини эмас, балки молияга тааллуқли  сиёсий, ташкилий муносабатларни ҳам қамраб олади. Ижтимоий ишлаб чиқаришнинг турли шароитларида молиянинг ривожланиши қонуниятини таҳлил қилиш  молиявий муносабатларнинг моҳиятида  умумий белгилар мавжудлигидан гувоҳлик беради.

Мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби молия тизимини  ислоҳ қилиш борасида  ҳам бир қатор янгиликлар амалга оширилаётир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган ҳамда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган устувор вазифалар, давлат молиясини ислоҳ қилишда янгича ёндашувларни қабул қилишни талаб этмоқда.

Жумладан, бюджет тизимини бошқаришнинг замонавий халқаро стандартлари ва методларини жорий қилиш орқали бюджет тизими барқарорлигини ошириш, бюджет маблағларини режалаштириш сифатини оширишга ва самарали ишлатилишига йўналтирилган чуқур ўйланган бюджет сиёсатини олиб бориш, бюджет тизимининг очиқ ва шаффофлигини ошириш ва маҳаллий давлат бошқарув органларининг бюджетни самарали бошқаришдаги ролини мустаҳкамлаш орқали бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш бугунги кунинг муҳим  вазифаси этиб белгиланган.

Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фукароларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори билан маҳаллий бюджет ижросининг янада шаффофлигини таъминлашнинг аниқ йўл харитаси белгилаб берилди.

Унга кўра, 2019 йилдан бошлаб бюджет маблағларини тақсимлашда фуқаролар иштирокининг туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш бўйича уларнинг таклифларига асосан амалга ошириш белгиланди.

Шуни айтиб ўтиш лозимки, жорий йилдан давлат бюджетининг шаклланишидан бошлаб, унинг ижроси ва ҳисоботигача бўлган жараён тўлиқлигича очиқлик ва шаффофлик асосида амалга оширилади.

Бюджетлараро муносабатларни янада такомиллаштириш мақсадида юқори бюджетдан қуйи бюджетга босқичма-босқич маҳаллий аҳамиятга молик харажатларни молиялаштириш ваколатини бериш, 2021 йилдан бошлаб эса маҳаллий бюджетга қолдириладиган солиқлар бўйича ажратмалар нормативларини бирхиллаштириш ва ўрнатилган нормативларни даромадларнинг база йилидаги ижроси натижасидан қатъий назар 3 йилга бириктириш (пасайтириш ҳуқуқисиз) кўзда тутилган.

Жорий йилда ҳам бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, ижтимоий нафақалар ва стипендиялар миқдорини ҳар ярим йилда ўтган даврдаги инфляция даражасидан паст бўлмаган миқдорларда ошириш белгиланган. Асосий эътибор шу пайтгача ойлик ўсиш суръатлари паст бўлган баъзи бир тоифадаги ижтимоий соҳа ходимларига, жумладан тиббиёт ходимлари, ягона тариф сеткасининг энг паст разрядлари бўйича меҳнатига ҳақ тўланадиган ходимларнинг, умумтаълим, олий таълим ва фан муассасалалари ходимлари иш ҳақларини оширишга қаратилиб, ушбу тадбирлар учун бюджет параметрларида етарли маблағлар назарда тутилган.

Бундан ташқари ижтимоий нафақалар миқдорлари мутлақ қийматда белгиланиб, улар учун ажратиладиган маблағлар ҳажми 20 фоизга кўпайтирилади.

Ҳа, мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот халқимиз манфаатини таъминлаш йўлидаги эзгу ишлар билан уйғунлаштирилганлиги қалбларни мунаввар этади. Ана шундай эзгу ва хайрли  ишларга бизнинг ҳам улушимиз борлигидан мамнунмиз.

А. ШУКУРОВ,

вилоят Молия бош бошқармаси бошлиғи