МАҲЗУНА ҚАНДАЙ ҚИЛИБ МАҲАЛЛАНИНГ МАЛИКАСИГА АЙЛАНДИ?

МАҲЗУНА ҚАНДАЙ ҚИЛИБ МАҲАЛЛАНИНГ МАЛИКАСИГА АЙЛАНДИ?

Fevral 8, 2019 0 By admin
136

Бу воқеа кўпчилик ёшларга ибрат. Яқинда бир киши ёшлар, аёллар тадбиркорлиги борасида қандай имтиёзлар бор, деб сўради. Унинг қизи тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи экан. Биз унга бу борада қонунчиликдаги янгиликлар ва имтиёзлар ҳақида тушунча бердик. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, оиласига, элга, юртга фойдаси тегаётган опа-сингилларимиз меҳнати йил сайин қадр топаяпти. Баъзи аёллар иш йўқ, деб нолийди, рўзғорда жанжал чиқаради. Фарзандлар тарбияси аро йўлда қолиб кетмоқда. Энг ёмон томони, рўзғорнинг «ғори»ни эркак тўлдирсин, биз эмас, деб турмуш ўртоғини чет элга ишлашга жўнатиб, уларнинг саломатлигини ўйламай, шароити яхши бўлмаган жойларда ишлашга мажбур этаётган уй бекаларининг борлиги ҳам кишини ўйлантиради.

Бир аёл ёш гўдагини эрига ишониб қолдириб хорижга ишлагани кетади. Соғлиги жойида бўлмаган эри ўзининг пуштикамаридан бўлган жажжигина 4 ёшли қизалоқни дўппослаб, онасини ҳақоратлаб, бу аянчли «саҳна»ни қўл телефонига ёзиб олиб, уни хотинига жўнатади… Воқеа юртдошларимиз орасида шов-шов бўлганди. Аслида, шу аёлнинг маҳалласида, шаҳар ёки туманида иш топилмасмиди? Шу каби орамизда учрайдиган муаммолар ҳақида суҳбатлашарканмиз, ўша киши ёш қизларимиз учун ибратли воқеани гапириб берди.

*  *  *

Чекка туман қишлоқларидан бирида яшовчи Маҳзуна болалигидан тикувчиликка қизиқди. Афсуски, уни на мактабда, на маҳаллада қўллаб-қувватлайдиган бирор киши топилмади. Лекин интилувчан қиз бундан ўкинмади. Дилида мактабни тамомлагач, маҳалла қизлари учун тикувчилик цехи очиш ниятини тугиб қўйди. Кўп вақтини ўқиш, ўрганишга, ўз устида ишлашга бағишлади.

Инсон нимагаки астойдил ҳаракат қилса, муродига етмай қолмайди. Олдида учраган ҳар қандай тўсиқларни матонат билан енгиб ўтади. Аслида тўсиқлар ҳам инсон иродасини синайдиган бир синов. Маҳзуна мактабни битиргач, тенгдошлари қаторида ширин орзулар сари қадам ташлади. Бир куни у маҳалла гузарида майда-чуйда нарсалар сотиб ўтирадиган чайқовчи аёлга ниятини айтиб қўйди. Соддагина қизнинг келажак орзуларига ҳасадгўйларча раҳна солмоқчи бўлган чайқовчи хотин қизалоқни бу ниятидан қайтариш учун тиш-тирноғи билан киришди. Аммо…

Аламзада аёл қизгинанинг онасини алдаб, авраб, бу йўлдан қайтармоқчи бўлди.

–   Хосиятхон, қизингизни бу ниятидан қайтаринг, у тадбиркор бўламан, деяпти. Ҳали қишлоғимиздан бирорта қиз ишлаб, ташқарига чиқмаган. Пул топар  қиздан ҳамма шубҳа қилади-я, овсин. Совчилар эшингиздан етти кўча наридан айланиб ўтиб кетади. Аёлнинг бахти – оила билан ўлчанади. Турмушга беринг, тадбиркор бўлишига йўл қўйманг. Унга қўшилиб менинг қизим ҳам тадбиркор бўлмоқчи. Қизимни уриб, роса койидим. Охири уни бу ниятидан қайтардим. Уни холам келин қилмоқчийди. Кеча телпон қилиб, Зубайдага совчилар келяпти, келин қилсангизлар келинг, кейин армонда қолиб кетманглар, дедим. Қоқиндиқ, бугун совчилар келувди, розилик бердим-да, қўйдим. Қизимнинг сочларини юлиб қаршилик кўрсатишига ҳам қарамадим… Ўйланг, қизингиз ишлайман, тадбиркор бўламан деб, йигитлар ичида меҳнат қилиб, ҳам оилани, ҳам маҳалланинг обрўсини бир пул қилмасин…

Маҳзунанинг онаси зиёли оилада камол топган. Қизининг ниятини амалга ошириши учун қўшниларнинг қуруқ гап-сўзларидан қўрқмади. Аксинча, қизининг кредит олиб, тадбиркорлик қилишига қарши бўлган отасини кўндириб, унга оқ йўл тилашини уқтирди.

Маҳзуна ўзи яшаб турган маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилди. Маҳалла  раиси Маҳзунанинг мақсадини эшитиб қувониб кетди. Фаолларни жамлаб, уни қўллаб-қувватлаш учун йиғилиш ўтказди. Маҳзуна кредит олгач, жой борасида қийналиб қолди. Маҳалла уни бу сафар ҳам қўллаб-қувватлади, кўп йиллардан буён фойдаланилмай ётган эски бинони унга топширди. Ўн нафар аёллар иш билан таъминланди. Корхонага номни ҳам маҳалла раиси танлаб берди. Тенгдошларига ўрнак бўлсин, деб қалдирғоч корхонага «Маҳалланинг маликаси» деб ном қўйишди.

Тез орада тадбиркор қизнинг шуҳрати ҳар томон кенг ёйилди. Маҳзуна бу билан кифояланиб қолмади. Цех ёнида гўзаллик салонини ҳам очди. Яна беш нафар дугонасини иш билан таъминлади.

Тадбиркор бўлишни орзу қилган унинг дугонаси Зубайда-чи, унинг ҳаёти нима бўлди. Ҳеч қаерда ишламайдиган холасининг ўғли билан оила қурган қиз онаси  тахмин қилган бахтни тополмади. Пул топиб келаман, деб чет элга ишлагани кетган турмуш ўртоғи оғир тан жароҳати олиб, ортга қайтди. Бечорагина Зубайда бир умр ногирон эрни парваришлаб ўтади. Бундан хабар топган Маҳзуна Зубайдани ўзининг корхонасига ишга жойлаштирди.

Алишер АҲМЕДОВ,

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини  мувофиқлаштириш бўйича Қашқадарё вилояти кенгаши ёшлар ишлари бўйича мутахассис,

Миржалол ЭШБОБОЕВ,

кенгаш мутахассиси