ИШБИЛАРМОН ТАДБИРКОРНИНГ ЮТУFИ

ИШБИЛАРМОН ТАДБИРКОРНИНГ ЮТУFИ

Fevral 8, 2019 0 By admin
63

Бугунги кунда аҳолининг сифатли маҳсулотларга бўлган талаби янада ортмоқда. Буни яхши англаган тадбиркорлар нафақат ички бозорни, балки, ташқи бозорни ҳам сифатли маҳсулотлар билан бойитиб келаётир. Ташаббускор, ишбилармон тадбиркорлар орасида соҳанинг ёш вакиллари самарали фаолият олиб бораётгани қувонарли ҳол. Қаршилик Коинот Назаров тенгдошларига ибрат кўрсатиб келаётган ана шундай ёшлардан. 

Коинот ёш бўлишига қарамай, катта ишга қўл урди. 2014 йилда ўсимлик ёғи ишлаб чиқаришга асосланган «Asian golden oil» масъулияти чекланган жамияти фаолиятини йўлга қўйди.

Бу ҳақда ёш тадбиркор шундай ҳикоя қилади:

–   Бир куни Қарши шаҳридаги бозорлардан бирини айланиб юрсам, ўсимлик ёғи сотиладиган раста олдида турган икки кишининг сохта маҳсулотлардан одамларнинг заҳарланаётгани ҳақидаги суҳбати эътиборимни тортди. Ёши элликлар атрофида бўлган киши сотувчи йигитга куюниб сўзлай бошлади: «Ука, маҳалламизда бир киши шу ердан пахта ёғи олиб кетган экан, нимадир аралаштирилган эканми, хонадон аҳли саломатлиги ёмонлашибди. Маҳалла дўхтири текшириб кўриб, бу қўлбола ёғ тайёрлаш мосламасидан чиққан ёғ, деганмиш, айт-чи, сен сотаётган мана шу ёғлар тозами, жувозники эмасми, олсак бўладими?» Шу пайт чаққонгина сотувчи йигит қўлбола раста устига терилган 1, 1,5, 2 литр ҳажмдаги идишларга жойланган пахта ёғини латтага артиб, бирини қўйиб, бирини мақтай кетди. Буям майли, унинг ёнидаги шоввоз сотувчи аёл ҳам ўзининг маҳсулотини мақтаб, ҳалиги кишини гапга тутди.

Харидорлар билан гавжум «ёғ бозори»дан узоқлашарканман, ўйлаб қолдим. Харидор ҳақиқатни гапирди. Бугун бой бўламан, катта даромад топаман, деб айрим «тадбиркор»лар ноқонуний фаолият юритаётгани, бу билан эса, аҳоли саломатлигига жиддий зарар етказаётганини билишмайди. Шу воқеадан кейин корхона фаолиятига асос солинди.

Тадбиркорнинг сўзида жон бор. Бойлик орттириш, даромад олиш ҳақида гапирилганда, ақлли, ишбилармон кишилар, албатта, инсон саломатлигини ўйлашлари зарур. Негаки, саломатлик ҳамма нарсадан қиммат. Корхона фаолиятига назар ташларканмиз, ишбилармон тадбиркор Коинот Назаровнинг бунга нечоғлик эътибор берганига амин бўламиз.

Айни пайтда корхонада иш қизғин. Корхона Хитой давлатида ишлаб чиқарилган энг сўнгги русумдаги технологик ускуналар билан жиҳозланган. Ушбу технологиялар ёрдамида кунгабоқарни преслаш агрегати 1 суткада  50 тонна, экстракция цехи 30 тонна, рафинация ва дезодорация цехи 20 тонна, вентаризация цехи 15 тонна маҳсулотни қайта ишлайди. Қадоқлаш, қуйиш цехида 1 соатда 500-900 дона 0,5 литр, 0,9 литр, 1 литр, 2 литр, 3 литр, 4,75 литр ва 5 литрлик пети идишларига юқори сифатли кунгабоқар мойи қуйилади. Корхонада бир вақтнинг ўзида 7000 тонна кунгабоқар дони хомашёсини сақлайдиган  омборхоналар, 2000 тонна кунгабоқар шротини сақлаш омборхонаси, 5000 тонна кунгабоқар ёғини сақлаш имконига эга омборхоналар мавжуд бўлиб, темир йўл линияси, автотранспорт йўллари ва автотураргоҳлар мавжуд.

Корхонада ишлаб чиқарилаётган кунгабоқар ёғидан озиқ-овқат саноати, маргарин, консерваланган маҳсулотлар ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкин. Кунгабоқар дони таркибида инсон организми учун яхши ҳазм бўладиган 55-56 фоиз ёғ ва 16 фоиз оқсил мавжуд. Кунгабоқар ёғи лецитин моддасининг энг яхши манбаи. Ушбу модда болаларда асаб тизимининг шаклланишига ёрдам беради. Катта ёшдагилар учун эса ақлий фаолликни сақлайди. Шунингдек, лецитин анемия ва стрессларда кучларни тиклашда ёрдам беради.

Л. ЭЛМАТОВ